O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Senat qo'mitalarining seminarlari       

ИҚТИСОДИЙ ЮКСАЛИШНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Андижон вилоятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш кафолатлари тизимини яратишга бағишланган семинар ташкил қилинди.

Дарҳақиқат, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни  янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида алоҳида қайд этиб ўтилганидек, холисона таҳлил, ислоҳотларимизнинг мантиғи ва изчиллиги, уларнинг  энг замонавий бозор нормаларига мувофиқлигини баҳолаш, иқтисодиётни бошқариш тизимини янада чуқурлаштириш, такомиллаштириш ва либераллаштириш бўйича  жиддий эҳтиёж мавжудлигини кўрсатмоқда. Чунончи, Юртбошимиз алоҳида урғу бериб айтганидек, биринчи навбатда, хусусий мулкнинг ҳуқуқ ва ҳимоясини мустаҳкамлашимиз, ҳар қайси хусусий мулкдор қонуний йўл билан қўлга киритган ёки яратган ўз мулкининг  дахлсизлигига асло шубҳа қилмаслигини таъминлайдиган  ишончли кафолатлар тизимини яратишимиз зарур. Ҳар бир  тадбиркор, аввало, шуни аниқ-равшан билиб олиши керакки, давлат хусусий мулкдор ҳуқуқларининг ҳимоячисидир. Шунинг учун ҳам тадбиркорлар ўз бизнесига бехавотир инвестиция киритиши, ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтириши, маҳсулот ҳажми ва олаётган даромадини кўпайтириши, ўз мулкига ўзи эгалик қилиши, фойдаланиши, тасарруф этиши лозим.
Семинарда Андижон вилоятида иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш, тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, назорат қилувчи органлар асоссиз аралашишларига барҳам бериш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилгани айтиб ўтилди. Хусусан, 2011 йилда вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулотида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 54,7 фоиздан 56,8 фоизгача кўпайди. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишлар сони кескин камайди. 
Шу билан бирга, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга доир қонун ҳужжатларига риоя этишни кучайтириш зарурати бор. Тадбиркорлик субъектларига кредит ресурслари ажратиш тизимини янада соддалаштириш, банк хизматларини кўрсатишда қонун ҳужжатлари ижросини сўзсиз таъминлаш лозим. 
Семинарда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатлашга қаратилган бир қатор аниқ таклиф ва тавсиялар берилди. Чунончи, бошқарув тизимини қонун ҳужжатлари билан таъминлаш ва ортиқча бюрократик  тўсиқларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўриш зарурлиги таъкидланди. Бунда, айниқса, Концепцияда қайд этилган “Тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-қоидалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини,  янги таҳрирдаги “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш муҳим аҳамият касб этиши айтиб ўтилди.
Тадбирда сенаторлар, Андижон вилояти халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, маҳаллий ижро этувчи  ҳокимият ҳамда бошқарув органлари раҳбарлари, манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг вакиллари қатнашдилар.

Одилжон ШОДМОНАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Халқ сўзи газетаси, 23.02.2012

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati