O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Oliy Majlis Senatining Budjet va iqtisodiy islohotlar qo'mitasining majlisi bo'lib o'tdi

МАМЛАКАТИМИЗНИНГ БОШ МОЛИЯВИЙ ҲУЖЖАТИ
аҳоли фаровонлиги ва юрт тараққиётини юксалтиришга қаратилган

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда 2013 йилнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари, солиқ ва бюджет сиёсатининг йўналишлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги Давлат бюджети параметрлари кўриб чиқилди. Мажлисда сенаторлар, Вазирлар Маҳкамаси, тегишли вазирлик ва идоралар, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари қатнашди.

Мамлакатимизнинг бош молиявий ҳужжати макроиқтисодий барқарорликни ҳамда ялпи ички маҳсулотнинг юқори суръатлар билан ўсишини таъминлашга, диверсификацияланган ва рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш, аҳоли фаровонлигини ҳамда турмуш даражасини янада юксалтиришга қаратилган. Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги Давлат бюджети Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ҳамда Президент Ислом Каримов томонидан Ҳукуматимизнинг 2012 йил 19 январдаги мажлисида белгилаб берилган мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг устувор йўналишларини рўёбга чиқаришни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган.
Хусусан, солиқ сиёсати, аввалги йиллардагидек, 2013 йилда ҳам хўжалик юритувчи субъектлар зиммасига ва аҳоли даромадларига тушадиган солиқ юкини янада камайтириш, иқтисодиётни янада модернизациялаш учун қулай шарт-шароит яратиш, солиқ солиш тизимини соддалаштириш, солиқ маъмурчилиги чораларини кучайтириш ҳамда солиқ солиш объектларини камайтириб кўрсатиш ва яшириш ҳолларига барҳам беришга қаратилади.
Аҳолининг реал даромадларини ошириш мақсадида келгуси йилда жисмоний шахслар даромадига солинадиган солиқнинг энг кам ставкаси бир фоиз миқдорида камайтирилади. Бу эса солиқ тўловчилар учун солиқ ундириш қисқаришини таъминлайди. Натижада жисмоний шахсларнинг ихтиёрида қўшимча қарийб 186 миллиард сўм маблағ қолади.
Муҳокамада мамлакатнинг бош молиявий ҳужжатида ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга сарфланадиган харажатларни ошириб бориш тамойилини сақлаб қолиш, таълим, соғлиқни сақлаш, фан, маданият ва спорт соҳасини молиялаш, жумладан, олий ўқув юртлари ўқув-лаборатория биноларини, спорт залларини, талабаларнинг яшаш жойларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва ускуналашга ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг сув хўжалиги объектларини сақлаб туришга молиявий маблағларни кўпайтириш назарда тутилаётгани алоҳида эътироф этилди. Айни вақтда марказлаштирилган инвестициялар ҳисобидан ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилма объектлари қурилишига, жумладан, автомобиль йўллари, қишлоқ жойларда янги ташкил этилаётган уй-жой массивларини сув билан таъминлаш объектлари ва бошқа ижтимоий объектлар қурилишига зарур маблағлар йўналтирилади.
Шунингдек, 2013 йилги Давлат бюджетида иш ҳақи, стипендиялар, ижтимоий нафақалар ва пенсияларни инфляция суръатларидан юқори миқдорларда ошириб бориш йўли билан аҳоли даромадлари ҳамда турмуш даражаси оғишмай ўсиб боришини таъминлаш, бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, аҳолига кўрсатилаётган ижтимоий ёрдамнинг манзиллилигини кучайтириш, бюджетлараро муносабатлар тизимини янада ислоҳ қилиб, маҳаллий ҳокимият органлари мустақиллигини ҳамда даромадлар базасини кенгайтиришдан ва ресурслардан самарали фойдаланишдан манфаатдорлигини кучайтириш назарда тутилмоқда.
Сенаторлар солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги Давлат бюджети параметрлари мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига, жамият ҳаётининг ҳамма соҳаларида ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, халқ фаровонлигини изчил ошириб боришдан иборат стратегик дастурга бутунлай мослигини алоҳида таъкидладилар.
Тадбир якунида Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги Давлат бюджетини маъқуллаш ва уни Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлиси муҳокамасига киритиш бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати.

Для содержимого этой страницы требуется более новая версия Adobe Flash Player.

Получить проигрыватель Adobe Flash Player

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati