O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Парламент ҳаёти - ФАРОВОНЛИК МАНБАИ

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология ҳамда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмиталари томонидан қишлоқ хўжалигининг энг муҳим тармоқлари — балиқчиликни ва асаларичиликни ривожлантиришга бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Семинарда сенаторлар, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликлари, бошқа манфаатдор вазирлик ҳамда идораларнинг, фермер хўжаликларининг раҳбарлари, Тошкент вилояти халқ депутатлари туман Кенгашлари доимий комиссиялари раислари, олимлар, олий ўқув юртлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар.
Тадбирда қайд этиб ўтилганидек, мустақиллик йилларида қишлоқ хўжалигида кенг кўламли ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилди. Аграр секторнинг тегишли қонунчилик базаси яратилди, у изчил такомиллаштириб борилмоқда. Фермер хўжаликлари фаолияти янада ривожлантирилиб, соҳанинг балиқчилик ҳамда асаларичилик каби тармоқларига катта эътибор қаратилмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, мамлакатимизда 1400 га яқин балиқчилик фермер хўжаликлари ҳамда асаларичилик билан шуғулланувчи 7 минг 600 га яқин хўжалик юритувчи субъект иш олиб бормоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, қишлоқ хўжалигининг мазкур тармоқларини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тегишли дастурлар қабул қилинган. Натижада аҳолини балиқ ва асал маҳсулотлари билан таъминлаш имкониятлари тобора кенгайди. Чунончи, жорий йилнинг ўтган 9 ойида мамлакатимиз сунъий ва табиий сув ҳавзаларида 15 минг тоннадан кўпроқ балиқ маҳсулоти етиштирилган бўлиб, бу 2011 йилнинг шу давридагига нисбатан 203,3 фоизни ташкил қилади. Ҳозирги кунда балиқ маҳсулоти вилоят, туман ва шаҳар марказларида замонавий шарт-шароитларда сотилмоқда. Шу билан бир қаторда, 2 минг 800 гектардан ортиқ сунъий сув ҳавзаларида балиқчилик фермер хўжаликлари томонидан 2013 йилда товар балиқ сотиш учун тегишли ишлар олиб борилаётир. Балиқчи фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни замонавий технология ускуналари ва минерал ўғитлар билан таъминлаш учун ҳудудий тижорат банклари томонидан 2012 йилнинг 9 ойида 8 млрд. сўмдан кўпроқ миқдорда кредитлар ажратилди, “Ўзкимёсаноат” акциядорлик компанияси томонидан 7 минг тоннага яқин минерал ўғит ҳамда “Ўздонмаҳсулот” томонидан 14 минг 600 тонна омихта ем етказиб берилди. Ўзбекистон балиқчиликни ривожлантириш илмий тадқиқот маркази томонидан қимматбаҳо балиқ зотларини мамлакатимиз сув ҳавзаларида етиштириш учун иқлимга мослаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Шу ўринда асаларичилик билан шуғулланаётган хўжалик юритувчи субъектлар сони изчил ўсиб бораётганини таъкидлаш жоиз. Натижада асал етиштириш ҳажми кўпаймоқда. Биргина мисол. 2012 йил 9 ойида 4 минг тоннага яқин, яъни 2009 йилнинг тегишли давридагига нисбатан 167,5 фоиз кўп миқдорда асал етиштирилди.
Эътиборли жиҳати, асаларичиликни ривожлантириш ва бу юмуш билан шуғулланувчи субъектларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунончи, 2009 — 2012 йиллар мобайнида мамлакатда 78 та ихтисослаштирилган дўкон, замонавий технологиялар асосида ишлайдиган 44 та цех ва асаларичилик маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда қадоқлаш бўйича 16 та цех ташкил этилди. Жорий йилда асаларичиликка ихтисослаштирилган хўжалик юритувчи субъектлар эҳтиёжлари учун озуқа экинлари ўстириш мақсадида тегишли ер майдони ажратиб берилди. Ҳудудий тижорат банклари томонидан 1 млрд. 576 миллион сўм миқдорида кредитлар берилди. Биргина 2012 йилнинг ўзида асаларичилик билан шуғулланадиган 264 та хусусий, ёрдамчи ва деҳқон хўжалиги, 268 та фермер ва деҳқон хўжалиги, 47 та субъект янгидан ташкил этилди. Асаларилар касалликларининг олдини олиш ва уларга қарши курашиш мақсадида зооветеринария пунктлари билан асаларичилик хўжаликлари ўртасида хизматлар кўрсатиш бўйича 2591 шартнома тузилди.
Семинарда бу борадаги иш тажрибаси ўртоқлашилди, шу билан бирга, мавжуд муаммолар атрофлича таҳлил этилди, балиқчилик ва асаларичилик соҳаларини янада ривожлантириш бўйича таклиф ҳамда тавсиялар берилди. Хусусан, ҳозирги кунда балиқчилик ва асаларичилик билан шуғулланаётган фермер хўжаликлари ҳамда бошқа хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, балиқ ва асаларичилик маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва қадоқлашнинг янги интенсив технологияларини жорий этиш, шунингдек, маҳаллий асаларилар генофондини сақлашдан, балиқчилик ва асаларичилик билан шуғулланадиган кадрларни тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлашни ташкил этиш ишларига эътиборни кучайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати.

video:

Для содержимого этой страницы требуется более новая версия Adobe Flash Player.

Получить проигрыватель Adobe Flash Player

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati