O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

СЕНАТДА ГЕНДЕР ТЕНГЛИГИ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида 2012 йил 21 декабрь куни Сенатнинг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан БМТнинг Ўзбекистондаги Тараққиёт Дастурининг «Парламентни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш» лойиҳаси билан биргаликда ташкил этилган «Гендер ривожланиш масалалари» мавзуида семинар-тренинг бўлиб ўтди.                
Ушбу семинар-тренинг 1979 йил 18 декабрда қабул қилинган, республикамиз томонидан 1995 йил 6 майда ратификация қилинган «Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида»ги БМТ Конвенциясини ижро этиш, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий маданиятини ошириш, уларнинг давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги, сайлов ва бошқарув органларидаги иштироки, шунингдек жамиятимиз ҳаётининг турли соҳаларида жинсларнинг тенг ҳуқуқлилиги масалаларига бағишланди.
Семинар-тренингда таъкидланганидек, Ўзбекистон аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини кучайтиришга ва уларнинг жамиятнинг барқарор ривожланишидаги ролини оширишга, оналар саломатлигини яхшилаш ва болалар ўлимини камайтиришга қаратилган чора-тадбирларни изчиллик билан амалга ошириб келмоқда.
Семинар иштирокчиларининг чиқишларида мустақиллик қўлга киритилган дастлабки йилларданоқ давлат томонидан ҳаётий фаолиятнинг турли соҳаларида аёлларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтиришга, шунингдек хотин-қизлар ва эркакларнинг тенглигини рағбатлантиришга жиддий эътибор қаратилаётганлиги қайд этиб ўтилди. Саноатда, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларида, савдо ва хизматлар кўрсатиш ва бошқа соҳаларда аёллар бандлиги сезиларли даражада ортиб бораётганлиги алоҳида таъкидланди. Айниқса, қишлоқ жойларда аёллар тадбиркорлиги қўллаб-қувватланмоқда, хотин-қизлар, хусусан анъанавий ҳунармандлик соҳаларидаги касаначилик меҳнатига, оилавий бизнесга жалб этилмоқда. Шу билан бирга аёлларни давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига жалб этиш масаласида ижобий динамика кузатилмоқда, давлатимиз Раҳбарининг ҳокимият вакиллик (қонунчилик) органларига сайловларда номзод кўрсатишда аёллар учун 30 фоиз ўринни квоталаш тизимини жорий этиш тўғрисидаги ташаббуси бунга ёрдам берди.
Учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг йигирма йиллигига бағишланган тантанали мажлисдаги маърузасидан келиб чиқиб, иштирокчиларнинг алоҳида эътибори хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётида тўлақонли иштирок этишини таъминлаш борасида тизимли ва изчил иш олиб бориш, тегишли қонунлар ва норматив ҳужжатлар ижро этилиши устидан тизимли мониторингни амалга ошириш, репродуктив саломатликни сақлаш соҳасида аҳолининг билим даражасини оширишда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш, тиббий маданиятни яхшилаш, шунингдек жамият фаолиятининг барча соҳаларида ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилишининг боришини ёритиш зарурлигига қаратилди.        
Семинар-тренинг ишида сенаторлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, парламент иккала палатаси девонларининг ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмиталари раислари, етакчи экспертлар, тегишли вазирлик ва идораларнинг, фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ташкилотлар ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.
Семинар-тренинг ўқув-мунозара жараёнини ташкил этишнинг замонавий интерфаол усулларидан фойдаланган ҳолда ўтказилди ва иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Чоп этилган сана: 21.12.2012 19:30:11
Янгиланган сана:

Русский | English

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati