O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Қонун кучга кирди

Сенатор Маврутали Ражапов: СУД-ҲУҚУҚ ИСЛОҲОТЛАРИ
инсон манфаатларини муҳофаза этишда муҳим аҳамият касб этади

Қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мамлакатимизда истиқлол йилларида суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилган кенг кўламли ислоҳотларнинг туб моҳиятига сингдирилди. Чунончи, суд тизими ҳуқуқий асосларини шакллантириш ва изчил либераллаштириш, судлар мустақиллиги ҳамда масъулиятини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Қайд этиш жоизки, бугунги кунда ушбу соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар самараси ўлароқ, суд ҳокимияти инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қиладиган мустақил давлат институти сифатида ўзини тобора кенгроқ намоён этиб, одил судловни амалга оширишга қодир суд ҳокимияти сифатида тўлиқ шаклланди. 
Маълумки, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш жараёнининг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу боис Президентимиз томонидан тақдим этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида мазкур масалага алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу стратегик аҳамиятга эга бўлган ҳужжатда бугунги кундаги сиёсий, иқтисодий, давлат-ҳуқуқ муносабатларининг бутун тизимини модернизация қилиш, фуқаролик жамиятини шакллантириш,  инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя этиш бўйича олдимизда турган кенг кўламли вазифалар суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш мақсадида бир қатор қонунчилик ташаббуслари илгари сурилган эди. Шу нуқтаи назардан айтганда, Концепцияга мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда яқинда кучга кирган “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, шубҳасиз, бу борада рўёбга чиқарилаётган ислоҳотларда яна бир муҳим амалий қадам бўлди.
Мазкур Қонун билан бешта қонун ҳужжатига — “Прокуратура тўғрисида”ги, “Судлар тўғрисида”ги қонунлар, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал ҳамда Хўжалик процессуал кодексларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Мазкур Қонунга биноан, аввало, судга қадар иш юритиш босқичида прокурор, терговчи томонидан қўлланиладиган айбланувчини лавозимидан четлаштириш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини фақат судьянинг санкцияси асосида қўллаш тартиби ўрнатилди. Унга мувофиқ, бундай чорани қўллаш учун асослар мавжуд бўлганда, прокурор, тергов мазкур процессуал мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақида қарор чиқаради ва уни прокурор судга юборади. Мазкур илтимоснома жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди томонидан якка тартибда, ёпиқ суд мажлисида материаллар келиб тушган пайтдан эътиборан 48 соат ичида кўриб чиқилади. Бу, албатта, жиноят иши бўйича суд терговининг тезкор ва сифатли ўтказилишига, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини янада кенгроқ таъминлашга хизмат қилади.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, хорижий мамлакатлар, чунончи, АҚШ, Германия, Франция, Япония, Корея Республикаси, Россия тажрибаси шуни кўрсатадики, айбланувчини лавозимидан вақтинча четлаштириш тарзидаги ва шахсни экспертиза ўтказиш учун тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини жиноят процессида қўллаш фақат суд тартибида амалга оширилади.
Шу билан бирга, Қонунга мувофиқ, айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтиришнинг суд тартиби киритилди. Шахс тиббий муассасага кўпи билан бир ой муддатга жойлаштирилиши мумкин. Алоҳида ҳолларда шифокорлар хулосаси асосида бу муддат прокурор илтимосномаси бўйича суд томонидан бир ойгача узайтирилиши мумкин. 
Айни чоғда Қонун билан прокурор зиммасига судда жиноят иши кўрилаётганда, айблов хулосасини эълон қилиш мажбурияти юклатилди. Хорижий тажрибани таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, баъзи мамлакатларда (АҚШ, Германия, Япония, Хитой, Корея Республикаси, Россия) жиноят ишларини қўзғатиш суриштирув ва тергов учун масъул шахслар (прокурор, полиция) томонидан амалга оширилади, айблов хулосасини эълон қилиш эса прокурорга юклатилган. Мазкур мамлакатлар қонунлари, шунингдек, айблов хулосасининг (прокурор томонидан) ва ҳукмнинг (суд томонидан) қарор қисми эълон қилинишига йўл қўяди. Ушбу қоидаларнинг қўлланилиши суднинг ишни кўришни адолатли тарзда олиб бориш ва одил судловни тезкор амалга оширишдан иборат асосий вазифаси бажарилишини таъминлашга қаратилгандир. Буларнинг барчаси, шубҳасиз, суд ҳокимияти ваколатлари изчил кенгайиб бораётганидан далолатдир. Табиийки, бу суд тизими ходимларига ҳам катта масъулият юклаб, улардан мазкур ислоҳотлар билан ҳамоҳанг, давлатимиз раҳбари илгари сурган ташаббус ва ғояларни рўёбга чиқаришда фаол, фидойи бўлишни тақозо этади. Бунда суд тизими ходимларини нафақат ижтимоий муҳофаза қилиш, айни чоғда уларнинг касб малакасини ҳам муттасил ошириб бориш ҳаётий заруратдир. Шу маънода айтганда, Президентимизнинг жорий йил 2 августда қабул қилинган “Суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борада айни муддао бўлди. Зеро, мазкур ҳужжатда суд органларининг давлат бошқарувидаги роли ва ўрнини янада оширишни таъминлаш, мустақил суд иш юритуви учун ҳуқуқий ва ижтимоий кафолатни кучайтириш, суд органлари ходимларининг ижтимоий мавқеини ҳимоя қилиш каби масалалар қамраб олинган. 
Фармонда судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланган (сайланган) шахсларнинг тегишли равишда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судида мажбурий тайёргарлик ҳамда стажировка ўташлари назарда тутилганлиги юртимиз суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлашда айни муддао бўлиб, Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифаларни рўёбга чиқариш, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Хулоса ўрнида айтганда, мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимини босқичма-босқич демократлаштириш ва эркинлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлар, қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатлар соҳадаги ислоҳотларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришда, шубҳасиз, муносиб ҳуқуқий замин бўлиб хизмат қилади.

М. РАЖАБОВ,
Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati