O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Oliy Majlis Senati 8-yalpi majlisi

       

J A R A Y O N: ТАДБИРКОРЛАР ҲУҚУҚЛАРИНИНГ ҚОНУНИЙ КАФОЛАТИ

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида бозор муносабатларига асосланган иқтисодиёт барпо этиш, мулкчиликнинг турли шаклларини кенгайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган кенг миқёсли ислоҳотлар амалга оширилиб, зарур ҳуқуқий асослар яратилди.

Айни чоғда давлат, шу жумладан, назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашувини чеклашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ҳозирги кунгача тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жараёнида турли бюрократик тўсиқларни қисқартиш учун бир қатор чора-тадбирлар бажарилди, бу борада мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги кучайтирилди.
Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилиши кутилаётган “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг фаолияти учун кўпроқ эркинликлар бериш, тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш механизмларини соддалаштиришга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.
Маълумки, Юртбошимиз томонидан парламент палаталарининг 2010 йил 12 ноябрдаги қўшма мажлисида тақдим этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси тадбиркорлик ривожланишида навбатдаги босқични бошлаб берди. Зеро, Концепцияда мавжуд қонунларимизнинг аксариятини уларни қўллаш амалиёти ва мамлакатимизда бозор муносабатлари ривожланишининг ҳозирги даврдаги янги реал ҳолатидан келиб чиқиб, жиддий қайта кўриб чиқиш зарурлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 12 майдаги “Тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан 2011 йил 1 июндан ходимларининг йиллик ўртача сони 50 кишидан 100 кишигача кўпайтириладиган кичик корхоналарнинг фаолият турлари рўйхати тасдиқланган. Ушбу ўзгаришлар туфайли сенаторлар муҳокама қилиши кутилаётган Қонунда кичик тадбиркорлик субъектларининг мезонлари қайта кўриб чиқилмоқда.
Қонунда ўз аксини топган давлат харидлари бўйича танловларни ўтказишда кичик тадбиркорлик субъектларига афзаллик берилиши тўғрисидаги норма юртимизда кичик бизнесни янада ривожлантиришга кўмаклашади.
Шу ўринда Қонуннинг яна бир муҳим жиҳатини таъкидлаб ўтиш жоиз. Унга кўра, тадбиркорлик фаолияти субъектларининг давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари, шунингдек, банклар билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилади. Яъни қонун ҳужжатларидаги тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик фаолияти субъектининг фойдасига талқин қилинади.
Қонунда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартибини жорий этиш тўғрисида”ги, “Бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва тадбиркорлик фаолияти эркинлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари талабларидан келиб чиқиб, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартиби ҳамда “бир дарча” тамойилини жорий этиш кўзда тутилмоқда.
Қонунда, шу билан бир қаторда, тадбиркорлик субъектларининг қонунчиликда тақиқланмаган барча фаолият турлари билан шуғулланиш, ўз товарлари (ишлари, хизматлари) ва даромадларини (фойдасини), пул маблағларини эркин тасарруф этиш, кредит ресурсларидан фойдаланиш, уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва бошқа шу каби асосий кафолатлар мустаҳкамлаб қўйилган.
Хулоса ўрнида айтганда, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни тадбиркорлик фаолиятини либераллаштиришга, бир қатор имтиёзларни тақдим этишга, бизнес ишларига маъмурий ва бюрократик аралашувларни чеклашга йўналтирилган бўлиб, мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорликни ва иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини таъминлашга хизмат қилади.

Алишер БУРХАНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзоси.

"Xalq so'zi" gazetasi, 20.03.2012

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati