O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

ЮКСАК МАЛАКАЛИ КАДРЛАР
мамлакатни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади

Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда олий ва ўрта махсус таълим соҳасида юқори малакали кадрларни тайёрлаш масалаларига бағишланган анжуман бўлиб ўтди.
Тадбирда сенаторлар, вазирлик ва идоралар, таълим муассасалари раҳбарлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Таъкидланганидек, мустақиллик йилларида мамлакатимизда таълим соҳасини ислоҳ қилиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилди. Ўзбекистонда қабул қилинган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларнинг биз танлаб олган, юртимизда янги жамият қурилишини босқичма-босқич ва изчил амалга ошириш принципига асосланган “ўзбек модели”нинг ажралмас таркибий қисмига айланди. Қабул қилинган дастурга мувофиқ, мамлакатимизда 9+3 схемаси бўйича 12 йиллик умумий бепул мажбурий таълим тизими жорий этилди. Ҳар кимга ўз хоҳишига кўра бакалавр ва магистр унвонини олиши учун олий ўқув юртларида таълимни давом эттириш имконияти яратилди. Шахсни ўқитиш ва тайёрлашнинг барча босқичларини қамраб оладиган ўз миллий моделимизни амалга ошириш, шунингдек, норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш таълим соҳасида катта натижаларга олиб келди.
Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг бир қатор фармон ва қарорлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида белгиланган чора-тадбирларни, шу жумладан, олий ва ўрта махсус таълим соҳасида юқори малакали кадрларни тайёрлаш билан боғлиқ вазифаларни рўёбга чиқаришда муҳим ҳуқуқий база бўлиб хизмат қилмоқда. Ўзбекистонда таълимни ривожлантириш ва ислоҳ қилишнинг ҳар йилги харажатлари мамлакат ялпи ички маҳсулотига нисбатан 10-12 фоизни ташкил этмоқда, уларнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатларидаги улуши эса 35 фоиздан ошади. Мактаб ўқитувчилари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ҳамда олий ўқув юртлари ўқитувчиларининг иш ҳақи сўнгги 10 йил ичида иқтисодиётнинг бошқа тармоқларидаги меҳнатга ҳақ тўлаш миқдоридан бир ярим баравар кўпайди.
Таълим жараёнини ислоҳ қилиш ва меҳнат бозори талаб этган юқори малакали кадрларни тайёрлашда олий ўқув юртлари муҳим ўрин тутади. Бугунги кунда мамлакатдаги олий ўқув юртларида 230 мингдан ортиқ талаба таълим олмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Олий таълим йўналишлари ҳамда мутахассисликлари классификаторини, давлат таълим стандартларини, ўқув режалари ва дастурларини олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг тармоққа оид хусусиятларини, малака талабларини инобатга олган ҳолда, шунингдек, минтақаларнинг эҳтиёжларига мувофиқ янада такомиллаштириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар олиб борилмоқда. Юқори малакали кадрларни тайёрлаш масалаларида Ўзбекистоннинг олий таълим муассасалари дунёдаги етакчи университетлар ва илмий марказлар билан ҳамкорлик қилмоқда, халқаро таълим бўйича ва илмий-техник лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этмоқда.
Муҳокама давомида олий ва ўрта махсус таълим соҳасида юқори малакали кадрларни тайёрлаш масалаларидаги мавжуд муаммоларга эътибор қаратилиб, мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш бўйича баъзи тавсия ва таклифлар билдирилди. Хусусан, ўқув дастурларини, дарсликлар ва ўқув қўлланмаларини, ўқитиш услубини янада такомиллаштириш, таълим компонентларини табиий-илмий ва муҳандислик фанлари асосида кучайтириш, замонавий илғор педагогика ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, шу жумладан, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимидаги таълим муассасалари ўқув жараёнида Интернетдан кенгроқ фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.
Тадбирда тегишли тавсия ва таклифлар ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг Матбуот хизмати.

Чоп этилган сана: 19.12.2012 11:17:11
Янгиланган сана:

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati