O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

2012 йилнинг 19 октябридан 10 ноябригача

ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ МАҲАЛЛИЙ КЕНГАШЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ КУЧАЙТИРИШГА БАҒИШЛАНГАН СЕМИНАР-ТРЕНИНГ

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов 2010 йил 27 январда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида қилган  маърузасида «парламентнинг мамлакатимизда кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган демократик янгиланишлар, либерал ислоҳотлар тарғиботчисига айланишига эришиш энг асосий вазифа бўлмоғи зарур» деб алоҳида таъкидлаган эди.
         Давлат бошлиғи томонидан қўйилган вазифаларни бажариш маҳаллий ҳокимият вакиллик органларининг ҳар бир депутатидан юксак уюшқоқлик ва ташаббускорликни, халқ депутатлари Кенгашлари ва улар доимий комиссияларининг ижро этувчи ҳокимиятнинг қонунлар, давлат дастурлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижро этиш, шунингдек минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир конкрет вазифаларни  ҳал қилиш борасидаги фаолияти устидан парламент, депутатлик назоратини амалга оширишга қаратилган ишининг  самарадорлигини ошириш йўлларини доимий равишда излашни талаб қилади.
         Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси томонидан БМТ Тараққиёт Дастурининг «Ўзбекистонда парламент ривожланишини қўллаб-қувватлаш» лойиҳаси билан биргаликда ташкил этилган «Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва уларнинг доимий комиссиялари фаолиятини янада кучайтиришнинг долзарб масалалари» мавзуидаги семинар-тренинг  ана шу ва бошқа масалаларга бағишланган бўлиб, у жорий йилнинг 19 октябридан 10 ноябригача Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади.
         Семинар-тренинг ишида сенаторлар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашларининг, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмиталарининг ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари доимий комиссияларининг раислари, сиёсий партиялар депутатлик гуруҳларининг  раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясига ёрдам берувчи ишчи гуруҳларнинг аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг  иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш масалалари бўйича ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ташкилий-назорат бўлимининг ҳамда вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари ташкилий-назорат гуруҳларининг раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларининг бошлиқлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорлари, шунингдек оммавий ахборот воситаларининг вакиллари қатнашмоқдалар.
         Семинар-тренингда охирги йилларда мамлакатда иш олиб бораётган 208 та халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши ҳамда уларнинг жами 5798 нафар депутатни ўзида бирлаштирган 1192 та доимий комиссиясининг фаолияти сезиларли даражада жонланганлиги  қайд этилмоқда. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг сессияларида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, қонунлар, давлат дастурлари ва ҳудудий дастурлар ижро этилишини таъминлаш, шунингдек Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида  белгилаб берилган вазифаларни рўёбга чиқаришнинг долзарб масалалари кўпроқ муҳокама қилинадиган бўлиб қолди. Халқ депутатлари вилоят Кенгашларининг туман (шаҳар) Кенгашлари билан ўзаро ҳамкорлиги яхшиланиб бормоқда. Олиб борилаётган ишлар натижасида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг сессияларида ҳудудлар учун долзарб ва муҳим бўлган масалаларни муҳокама этиш якунлари юзасидан қабул қилинаётган қарорларнинг сифати ва таъсирчанлиги бирмунча ошди. Шу билан бирга халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва улар доимий комиссияларининг 2012 йил биринчи ярмидаги фаолиятини мониторинг қилиш натижалари уларнинг фаолиятини бугунги кун талабларига мувофиқ амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида  янада такомиллаштириш зарурлигини кўрсатмоқда.
         Семинар-тренинг иштирокичларига сенаторлар, депутатлар, мутахассислар, олимлар ва амалиётчилар томонидан «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий сиёсатни амалга оширишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг роли ва аҳамияти» мавзуидаги халқаро конференциядаги «Барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муҳим омили» номли маърузасининг моҳияти тўғрисида», «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳияти ва уларни тарғиб этишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларининг роли», «Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва улар доимий комиссияларининг 2012 йилнинг ўтган давридаги фаолияти мониторинги натижалари тўғрисида», «Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари қарорлари лойиҳаларининг адлия органлари томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши масаласи тўғрисида», «Сиёсий партияларнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари фаолияти ва доимий комиссиялар ишини ташкил этиш масалалари», «Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман, шаҳар Кенгашлари ва улар доимий комиссияларининг 2013 йилга мўлжалланган иш режаларини шакллантириш ҳамда «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари, уларнинг доимий комиссиялари ҳамда маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари депутатлари фаолиятини ташкил этишнинг айрим жиҳатлари бўйича услубий тавсиялар» амалий қўлланмасидан фойдаланиш масалалари», «Депутатларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ўзаро ҳамкорлигини фаоллаштириш тўғрисида» ва бошқа масалалар юзасидан маъруза ва чиқишлар таклиф этилмоқда.
         Семинар-тренингни ўтказиш асносида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси аъзолари намунавий халқ депутатлари туман Кенгашлари ишининг ҳолати билан танишадилар ҳамда уларга ўз фаолиятларини  янада кучайтиришда амалий ёрдам берадилар.
         Семинар-тренингда унинг иштирокчиларига ҳар томонлама кенг фикр алмашиш, мазкур мавзу юзасидан ўз мулоҳазалари ва таклифларини билдириш имконияти берилмоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati