O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

МУСТАҲКАМ ОИЛАНИНГ ҲУҚУҚИЙ КАФОЛАТИ

 

Ўзбекистонда мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ никоҳ ва оила институтини мустаҳкамлашга, ёш оилаларнинг турмуш даражаси ва фаровонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Зотан, катта умид билан ҳаётга қадам қўяётган ёш оилани моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, унга кўмак, имтиёз ва имкониятлар яратиб бериш, аввало, уй-жой билан таъминлаш — буларнинг барчаси учун нафақат ота-оналар, биринчи навбатда, давлат ва жамият масъулдир.

Давлат сиёсатининг бу соҳадаги устувор йўналишлари “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурида ўз ифодасини топди. Мазкур муҳим ҳужжатга мувофиқ, мамлакатда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда — тегишли қонун ҳужжатлари қабул қилинмоқда, ҳукумат, вазирликлар ва идоралар, маҳаллий ҳокимият органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари оилани қўллаб-қувватлаш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан никоҳ ва оила соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш масалаларига бағишлаб ташкил этилган семинарда ана шулар алоҳида қайд этилди. 
Сенаторлар, Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари вакиллари, тегишли вазирликлар ва идоралар мутахассислари ҳамда экспертлари, жамоат ташкилотлари ходимлари иштирок этган мазкур тадбирда никоҳ ва оила муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда мустақиллик йилларида ёш оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг яхлит тизими шакллантирилди, оила институтини ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш учун барча зарур шароитлар яратилди. Хусусан, жорий йилда “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурига мувофиқ, ёш оилаларнинг тадбиркорлик фаолиятини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият берилмоқда. Бу мақсадлар учун 68 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратиш режалаштирилаётгани ана шундан далолатдир. Тадбиркор аёлларга оилавий бизнес ва ҳунармандчиликни ривожлантириш учун 365 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилади.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистон БМТнинг Мингйиллик ривожланиш мақсадлари декларацияси ва бошқа халқаро конвенция ҳамда ҳужжатларнинг никоҳ ва оила соҳасидаги қоидаларини сўзсиз бажаришга қаратилган ҳуқуқий ва институционал чора-тадбирларни изчил амалга оширмоқда. 
Семинарда мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, аёллар муҳофазасига қаратилган аниқ мақсадли ишлар олиб борилаётганлиги, оналик ва болаликни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг яхлит тизими шакллантирилганлиги алоҳида таъкидланди. Давлат бюджети умумий харажатларининг 60 фоизга яқини ҳар йили ижтимоий дастурларни молиялаштиришга, шу жумладан, оила институтини қўллаб-қувватлашга ва соғлом авлодни тарбиялашга йўналтирилаётганлиги, айниқса, эътирофга моликдир. 
Тадбирда ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар билдирилиб, никоҳ ва оилани ҳимоя қилиш соҳасидаги тегишли қонунлар ҳамда норматив ҳужжатларнинг ижро этилиши таҳлил этилди.

O‘zbekiston Respublikasi
Oliy Majlisi Senatining
Matbuot xizmati

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati