O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Парламент ҳаёти

ҚОНУН ИЖРОСИГА БАҒИШЛАНДИ

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгилаб берилган ахборот соҳасини ислоҳ қилиш ҳамда сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш борасидаги вазифаларни рўёбга чиқариш масалалари Олий Мажлис Сенати Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамда халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг Гулистонда бўлиб ўтган қўшма мажлисида муҳокама қилинди.

Унда Сирдарё вилоятида давлат ҳокимияти маҳаллий органлари томонидан “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижро этилишини ўрганиш натижалари кўриб чиқилди.
Қўшма мажлисда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан мазкур Қонун ижросини таъминлаш борасида муайян ишлар олиб борилаётганлиги кўрсатиб ўтилди. Қонунга мувофиқ, вилоятда яшаётган фуқароларнинг ахборотни эркин ва монеликсиз излаш, олиш, ундан фойдаланиш ҳуқуқини рўёбга чиқариш, ахборот эркинлигининг асосий принципи бўлган ахборотнинг очиқлиги ва ошкоралигини янада тўлароқ таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда вилоят ҳокимлиги, бир қатор давлат бошқаруви идоралари, Алишер Навоий номидаги ахборот-кутубхона марказида веб-сайтлар ташкил этилган бўлиб, улар аҳолига зарур ахборотларни етказишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Ахборот эркинлиги кафолатларини таъминлаш ҳамда принципларига риоя этишда вилоят оммавий ахборот воситалари ҳам муайян роль ўйнамоқда. Чунончи, Сирдарё вилояти телерадиокомпанияси, 24 та газета аҳолининг ахборот олиш эҳтиёжини таъминлашга кўмаклашаяпти.
Шу ўринда халқ депутатлари вилоят, туманлар Кенгашлари мазкур Қонун ижросини мунтазам депутатлик назоратига олиб келаётганлигини қайд этиш лозим. Хусусан, ўтган йили халқ депутатлари вилоят, Гулистон, Боёвут, Оқолтин туман Кенгашларининг ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссиялари мажлисларида ушбу Қонун ижроси кўриб чиқилди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинди.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, оммавий ахборот воситалари томонидан миллатлараро муносабатларни ҳамда динлар ўртасида тотувликни, миллий анъаналар ва қадриятларга ҳурматни янада мустаҳкамлашга, шахснинг ахборотни эркин олиши ҳамда шахсий ҳаётга оид сирни ҳимоя қилиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу билан бир қаторда, қўшма мажлисда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Сирдарё вилоятида қонунлар ижросини таъминлашда йўл қўйилаётган айрим камчилик ва нуқсонларга эътибор қаратилиб, уларни бартараф этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Муҳокама якунлари бўйича тегишли қўшма қарор қабул қилинди.

"Xalq so'zi" gazetasi

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati