O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Парламент ҳаёти

МИЛЛИЙ ҚОНУНЧИЛИКНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ МАСАЛАЛАРИГА БАҒИШЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси томонидан халқаро нормаларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш масалаларига бағишланган семинар ташкил этилди. Унда сенаторлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, етакчи ҳуқуқшунос олимлар ҳамда экспертлар қатнашди.

Тадбирда алоҳида таъкидланганидек, халқаро шартномаларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш халқаро ҳуқуқ субъекти бўлмиш давлатларнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Бу жараён халқаро шартномалар нормалари ва қоидаларининг миллий қонунчиликка уйғунлаштирилишини таъминловчи ташкилий-ҳуқуқий ҳаракатлар тизимини, яъни тузилган халқаро шартномаларни амалга ошириш учун зарур ҳуқуқий база яратилишини англатади. Бундан ташқари, имплементация тизими мамлакат ички ва ташқи сиёсатини амалга оширишда халқаро шартномаларни амалда қўллаш учун зарур шароитлар яратилишини назарда тутади. Бу суверен давлатларга нафақат ўз халқаро-ҳуқуқий мажбуриятларини, балки бошқа давлатлар ва умуман, халқаро ҳамжамият билан ўзаро муносабатларда ўз ҳуқуқларини аниқлаш ҳамда мустаҳкамлаш имконини беради.
Семинарда қайд этилганидек, Ўзбекистон ўз мустақил ташқи сиёсий йўлини амалга ошириб, айни пайтда халқаро шартномаларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва мажбуриятларини изчил рўёбга чиқариб келмоқда. Булар, аввало, давлатнинг миллий манфаатларини халқаро майдонга олиб чиқиш ва ҳимоя қилишни, халқаро ҳамкорликни чуқурлаштириш, минтақада ҳамда бутун дунёда барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича қўйилган мақсадларга эришилишини таъминлашга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.
“Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, мамлакатимиз бугунги кунда 190 дан ортиқ универсал хусусиятдаги халқаро кўп томонлама шартномаларда иштирок этмоқда, шунингдек, хорижий мамлакатлар билан, шу жумладан, муносабатларнинг турли соҳаларида ҳамкорлик қилиш бўйича давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро бир неча мингта икки томонлама шартнома тузган.
Анжуманда таъкидланганидек, Ўзбекистон БМТ Мингйиллик ривожланиш декларацияси ва бошқа халқаро конвенцияларнинг қоидаларини сўзсиз бажаришга қаратилган ҳуқуқий ҳамда институциявий чора-тадбирларни изчиллик билан амалга оширмоқда.
Семинар иштирокчилари халқаро конвенциялар нормаларини миллий қонунчиликка жорий этишнинг механизмлари ва уни рағбатлантириш масалалари бўйича амалий тажриба алмашдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати.

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati