O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

ДЕМОКРАТИК ҚАДРИЯТЛАРНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди.

“Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Наманган ва Жиззах вилоятларида маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ижро этилишини ўрганиш натижалари кўриб чиқилган мазкур йиғилишда сенаторлар, тегишли вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, ушбу вилоятлар ҳокимликлари мутасаддилари, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари қатнашдилар.

Мажлисда қайд этилганидек, мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтлари тизимида нодавлат нотижорат ташкилотларини изчил ривожлантиришга, уларнинг мустақиллигини ҳамда эркинлигини таъминлашга, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, фаолиятини ташкилий-ҳуқуқий, моддий-техникавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида фуқаролик институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳозирги кунда демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланаётгани, фуқароларнинг ўз салоҳиятларини рўёбга чиқариши, уларнинг ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш учун шароит яратаётгани, жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлашга кўмаклашаётгани алоҳида таъкидланган.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, Наманган ва Жиззах вилоятларида фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш борасида аниқ мақсадли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Наманган вилоятида 350 та, Жиззах вилоятида эса 348 та нодавлат нотижорат ташкилоти мавжуд бўлиб, улар экологияни яхшилаш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, аҳолига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, янги иш ўринлари ташкил этиш, ёшларга касб-ҳунар ва экологик билим бериш сингари муҳим ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилишга кўмаклашмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ташкил этилган танловда грантлар олиш учун Наманган ва Жиззах вилоятлари бўйича 146 та нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари иштирок этди. Уларнинг 36 та лойиҳасини қўллаб-қувватлаш учун 366,9 миллион сўм ажратилди. Натижада нодавлат нотижорат ташкилотлари моддий-техника базаси мустаҳкамланди. Айниқса, мазкур лойиҳалар рўёбга чиқарилиши ушбу вилоятларда ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган 486 нафар кишини доимий иш билан таъминлашда қўл келди.
Шу билан бирга, нодавлат нотижорат ташкилотлари самарали фаолият юритиши учун зарур шароитлар яратиш мақсадида ушбу вилоятларнинг маҳаллий ҳокимликлари томонидан мунтазам амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
Мажлисда Наманган ва Жиззах вилоятлари маҳаллий давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари томонидан “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ижро этишда йўл қўйилаётган камчилик ва нуқсонлар ҳам кўрсатиб ўтилди.
Муҳокама якунлари бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Uza, Xalq so'zi gazetasi

Tilni o'zgartirmoq: Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati