O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Сенатор Светлана ОРТИҚОВА: ДЕМОКРАТИК ЯНГИЛАНИШЛАРНИНГ МУҲИМ БОСҚИЧИ

Сенатор Светлана ОРТИҚОВА: ДЕМОКРАТИК ЯНГИЛАНИШЛАРНИНГ МУҲИМ БОСҚИЧИБугун Ўзбекистон инсон ва унинг манфаатлари устувор бўлган ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлидан дадил бормоқда. Бунда, айниқса, мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ, мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқарувини ташкил этиш тартиби ва мазмунига алоҳида эътибор билан ёндашиб келинаётгани муҳим омил бўлмоқда.

Асосий Қонунимизда давлат халқ иродасини ифода этиши, унинг манфаатларига хизмат қилиши, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жамият ва фуқаролар олдида масъуллиги аниқ белгилаб қўйилгани ҳам бежиз эмас. Шунингдек, унда халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи эканлиги, давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб Конституция ва у асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган идоралар томонидангина амалга оширилиши аниқ-равшан ифодасини топган. 
Конституциямиз асосига қўйилган, чуқур ва пухта ўйланган мақсад, принцип ва нормаларнинг ҳаётийлиги ва амалиётга тўғри татбиқ этилишининг самараси ўтган давр мобайнида эришилган ютуқ ва марраларимизда, халқимизнинг фаровонлиги ошиб боришида, жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимиз обрўси тобора юксалиб бораётганлигида кўриниб турибди. Дарҳақиқат, 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ушбу муҳим вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётир. Унда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият эканлиги белгилаб қўйилган. 
Ўтган давр мобайнида Конституциямиз тамойиллари асосида давлат ва жамият ҳаёти ислоҳ этилиб, бугунги кун талабларига биноан изчил такомиллаштириб борилмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбари томонидан 2010 йил 12 ноябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси бу борада дастуриламал бўлди.
Унда мустақиллик йилларида босиб ўтган йўлимиз ва тўплаган тажрибамизни холисона баҳолаш, қўлга киритган юксак марраларимизни  таҳлил этиш мамлакатимизни тадрижий ҳамда босқичма-босқич ривожлантириш бўйича биз танлаган моделнинг нақадар тўғри эканини ва шу йўлдан бундан буён ҳам оғишмай қатъият билан боришимиз зарурлиги қайд этилиб, Ўзбекистоннинг ривожланган демократик давлатлар қаторидан жой олишини таъминлаш мақсадида жамият ҳаётининг энг муҳим соҳаларини ислоҳ қилиш бўйича қонунчилик ташаббуслари, ғоя ва таклифлар илгари сурилди.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Концепцияда илгари сурилган ғоялар, вазифалар  нафақат мамлакатимизда, балки дунё жамоатчилиги орасида ҳам катта қизиқиш уйғотди. Хорижий мамлакатларнинг бир қатор давлат ва жамоат арбоблари, таниқли сиёсатшунос олимлари, йирик экспертлари, ҳуқуқшунос ва мутахассислари томонидан мамлакатимизда қисқа вақт мобайнида амалга оширилган демократик ўзгаришлар ҳамда жадал суръатлардаги ривожланишларга юксак ижобий баҳо берилаётгани бунинг яққол далилидир.
Дарҳақиқат, Президентимиз томонидан илгари сурилган Концепцияда баён этилган қонунчилик ташаббуслари асосида парламентаризм, фракциялараро кураш ва партиялараро рақобатни таъминлаш борасида миллий қонунчилигимиз изчил такомиллашиб бормоқда. 2011 йилнинг мартида “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига)”ги Қонуннинг қабул қилингани бу борада муҳим омил бўлди. Мазкур ҳужжат давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштириш, давлат ҳокимиятининг учта субъекти: давлат бошлиғи — Президент, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлар ўртасидаги ваколатларнинг янада мутаносиб тақсимланишини таъминлаш, шунингдек, демократик ислоҳотларни амалга оширишда сиёсий партияларнинг роли ҳамда таъсирини кучайтиришга қаратилган. Қонунга биноан, Президент ваколатларининг бир қисми Сенатга ўтказилди, мамлакат Бош вазирининг ҳуқуқ ва ваколатлари кучайтирилди. Буларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамланган давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилиши тўғрисидаги қоидага тўлиқ жавоб беради ҳамда ҳокимиятлар бўлинишининг конституциявий принципини амалга ошириш, ўзини тийиб туриш ва мувозанат мутаносиблиги тизимини ташкил қилишга ёрдам беради, албатта. 
Дарҳақиқат, бугун Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида Конституциямизга киритилган тузатишлар бўйича парламентда изчил ишлар олиб борилмоқда, партиялар фракциялари ўртасида соғлом рақобат муҳити кучайди, қабул қилинаётган қонунлар устида принципиал баҳслар бўлмоқда, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг ҳисоботларини ва ахборотларини эшитиш йўлга қўйилди. Буларнинг барчаси, шубҳасиз, мамлакатимизда парламентнинг ролини кучайтириб, мамлакатда ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатини таъминлашнинг муҳим омили бўлмоқда.
Маълумки, ҳуқуқий демократик давлат барпо этишнинг муҳим шартларидан бири мамлакатда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонун билан ҳимояланган одил судловнинг мавжудлигидир. Шу боис Конституциямизда белгилаб қўйилганидек, истиқлол йилларида рўёбга чиқарилган суд-ҳуқуқ ислоҳотларида, аввало, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқини кафолатлашга алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда суд ишларини юритишнинг процессуал тартибини соддалаштириш, жиноий жазоларни либераллаштириш, одил судлов ҳимоясидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, миллий қонунчилигимизни дунё стандартларига, халқаро ҳуқуқ нормалари ва принципларига мослаштиришга қаратилган муайян чоралар кўрилди. Бу борада, айниқса, “Хабеас корпус” институтининг жорий этилиши, яъни 2008 йилдан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи прокурордан судга ўтказилиши принципиал қадам бўлди. Мазкур институтнинг амалиётга татбиқ этилиши инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг дахлсизлигини ҳимоя қилишда муҳим омил сифатида намоён бўлмоқда.
Энг муҳими, давлатимиз раҳбари томонидан тақдим этилган Концепцияда мазкур институтни қўллаш доирасини янада кенгайтириш вазифаси белгилаб берилган. Чунончи, стратегик аҳамиятга эга бўлган ушбу ҳужжатда бугунги кундаги сиёсий, иқтисодий, давлат-ҳуқуқий муносабатларнинг бутун тизимини модернизация қилиш, фуқаролик жамиятини шакллантириш,  инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя этиш, суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштиришга қаратилган бир қатор қонунчилик ташаббуслари илгари сурилган эди. Шу нуқтаи назардан айтганда, яқинда кучга кирган “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, шубҳасиз, бу борада рўёбга чиқарилаётган ислоҳотларда яна бир муҳим амалий қадам бўлди.
Мазкур Қонун билан бешта қонун ҳужжатига, “Прокуратура тўғрисида”ги, “Судлар тўғрисида”ги қонунлар, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал ҳамда Хўжалик процессуал кодексларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Қонунга биноан, аввало, судга қадар иш юритиш босқичида прокурор, терговчи томонидан қўлланиладиган айбланувчини лавозимидан четлаштириш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини фақат судьянинг санкцияси асосида қўллаш тартиби ўрнатилди. Унга мувофиқ, бундай чорани қўллаш учун асослар мавжуд бўлганда прокурор, терговчи мазкур процессуал мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақида қарор чиқаради ва уни прокурор судга юборади. Мазкур илтимоснома жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди томонидан якка тартибда, ёпиқ суд мажлисида материаллар келиб тушган пайтдан эътиборан 48 соат ичида кўриб чиқилади. Бу, албатта, жиноят иши бўйича суд терговининг тезкор ва сифатли ўтказилишига, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини янада кенгроқ таъминлашга хизмат қилади. 
Шу билан бирга, Қонунга мувофиқ, айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтиришнинг суд тартиби киритилди. Шахс тиббий муассасага кўпи билан бир ой муддатга жойлаштирилиши мумкин. Алоҳида ҳолларда шифокорлар хулосаси асосида бу муддат прокурор илтимосномаси бўйича суд томонидан узайтирилиши мумкин. 
Айни чоғда Қонун билан прокурор зиммасига судда жиноят иши кўрилаётганда айблов хулосасини эълон қилиш мажбурияти юклатилди. Хорижий тажрибани таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, баъзи мамлакатларда жиноят ишларини қўзғатиш суриштирув ва тергов учун масъул шахслар (прокурор, полиция) томонидан амалга оширилади, айблов хулосасини эълон қилиш эса прокурорга юклатилган. Мазкур мамлакатлар қонунлари, шунингдек, айблов хулосасининг (прокурор томонидан) ва ҳукмнинг (суд томонидан) қарор қисми эълон қилинишига йўл қўяди. Ушбу қоидаларнинг қўлланилиши суднинг ишни кўришни адолатли тарзда олиб бориш ва одил судловни тезкор амалга оширишдан иборат асосий вазифаси бажарилишини таъминлашга қаратилгандир. Буларнинг барчаси, шубҳасиз, суд ҳокимияти ваколатлари изчил кенгайиб бораётганидан далолатдир.
Дарҳақиқат, бундан йигирма йил олдин қабул қилинган Конституциямиз асосида мамлакатимизда жамият ҳаётининг барча жабҳалари изчил ислоҳ қилинди, тубдан янгиланишлар юз берди. Айниқса, Президентимиз томонидан тақдим этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси эса ушбу йўналишдаги демократик янгиланишлар жараёнини янги босқичга олиб чиқди. Зеро, ушбу ҳужжат Ўзбекистонни яқин ва ўрта истиқболда тараққий эттиришнинг ҳуқуқий асос ва механизмларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан ниҳоятда аҳамиятлидир.

Светлана ОРТИҚОВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси.

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati