O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

ОДИЛ СУДЛОВ МАСЪУЛИЯТИ

 

Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятда ўзининг муносиб ўрнига эга бўлиб бормоқда. Давлатимиз тарихининг бой ва диққатга сазовор амалиёти хорижликлар томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари борасидаги халқаро ҳужжатлар тизимли равишда мамлакатимиз қонунчилигига имплементация қилинмоқда. Бу юртимиз ҳаётининг турли жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан ҳамоҳангдир.

Мамлакатимизда рўёбга чиқарилаётган демократик ўзгаришлардан кўзланган асосий мақсад инсон ҳуқуқ ва манфаатларини амалда таъминлаш ҳамда бунинг учун етарли ҳуқуқий кафолат яратишдан иборатдир. Шу боис бошқа жабҳаларда бўлганидек, суд-ҳуқуқ тизимида ҳам соҳанинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш ва либераллаштириш, судлар мустақиллиги ҳамда масъулиятини кучайтириш, уларнинг роли ва таъсирини оширишга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда. Натижада истиқлол йилларида судьялар ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланди, уларнинг суд ишларини мустақил тарзда кўриб чиқишини кафолатлайдиган ҳуқуқий асос ҳамда судьяларни танлаш ва лавозимга тайинлашда демократик тамойилларга асосланган мустақил тизим шакллантирилди.
Шуниси муҳимки, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар жамият ҳаётининг барча жабҳаларида намоён бўлаётган ўзгаришлар билан боғлиқ ҳолда, босқичма-босқич олиб борилмоқда. Аввало, соҳани ислоҳ қилишнинг миллий стратегияси белгилаб олинди. Мавжуд тажриба ва қонунчиликни таҳлил қилиш асосида суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотларини чуқурлаштириш, одил судлов тизимини демократлаштириш, суд жараёнида айблов ва ҳимоянинг амалда тенглигини таъминлаш, бунинг учун адвокатура мавқеини кўтаришга алоҳида эътибор қаратилди.
Суд-ҳуқуқ тизимининг янада такомиллаштирилиши, хусусан, судларнинг ихтисослаштирилиши, жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши, одил судлов сифатининг оширилиши, суд қарорлари ижросини таъминлаш механизмининг яратилиши ҳам бу борадаги ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисми бўлди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Судлaр тўғрисидa”ги Қoнуни янги тaҳрирдa қaбул қилинди ҳамда жинoят-прoцeссуaл, фуқaрoлик-прoцeссуaл қoнунчилигигa тeгишли ўзгaртиш вa қўшимчaлaр киритилди. Бу, ўз нaвбaтидa, суд тизимини ижрo этувчи ҳoкимият oргaнлaри нaзoрaти вa тaъсиридaн чиқaриш имкoнини бeрди.
Юртбошимизнинг яқинда қабул қилинган “Суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борада янги босқични бошлаб берди. Унда кўрсатиб ўтилганидек, Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш дастури тасдиқланади, судлар таркибида ахборотлаштириш бўлинмалари фаолияти йўлга қўйилади. Буларнинг ҳаммаси судьялар томонидан инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ҳимоя қилиш борасидаги фаолиятида катта аҳамиятга эга. Бундан ташқари, ушбу янгиликлар суд ҳокимиятининг кундалик фаолиятида катта бурилиш ясайди, турли хил оворагарчиликлар ҳамда қоғозбозликнинг олдини олади. Энг асосийси, Фармон судьяларнинг кундалик фаолиятида барқарорлик, тизимлилик, ҳаққонийлик, инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини мустаҳкам таъминлаб беришда пухта асос бўлади.
Фармонда судьялик лавозимига биринчи марта тайинланган (сайланган) шахслар тегишли равишда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судида мажбурий тайёргарлик ҳамда стажировкадан ўтишлари юзасидан амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф қилинганлиги ҳам эътиборга молик.
Суд тизими ходимлари фаолиятига бундай юксак эътибор қаратилаётгани замирида катта маъно-мазмун бор. Зотан, судьялар одил судловни амалга оширадилар. Одил судлов эса фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, корхона, муассаса ҳамда ташкилотларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилиш демакдир. Бунда, табиийки, судья мақоми, унинг билими, ўз вазифасига муносабати билан бир қаторда, моддий ва ижтимоий дахлсизлиги ҳам муҳим аҳамият касб этади. Дарҳақиқат, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этишда нафақат ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш, балки тизимда фаолият юритаётган ходимларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш ҳам ниҳоятда долзарбдир.
Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбарининг мазкур Фармони суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ҳамда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли таъминлаш имконини беради. Айни пайтда ушбу Фармон билан суд тизимида фаолият юритаётган ходимларга юқори талаблар қўйилиши ҳамда ижтимоий муҳофазаси кучайтирилиши уларнинг давлат бошқарувидаги ролини оширишга, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилади, албатта.

Холбой ИБРАИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

Xalq so'zi gazetasi

17.08.2012

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati