O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Senat yangiliklari       

ҚОНУН ИЖРОСИГА БАFИШЛАНДИ

Хоразм вилоятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмиталари, парламент юқори палатасининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси ҳамда халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг кенгайтирилган қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Унда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги ҳамда “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги  Ўзбекистон Республикаси қонунларининг Хоразм вилоятидаги маҳаллий давлат ҳокимияти ва  бошқаруви органлари томонидан ижро этилиши муҳокама қилинди.
Мажлисда алоҳида қайд этилганидек, Хоразм вилоятида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари  сайлови  тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижро этилишини таъминлаш мақсадида бир қатор ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар ўтказилган. Булар маҳаллаларни демократия, ошкоралик ва муқобиллик асосида шакллантиришда  фуқароларнинг кенг иштирок этишга бўлган конституциявий ҳуқуқини рўёбга чиқариш имконини берди. Бунда сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини тушунтириш, сайлов жараёнини ёритишда оммавий ахборот воситаларининг имкониятларидан самарали фойдаланилди. Чунончи, 2011 йил май — июнь ойларида  фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини  ташкил этиш ҳамда ўтказиш вақтида вилоят, шаҳар, туман комиссиялари ва ишчи гуруҳлар фаолиятининг самарадорлиги сезиларли даражада ошди.
Йиғилишда сайловолди тадбирларини ташкил этишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари ўз сайлов округларида фаол қатнашгани айтиб ўтилди. Шу билан бирга, маҳаллий ижро этувчи органлар фуқаролар йиғинларига сайловни ташкил этиш ва ўтказишда яқиндан ёрдам бериб, сайловни ташкил қилиш учун зарур бинолар, транспорт ва алоқа воситалари билан таъминладилар. Энг муҳими, мазкур сайловларда оқсоқоллар ва уларнинг маслаҳатчилари ошкоралик, муқобиллик ҳамда демократия тамойиллари асосида сайланди. 
Шу билан бирга, мажлисда фуқаролар йиғинларига сайлов тизимининг қонунчилик базасини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан айрим таклифлар билдирилди. Хусусан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайловни ўтказиш жараёни бошланишининг аниқ муддатларини қонунчилик тартибида белгилаб қўйиш, ишчи гуруҳларга ҳовлилар, тураржойлар, кўчалар, маҳаллалар аҳолисининг  фуқаролар вакилларини сайлаш бўйича умумий йиғилишини ташкил этиш ва ўтказиш, фуқаролар йиғинларига (фуқаролар вакилларининг йиғилишларига) фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) маслаҳатчиси лавозимига тавсия этиладиган номзодларни кўрсатиш ҳуқуқини бериш зарурлиги ва бошқалар ҳақида айтиб ўтилди.
Кенгайтирилган қўшма мажлисда, шунингдек, “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Хоразм вилоятида ижро этилиши ҳам кўриб чиқилди. Унда маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисидаги амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилаётганлиги кўрсатиб ўтилди. Аҳоли мурожаатлари таҳлили шуни кўрсатдики, ўтган йили  фуқаролардан  жами 1945 та мурожаат ва шикоят тушган. Уларнинг кўпчилиги уй-жой ва ер участкалари ажратиш, фермер хўжаликларининг фаолияти ва агросаноат инфратузилмасини ривожлантириш, иш ҳақи, пенсияларни тўлаш ҳамда моддий ёрдам ажратиш, электр энергияси ва табиий газ таъминоти, банк кредитлари, таълим, қурилиш, аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ. 
Қўшма мажлисда  Хоразм вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти ва  бошқаруви органларининг Қонун ижросини таъминлашда йўл қўйган айрим камчилик ва нуқсонлари ҳам кўрсатиб ўтилди. Чунончи, 2011 йилда  Қўшкўпир, Хонқа, Янгибозор туманларида ва Урганч шаҳрида  яшайдиган  фуқаролардан вилоят ҳокимлигига тушган мурожаатлар сони бирмунча кўпайган. Фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш муддатлари бузилган ҳолатлар ҳам учраб тургани афсусланарлидир.
Кун тартибидаги масала атрофлича муҳокама қилиниб,  мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан бир қатор таклифлар билдирилди.
Муҳокама якунлари бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ойбек РАҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Халқ сўзи газетаси, 17.02.2012

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati