O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Сенатор Анвар АҲМЕДОВ: Жараён: МАҲАЛЛА — МЕҲРУ ОҚИБАТ ҚЎРҒОНИ

Сенатор Анвар АҲМЕДОВЮртимизда фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини ривожлантириш, унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ва пировардида “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилини рўёбга чиқаришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ўтган даврда бу борада 200 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилганлиги ҳам фикримизни тасдиқлайди.

Бундай саъй-ҳаракатлар туфайли фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари — маҳаллаларнинг жамият ҳаётида тутган ўрни ва аҳамияти тобора юксалиб бормоқда. Бу эса демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Президентимизнинг 1992 йил 12 сентябрдаги Фармони бу борада алоҳида ўрин тутганлигини айтиш жоиз. Зеро, мазкур ҳужжатга мувофиқ, Республика “Маҳалла” хайрия жамғармаси ташкил этилиб, унинг асосий вазифалари белгилаб берилди. Ўтган давр мобайнида тарихий қадрият ва миллий анъаналаримизни ўзида мужассамлаштирган маҳалла институти тўла шакллантирилди. Бугунги кунга келиб, Фонднинг 14 та ҳудудий бўлими, 194 та туман ва шаҳар бўлинмалари самарали фаолият олиб бормоқда. Ўн мингга яқин фуқаролар йиғинлари томонидан аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш, миллий қадрият ва анъаналаримизни асраб-авайлаш, кам таъминланган оилалар, ногирон ва боқувчисини йўқотганларни ҳамда ёлғиз қарияларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2006 — 2011 йилларда қабул қилинган Давлат дастурларида белгилаб берилган шу йўналишдаги ишларни рўёбга чиқариш учун Фонд ҳисобидан жами 14 миллиард сўмдан зиёд, жорий йилнинг ўтган даврида эса 1 миллиард 200 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. 
Бундан ташқари, Саховат, Меҳрибонлик уйлари ва махсус мактаб-интернатларни қўллаб-қувватлаш ҳамда касалхоналарнинг моддий-техника базасини яхшилаш учун охирги беш йилда 2 миллиард сўмга яқин маблағ йўналтирилди. 
Наврўз ва Мустақиллик байрамлари арафасида ўтказиладиган умумхалқ хайрия ҳашарлари чоғида ҳудудларни ободонлаштириш ишлари билан бир қаторда, ёлғиз фуқароларнинг уй-жойларини таъмирлаш ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш ҳам анъана тусига кирди. 
Фонднинг болалар спортини ривожлантириш борасидаги фаолияти хусусида сўз юритганда, аввало, фуқаролар йиғинларида болалар спортини ривожлантириш мақсадида “Футболимиз келажаги”, “Маҳалламиз паҳлавонлари” каби спорт мусобақалари ҳар йили уюшқоқлик билан ўтказиб келинаётганини айтиш зарур. Бундан ташқари, 2006 — 2012 йиллар давомида бевосита Фонд томонидан 4 мингга яқин маҳаллаларнинг компьютер жамланмаси, 3020 та фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг мебель жиҳозлари янгиланди. Фуқаролар йиғинлари ҳамда Фонд тизими ходимларининг малакасини ошириш мақсадида ҳар йили ўқув семинарлари ташкил этилмоқда.
Маҳалла нуфузини ҳар томонлама юксалтиришда фуқаролар йиғинларида асосий фаолият йўналишлари бўйича ташкил этилган турли комиссиялар, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаларининг ҳам алоҳида ўрни бор. Улар фаолиятини янада кучайтиришда “Энг намунали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари”, “Фуқаролар йиғинларининг энг намунали диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси”, “Энг намунали хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси” каби  кўрик-танловларнинг аҳамияти катта бўлаётир. Ўтган йиллар мобайнида ушбу кўрик-танловлар орқали мингдан зиёд илғор маҳаллаларнинг иш тажрибаси оммалаштирилгани ана шундан далолат беради.
Фонд томонидан фуқаролар йиғинларининг аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлари самарадорлигини оширишга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Шу мақсадда Фонднинг бўлим ва бўлинмалари маҳаллаларда Маънавият тарғиботи жамоатчилик комиссиялари ва “Маънавият хоналари” ҳамда 3400 дан зиёд ахборот-ресурс марказлари ташкил этилишига кўмаклашди. Бундан ташқари, баркамол авлодни тарбиялашда “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлик механизмини кучайтириш бўйича тасдиқланган чора-тадбирлар мажмуаси жадал амалга оширилмоқда. 
Ўзини ўзи бошқаришнинг халқимизга хос ноёб ва таъсирчан тизими бўлган маҳаллани бугунги кунда хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантириш борасида изчил чора-тадбирлар кўрилаётгани диққатга сазовордир. Маълумки, халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган тадбиркорлик истиқлол шарофати билан янада ривож топмоқда. Авлоддан-авлодга ўтиб келаётган кулоллик, темирчилик, косиблик, ёғоч ўймакорлиги, зардўзлик, каштачилик каби ҳунармандчилик турлари, чорвачилик ва деҳқончиликни ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Дарҳақиқат, юртимизда нафақат ҳунармандлар, балки оилавий бизнесни йўлга қўймоқчи бўлган ҳар бир тадбиркор давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланаётир. Ўзбекистон Республикасининг “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилингани бунда айни муддао бўлди. Ҳозирги кунда “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларда ҳам ана шу масалалар инобатга олинмоқда. Бундан ташқари, Фонднинг республика бошқаруви томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда фуқаролар йиғинлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган 20 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари ишлаб чиқилаяпти.
Бугун маҳаллаларда оилавий бизнеснинг қишлоқ хўжалиги йўналиши кенг ривожланаётгани эътибор ва эътирофга молик. Мамлакатимиз бўйича 4 миллиондан зиёд хонадонга тегишли 495 минг гектар томорқада сабзавот, мева, полиз экинлари етиштирилиб, бозорлар тўкинлиги таъминланаётир. Оилавий бизнеснинг чорвачилик йўналиши ҳам жадал тараққий этмоқда. Бугун 4 миллиондан зиёд хонадонда 7 миллиондан ортиқ қорамол парвариш қилинаяпти. Кўплаб оилаларда эса асаларичилик, балиқчилик ва паррандачилик фаолияти кенг қулоч ёймоқда. Оилавий бизнеснинг савдо ва хизмат кўрсатиш соҳалари ҳам тобора ривожланиб бормоқда. 
Табиийки, олдимизда турган муҳим вазифалар анчагина. Хусусан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини самарали йўлга қўйиш, уларнинг ислоҳотлар жараёнидаги ролини ошириш, аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, Фонднинг ҳудудий бўлим ва бўлинмалари ҳамда фуқаролар йиғинларининг соғлом авлодни тарбиялаш билан боғлиқ фаолиятини бугунги талаб даражасида ташкил этиш зарур. “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастури ҳамда Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясидан келиб чиқиб, маҳалла фаолиятининг ташкилий асосини такомиллаштириш, унинг вазифалари кўламини кенгайтириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш ҳам айни муддаодир. 
Албатта, бундай вазифаларни муваффақиятли бажариш биздан катта билим ва масъулият талаб этади. Бунда, айниқса, Президентимизнинг шу йил 9 июлдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари меҳнатини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони муҳим дастуриламал бўлади. Зеро, мақсадимиз кучли фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали юртдошларимизнинг фаровон ҳаёт кечиришларини таъминлаш экан, бор билим ва маҳоратимизни шу эзгу ишга йўналтирамиз.

Анвар АҲМЕДОВ, 
«Маҳалла» хайрия жамоат фонди республика
бошқаруви раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси.

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati