O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

МАҲАЛЛИЙ КЕНГАШЛАР ФАОЛИЯТИНИНГ АСОСИЙ МЕЗОНИ

 

Олий Мажлис Сенати Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлардаги намунавий халқ депутатлари туманлар Кенгашлари фаолиятини ўрганиш натижаларига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сенат комиссияси аъзолари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, доимий комиссиялар раислари қатнашди.

Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуни ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларнинг барча халқ депутатлари туман Кенгашлари томонидан маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар рўёбга чиқарилмоқда. Хусусан, бунга Уйчи, Мирзаобод, Юқори Чирчиқ, Нурота туманлари Кенгашлари фаолиятини  мисол сифатида келтириш мумкин. Мазкур Кенгашларда депутатлар ва доимий комиссиялар аъзоларини сессиялар муҳокамасига киритилаётган масалаларни тайёрлашга жалб этиш, қонун ҳужжатлари, давлат дастурлари ва минтақавий дастурлар ижроси устидан депутатлик назоратини амалга ошириш, ижро этувчи ҳокимият мансабдор шахсларининг ҳисоботларини эшитиш, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш, депутатлик сўрови натижаларини мониторинг қилиш ҳамда электоратни халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар, доимий комиссиялар ва депутатлар фаолиятидан хабардор қилишда оммавий ахборот воситаларидан кенг фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда.
Йиғилишда айрим халқ депутатлари туман Кенгашларида ўз қарорларини ижро этиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, доимий комиссия ва депутатлар фаолияти самарадорлигини ошириш билан боғлиқ масалаларни амалий ва танқидий руҳда муҳокама қилишда депутатлар корпусининг фаол иштирокини таъминлаш масалаларига етарлича эътибор қаратилмаётганлиги танқид қилинди. Жумладан, туман Кенгашлари доимий комиссиялари мажлислари ва сессиялари муҳокамасига депутатлар томонидан жуда кам масалалар киритилмоқда. Шунингдек, улар маҳаллий бюджет лойиҳаларини тайёрлаш ва муҳокама қилиш, иш ўринлари ташкил этиш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш дастурлари лойиҳаларини ишлаб чиқишда етарлича фаоллик кўрсатмаяпти.
Муҳокама чоғида бундай камчилик ва нуқсонларни бартараф қилиш, маҳаллий Кенгашлар ва уларнинг доимий комиссиялари фаолиятини қонун ҳужжатлари талаблари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар регламентига ва доимий комиссиялар тўғрисидаги низомга мувофиқ такомиллаштириш зарурлиги айтиб ўтилди. Шу вазифалар бўйича иштирокчилар томонидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Мажлисда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати.

Xalq so'zi gazetasi

16.08.2012

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati