O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Олий мажлис сенатининг саккизинчи ялпи мажлиси олдидан       

ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Маълумки, мамлакатимиз мустақилликнинг илк йиллариданоқ ўз миллий ҳуқуқий тизимини яратиш баробарида, халқаро ҳуқуқ нормаларининг устуворлигини тан олиб, жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида халқаро талабларга риоя этишга тайёрлигини амалда намоён қилди.

Ўзбекистон халқаро шартномалар, конвенция ва битимларга қўшилибгина қолмасдан, улар бўйича зиммасига олган халқаро мажбуриятларни бажариш, барча органлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар мазкур ҳужжатлар талабларига сўзсиз риоя этишининг механизмини қонун йўли билан мустаҳкамлаб қўйди. Энг муҳими, давлатимизнинг бу борада оғишмай амалга ошираётган саъй-ҳаракатлари халқаро ҳамжамият томонидан алоҳида эътирофини топмоқда.
Айни пайтда Ўзбекистон халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойилларини миллий қонунчиликка сингдириб, ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ҳамкорликка ҳисса қўшадиган халқаро ҳужжатларни мунтазам ратификация қилиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилаётган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун ҳам ана шу мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 5 июлдаги “Хорижий расмий ҳужжатларни легаллаштириш талабини бекор қилувчи конвенция (Гаага, 1961 йил 5 октябрь) қоидаларини амалга ошириш чоралари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. У миллий қонунчиликни мазкур Конвенция талаблари билан уйғунлаштиришни кўзда тутади. Эслатиб ўтамиз, мамлакатимиз 2011 йил 4 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан мазкур Конвенцияга қўшилган.
Шу ўринда Хорижий расмий ҳужжатларни легаллаштириш талабини бекор қилувчи конвенция (Гаага, 1961 йил 5 октябрь) мамлакатимиз фуқаролари, хўжалик юритувчи субъектлар, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари учун муайян енгилликлар яратиш билан бирга, бу борада халқаро ҳамкорликни кенгайтириб, хорижлик инвесторлар, бизнес доираларининг мамлакатимизда фаол иш олиб бориши учун шарт-шароит барпо қилишини алоҳида қайд этиш лозим.
Шуни таъкидлаш жоизки, апостил қўйилган расмий ҳужжатларни ҳеч қандай қўшимча легаллаштириш талаб қилинмайди ва улар Гаага конвенцияси иштирокчи давлатлари томонидан тан олинади. Мазкур Конвенция иштирокчилари юзга яқинлигини инобатга олсак, ушбу давлатлар ўртасида расмий ҳужжатлар юридик кучини тан олишда оддийгина апостилни қўйиш орқали амалга ошириш етарли ҳисобланади.
Бу, табиийки, давлатлар ўртасида расмий ҳужжатларнинг юридик кучини тан олишда ортиқча расмиятчиликларга барҳам беради.
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан юқорида номи зикр этилган Конвенция талабларига уйғунлаштириш мақсадида мамлакатимизнинг Фуқаролик кодексига апостил қўйилган расмий ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳақиқий ҳисобланишини назарда тутувчи қоида киритилмоқда. Шунингдек, ушбу норма “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Жамоат фондлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ҳамда Солиқ кодексига ҳам киритилмоқда.
Хулоса ўрнида айтганда, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши хорижий расмий ҳужжатларни легаллаштириш жараёнида тартиб-таомилларнинг соддалашувини таъминлашда, шунингдек, давлатлар ўртасидаги соҳага оид муносабатларнинг ягона тарзда тартибга солинишида муҳим аҳамият касб этади.

Р. ҚЎРҒОНОВА,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

"Xalq so'zi" gazetasi, 16.03.2012

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati