O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Олий мажлис сенатининг саккизинчи ялпи мажлиси олдидан       

СУҒУРТА ФАОЛИЯТИНИНГ ҚОНУНЧИЛИК АСОСЛАРИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ — ДАВР ТАЛАБИ

Мамлакатимизда амалга оширилган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар самараси ўлароқ, молия бозори шаклланиб, унинг замонавий турлари ҳаётга жорий этилди. Чунончи, суғурта бозори изчил равнақ топди. Бунда, албатта, Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан суғурта хизматларини кўрсатишда рақобатни шакллантириш, суғурта фаолиятининг замонавий турларини ривожлантириш ва сифатини ошириш, суғурталовчиларнинг капиталлашув даражасини кўпайтириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш, уларнинг ҳудудий тармоқларини кенгайтириш, шунингдек, суғурталашни тартибга солиш усулларини такомиллаштириш бўйича кўрилган чора-тадбирларнинг аҳамияти ниҳоятда катта бўлди.

Мазкур саъй-ҳаракатларни амалга оширишда “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги Қонун, Президентимизнинг “Суғурта хизматлари бозорини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Суғурта хизматлари бозорини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари муҳим асос бўлиб хизмат қилаётир. Негаки, ушбу ҳуқуқий ҳужжатлар асосида суғурталаш, суғурта фаолияти ва суғурта назоратининг қонунчилик ҳамда норматив-ҳуқуқий базасини халқаро амалиётга мувофиқ янада такомиллаштириш, кўрсатилаётган суғурта хизматлари, айниқса, тадбиркорлик фаолиятини, импорт-экспорт операцияларини суғурталаш, ҳаётни узоқ муддатга суғурталаш, шу жумладан, суғурта хизматлари ҳажмини, кўламини кенгайтириш ва сифатини ошириш, соҳага кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Пировардида суғурта соҳаси мамлакатимиз молия бозорида жадал ривожланиб, ҳаётимизнинг барча жабҳаларини қамраб олди. Ўтган йили суғурта компаниялари томонидан тўпланган суғурта мукофотлари ҳажми 2010 йилдагига нисбатан 36,6 фоизга ўсгани ҳам фикримизни тасдиқлайди.
Дарҳақиқат, суғурта фаолияти мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ривожланаётган тармоқларидан ҳисобланади. Тармоқда изчил ўзгаришлар юз бериб, янги суғурта турлари ҳаётга татбиқ этилмоқда, халқаро тажрибанинг илғор ютуқларидан самарали фойдаланилмоқда. Буларнинг барчаси, табиийки, суғурта фаолиятини тартибга солувчи қонунчиликни изчил такомиллаштириб боришни тақозо қилаётир. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг саккизинчи ялпи мажлисида муҳокама этилиши кутилаётган “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бу борада муҳим аҳамиятга эгадир.
Аввало, шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мазкур Қонун суғурта фаолияти иштирокчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга, суғурта қонунчилигини такомиллаштиришга йўналтирилган.
Шу ўринда ушбу Қонун суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари фаолиятига қўшимча енгилликлар беришни кўзда тутишини айтиб ўтиш лозим. Чунончи, суғурта товонини (суғурта пулини) нафақат юридик ёки жисмоний шахслар тўлайдиган суғурта мукофотларидан, балки бошқа манбалар ҳисобидан ҳам қоплаш имкониятини яратиб беради. Чунки амалиёт шуни кўрсатаяптики, суғурта ташкилотлари бугун инвестиция фаолияти, чет эл суғурта ташкилотларига сюрвейер ва аджастер ҳамда бошқа хизматларни кўрсатиш орқали ҳам ўз даромадини шакллантириб келмоқда.
Қолаверса, Қонуннинг қабул қилиниши суғурта компанияларига суғурта товонини (суғурта пулини) тўлаш тўғрисида холис ва асосли қарор қабул қилиш, шартнома шартларини ҳамда белгиланган талабларни бажаришда, суғурта ҳодисаси рўй беришининг сабаблари ва ҳолатларини аниқлашда кенг имконият яратиб беради.
“Суғурта фаолияти тўғрисида”ги Қонунга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар, ўз навбатида, суғурта бозори профессионал иштирокчилари манфаатлари кафолатларини таъминлаш, уларга қатор енгилликлар бериш билан бир қаторда, масъулиятини ҳам оширади. Шунингдек, ушбу тузатишлар суғурта қилдирувчилар, наф олувчилар, суғурталанган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини янада ишончли муҳофаза этишга хизмат қилади. Энг муҳими, суғурта фаолияти қонунчилигининг такомиллаштирилгани мамлакатимиз молия бозорининг муҳим таркибий қисми бўлган суғурта бозорини изчил ривожлантириш, жисмоний ва юридик шахсларга сифатли суғурта хизматлари кўрсатишда айни муддао бўлади.

Ш. ХАМРАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзоси.

"Xalq so'zi" gazetasi, 15.03.2012

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati