O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

ЭЗГУ ТАШАББУС
халқимизни янги марралар сари илҳомлантирмоқда

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20 йиллигига бағишланган тантанали маросимда давлатимиз раҳбари таклифи билан келаётган йил мамлакатимизда “Обод турмуш йили” деб эълон қилинди. Айтиш жоизки, бу юрт равнақи, эл фаровонлигини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қиладиган навбатдаги ҳаётий ва халқчил ташаббусдир. Шунинг учун ҳам юртдошларимиз, кенг жамоатчилик ушбу таклифни кўтаринки кайфият, қувончу хурсандчилик билан кутиб олди. Бунга Олий Мажлис Сенати аъзолари билан суҳбатлашганимизда ҳам яна бир бор амин бўлдик.

Абдумавлон МАҲМУДОВ, 
Олий Мажлис Сенати аъзоси, Сардоба туманидаги “Барака” фермер хўжалиги раҳбари:

—    Президентимизнинг маърузасини катта ҳаяжон ва эътибор билан тингладик ҳамда она-Ватанимиз барқарор ривожланиш йўлидан дадил одимлаётганидан чексиз ғурурландик. Дарҳақиқат, Асосий Қонунимиз ва давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати шарофати билан истиқлолнинг илк йилларидаёқ узоқни ўйлаб ишлаб чиқилган тараққиётнинг “ўзбек модели” ҳаётга татбиқ этилди. Бу барча соҳалардаги ютуқларимизга асос бўлмоқда.
Хусусан, қишлоқ хўжалигининг таянч институти — фермерлик ҳаракати йилдан-йилга равнақ топиб, аграр тармоқни ҳаракатлантирувчи етакчи кучга айланди. Бинобарин, бугунги кунда фермер хўжаликларида етиштирилган ҳосил нафақат нест-нобуд қилинмасдан йиғиб олинмоқда, балки қайта ишланиб, тайёр маҳсулотлар сифатида халқимизга етказиб берилмоқда. Бу, ўз навбатида, рўзғоримизга барака киритмоқда. 
Бизнинг фермер хўжалигимизда ҳам яқин кунларда ғишт заводи ишга туширилади. Мақсадимиз — аҳоли ҳамда қурилиш ташкилотларини сифатли, рақобатбардош қурилиш маҳсулотлари билан таъминлаш, шу орқали ҳудудимиз ва юртимизнинг янада ривож топишига ўз ҳиссамизни қўшишдан иборат.

Насриддин САДРИДДИНОВ, 
Олий Мажлис Сенати аъзоси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Наманган вилояти бўлими раиси:

—    Давлатимиз раҳбари томонидан келгуси йил “Обод турмуш йили” деб эълон қилинди. Бундай эзгу ташаббус мустақиллик йилларида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларини сифат ҳамда самара жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади, албатта.
Маълумки, оилалар мустаҳкамлиги, турмуш ободлиги ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда маҳалланинг ўрни ниҳоятда беқиёс.
Шунинг учун қабул қилинадиган Давлат дастурида фуқаролик жамиятининг ушбу ноёб институтини янада тараққий топтиришга алоҳида эътибор қаратилиши, шубҳасиз. Бу эса маҳалланинг оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, фуқаролар ўртасида тинчлик, тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш маркази сифатидаги ролини янада оширади.
Буларнинг барчаси аҳоли даромадларини кўпайтириш асосида унинг турмуш даражасини бундан-да яхшилаш, жамиятнинг ҳар бир аъзоси учун обод турмушни таъминлашга хизмат қилади.  

Фарида АБДУРАҲИМОВА, 
Олий Мажлис Сенати аъзоси, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси: 

—    2013 йилнинг Президентимиз ташаббуси билан “Обод турмуш йили” деб эълон қилиниши давлатимиз томонидан олиб борилаётган ижтимоий сиёсатнинг мантиқий давомидир. Таъкидлаш жоизки, юртимизда халқимиз фаровонлигини изчил оширишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалиётга кенг жорий этилмоқда.
Шунга муштарак равишда келгуси йил учун ишлаб чиқиладиган Давлат дастури асосида ушбу йўналишда, хусусан, ҳар бир оила бахту саодати, мамлакат ободлигини таъминлашга қаратилган шарт-шароитлар ва имкониятларни янада кенгроқ яратишга эътибор қаратилади. 
Барчамизга аёнки, ижтимоий сиёсатнинг асосий йўналишларидан бири — янги иш ўринлари яратиб, хонадонларнинг моддий салоҳиятини юксалтиришдан иборат. Янги йил учун режалаштирилаётган ислоҳотлар замирида ҳам ана шу эзгу анъана ўзининг яққол инъикосини топиши, шубҳасиз. 
Шу нуқтаи назардан айтганда, 2013 йил пойтахтимизда 82 мингта янги иш ўрни ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Унинг ярмидан кўпи аёллар ва ёшлар ҳисобига тўғри келади. Бу эса мамлакатимизда хотин-қизлар ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини муҳофаза қилиш, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказиш, уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашлари учун алоҳида ғамхўрлик кўрсатилаётганининг тасдиғидир. 
Ишончимиз комилки, барча юртдошларимиз, жумладан, Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмитаси, унинг бошланғич ташкилотлари вакиллари ҳам Президентимиз ташаббусига жавобан бор куч-ғайратини аёлларнинг оила ва жамиятдаги ролини оширишга қаратиб, қабул қилинадиган “Обод турмуш йили” Давлат дастурида белгилаб бериладиган вазифаларни бажаришда янада фаоллик кўрсатадилар.

Чоп этилган сана: 18.12.2012 13:01:11
Янгиланган сана:

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati