O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

СУД ТИЗИМИ ИСЛОҲОТЛАРИНИ ЧУҚУРЛАШТИРИШ — ДАВР ТАЛАБИ

 

Ўзбекистон Республикаси Олий судида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан “Суриштирув ва дастлабки терговни юритишда суд назоратини кучайтириш” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, адвокатура вакиллари, бир қатор олий ўқув юртларининг олимлари, илмий тадқиқот институтлари ва марказлари ходимлари қатнашди.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, мустақиллик йилларида дастлабки тергов босқичида суд назоратини кучайтириш, бу соҳадаги суд ишларини юритишни либераллаштириш бўйича чора-тадбирлар мажмуи амалга оширилди. Хусусан, “Хабеас корпус” институти жорий этилганлиги, яъни эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш учун санкция бериш ҳуқуқи 2008 йилдан бошлаб прокурордан судларга ўтказилганлиги қонун устуворлигини таъминлашда, шахс ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда муҳим қадам бўлди. Ушбу тартиб фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини, дахлсизлигини муҳофаза этишнинг муҳим омили бўлди. Мамлакатда қабул қилинаётган қонунлар, олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, эркин фуқаролик жамиятини шакллантиришда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилди.
Маълумки, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш мақсадида тегишли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар мажмуини амалга ошириш таклиф этилган эди. Улар орасида Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 29 ва 31-бобларига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритишга муҳим ўрин ажратилган бўлиб, уларда белгиланадиган тартибга мувофиқ, судга қадар иш юритиш босқичида қўлланиладиган процессуал мажбурлов чоралари, чунончи, шахсни лавозимдан четлаштириш ва тиббий муассасага жойлаштириш чораси фақат судьянинг санкцияси билан қўлланиш таклиф қилинган.
Тадбирда ушбу ваколатларнинг прокурордан суд органларига ўтказилиши суриштирув ҳамда дастлабки тергов пайтида суд назоратини кучайтириши, жиноят процессида “Хабеас корпус” институтини қўллаш соҳасини кенгайтириши таъминлаши қайд этилди.
Анжуманда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини юксалтириш, судга қадар иш юритиш босқичида суд назоратини кенгайтириш истиқболлари, суриштирув ва дастлабки терговни юритишда суд назоратини ташкил этиш муаммолари ҳамда халқаро тажриба, шунингдек, бошқа долзарб масалалар тўғрисида фикр алмашилди.
Шунингдек, жиноят-процессуал қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш ва жиноят процессида тортишув принципини кучайтиришнинг қонунчилик базасини ривожлантириш бўйича бир қатор таклифлар билдирилди, суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш соҳасидаги қонун ҳужжатларини қўллаш тажрибасини оммавий ахборот воситаларида ёритиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўриш мақсадга мувофиқ эканлиги таъкидланди.
Давра суҳбати якунлари бўйича тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати.

Xalq so'zi gazetasi

14.08.2012

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati