O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

КОМИССИЯ МАЖЛИСИ

ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ МАҲАЛЛИЙ КЕНГАШЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ МОНИТОРИНГ ҚИЛИШ НАТИЖАЛАРИ МУҲОКАМА ЭТИЛДИ

2012 йилнинг 12 октябрида парламент юқори палатасида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясининг мажлисида 2012 йилнинг биринчи ярмида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятини мониторинг қилиш натижалари муҳокама этилди.
Мажлис ишида Сенат комиссиясининг аъзолари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Тошкент давлат юридик институти профессор-ўқитувчилари жамоаси, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.
Шу нарса қайд этилдики, 2012 йилнинг биринчи ярим йиллигида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, шунингдек улар доимий комиссиялари фаолиятининг сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича ишлар изчил равишда давом эттирилди. Хусусан, аксарият халқ депутатлари Кенгашлари ва уларнинг доимий комиссиялари ўз фаолиятларида ҳудудларни ривожлантириш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ижтимоий-иқтисодий масалалар муҳокамасига алоҳида эътибор қаратдилар. Бундай масалалар Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, ҳукумат қарорлари, шунингдек давлат ҳамда ҳудудий дастурларнинг бажарилишини таҳлил қилиш қай даражада олиб борилаётганлиги нуқтаи назаридан муҳокама этилди. Шу ўринда халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши ҳамда мазкур вилоят халқ депутатлари айрим туман Кенгашлари томонидан амалга оширилаётган ишларни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.
Халқ депутатлари Андижон, Бухоро, Самарқанд ва Навоий вилоят Кенгашлари томонидан қабул қилинган қарорларни таҳлил этиш улар томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг сифати йилдан-йилга ошиб бораётганлигидан далолат беради. Уларда муҳокама этилаётган масалаларни чуқур таҳлил этиш асосида муайян норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижро этиш давомида йўл қўйилган камчиликларни бартараф қилиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланади, уларни ижроси бўйича аниқ муддатлар ҳамда масъул ижрочилар белгиланади. Ижро ҳокимияти маҳаллий органлари раҳбарларининг тингланаётган ҳисоботларини танқидий таҳлил этишга кўпроқ эътибор қаратаётган халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши фаолиятини ҳам тилга олиб ўтиш ўринлидир.
Шу билан бирга мониторинг натижалари шуни кўрсатадики, халқ депутатлари аксарият туман ва шаҳар Кенгашларининг ҳамда улар доимий комиссияларининг фаолиятида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг регламентлари ҳамда улар доимий комиссиялари тўғрисидаги низомга мувофиқ масалаларни тайёрлаш ва муҳокама этиш борасида лоқайдликка йўл қўйилмоқда ва етарли даражада принципиаллик кўрсатилмаяпти. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг айримларида ҳамда уларнинг доимий комиссияларида қарорларни уларнинг ижрочиларига ўз вақтида етказиб бериш устидан назорат ўрнатилмаган, ўз қарорларининг ижроси қандай бораётганлиги таҳлил этилмайди. Маҳаллий ҳокимият вакиллик органларининг фаолиятида амалдаги қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, ҳукумат қарорлари, давлат ва ҳудудий дастурлар ижросини доимий ҳамда тартибли тарзда назорат ва таҳлил қилишни амалга ошириш, шунингдек касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини эгаллаган мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштириш борасидаги фаолиятларида сезиларли сифат ўзгаришлари кўзга ташланмаяпти. Ушбу масалаларни пухта ишлаб чиқилган режалар асосида ўрганиш, тайёрлаш ва муҳокама этиш ишларига нодавлат нотижорат ташкилотлари, сиёсий партиялар депутатлик гуруҳлари ва мутахассисларнинг имкониятлари жалб этилмаяпти. Сенат, Сенат Кенгаши, Сенат қўмиталари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси қарорларини амалга ошириш, семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирларни ўтказишга, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва улар доимий комиссияларининг иш режаларини муфассал ва танқидий ишлаб чиқишга етарлича эътибор берилмаяпти.
Муҳокама давомида мажлис иштирокчилари қайд этиб ўтилган камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш, қонун ҳужжатларига, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг регламенти ҳамда улар доимий комиссиялари тўғрисидаги низомларга, шунингдек тегишли халқ депутатлари Кенгашлари томонидан қабул қилинган Кенгашлар ва уларнинг доимий комиссиялари фаолиятини кучайтиришга оид дастурларга мувофиқ қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиш зарурлигига эътиборни қаратдилар. Мажлис қатнашчилари ушбу масала бўйича яна бир қатор таклиф ва тавсияларни билдирдилар.
Муҳокама якунларига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясининг мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг босқичида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ўрни ва аҳамиятини янада оширишга қаратилган тегишли қарор қабул қилинди. 

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati