O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Олий мажлис сенатининг саккизинчи ялпи мажлиси олдидан       

Ж А Р А Ё Н: МАҲАЛЛА — ДЕМОКРАТИК ҚАДРИЯТЛАР МАСКАНИ

Мамлакатимизда иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий, маънавий, маърифий соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Фуқароларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш мақсадида “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойили ҳаётга изчил татбиқ этилаяпти.

Зеро, демократик қадриятларни рўёбга чиқариш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва ҳуқуқий онги ҳамда маданиятини юксалтириш, шунингдек, жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган фуқаролик жамияти институтлари изчил ривожлантирилмоқда. Табиийки, улар орасида маҳалланинг алоҳида ўрни бор.
Бугунги кунда юртимизда 10 мингга яқин фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи самарали фаолият кўрсатмоқда. Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан мустақиллик йилларида фуқаролар йиғинларининг ҳуқуқ ва ваколатлари кенгайтирилиб, улар жамиятни бошқаришнинг энг муҳим институтига айланди. Ҳозирги пайтда маҳаллалар илгари давлат ҳокимияти маҳаллий органлари ваколатида бўлган ижтимоий-иқтисодий хусусиятга эга 30 дан ортиқ вазифани бажариб келаётгани ҳам фикримизни тасдиқлайди. Жумладан, аҳолини, айниқса, ёрдамга муҳтож кишиларни маҳалла орқали ижтимоий ҳимоя қилишнинг ноёб амалиёти тобора такомиллашиб бораётир. Кам таъминланган оилалар, ёлғиз қариялар, ногирон ва етимларга моддий кўмак бериш, уларни моддий қўллаб-қувватлаш ҳам маҳалла орқали аниқ мақсадга йўналтирилган тарзда амалга оширилмоқда.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тавсиялари асосида кам таъминланган оилаларга қорамоллар ажратилаётгани, уларнинг уйларини таъмирлаш ҳамда фарзандларининг тўйларини ўтказишга кўмаклашилаётгани, шунингдек, мазкур жараёнда ўзлари ташаббус кўрсатаётганлиги ҳам ана шундай хайрли ишлардандир.
Бу борада, албатта, Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг алоҳида ўрни бор. Ҳозирги вақтда жамоат фонди аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишда фаол қатнашиш билан бирга, бозор иқтисодиёти шароитида маҳаллаларни ижтимоий-иқтисодий ва маданий-маърифий ривожлантиришга кўмаклашиб келмоқда. Буни ушбу жамоат фонди ташаббуси билан умумхалқ ҳашарлари ўтказилиб, маҳаллаларни ободонлаштириш, биноларини қуриш ва жиҳозлаш ишлари олиб борилаётгани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Жумладан, ўтган даврда 3600 дан ортиқ фуқаролар йиғинлари замонавий компьютерлар, мебель ва зарур инвентарлар билан жиҳозланди.
Бундан ташқари, маҳалла ёшларни миллий истиқлол ғоялари руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда ҳаётга татбиқ этилаётган демократик ислоҳотлар моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш, уларни турли зарарли оқимлар таъсиридан ҳимоя қилиш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, болалар ва ёшларни спорт билан шуғулланишга жалб этишга ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Қисқача айтганда, ушбу маскан ҳудудда соғлом ижтимоий, маънавий, руҳий барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Табиийки, бу борадаги ишларни изчил давом эттириш ҳамда маҳалланинг обрў ва нуфузини янада оширишни ҳаётнинг ўзи тақозо қилаётир. Шу боис Президентимиз томонидан тақдим этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида маҳалла фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, унинг вазифалари кўламини кенгайтириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ўзаро яқин ижтимоий ҳамкорлик муносабатларини таъминлаш зарурлиги устувор вазифа сифатида белгилаб берилди. Шундан келиб чиқиб, ҳозирги пайтда “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ва “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги қонунларга тегишли қўшимча ва ўзгартишлар киритиш бўйича қонун лойиҳалари устида иш олиб борилмоқда.
Олий Мажлис Сенати ҳам фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятига оид амалдаги қонунлар ижросини назорат-таҳлил тартибида ўрганиб, мазкур йўналишда турли анжуманлар ташкил этиб келмоқда. Ушбу тадбирлар давомида амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича келиб тушган турли таклифлар тегишли қонун ижодкорларига тақдим этилмоқда. Мазкур таклифлар Президентимиз томонидан белгилаб берилган маҳаллани аниқ йўналтирилган асосда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантириш, унинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан изчил жамоатчилик назорати олиб бориш тизимидаги вазифаларини янада кенгайтириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раислари сайлови тизимини такомиллаштириш, оқсоқол ва уларнинг маслаҳатчиларини муносиб фуқаролар орасидан сайлаш вазифаси билан бевосита боғлиқдир.
Бунда бир қатор масалаларга катта эътибор берилаётганини айтиб ўтиш жоиз. Аввало, фуқаролар йиғинлари роли ва мавқеини кучайтириш, уларнинг ваколатлари ҳамда ҳуқуқларини янада кенгайтириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайлов тизимини такомиллаштириш, улар томонидан аҳолининг ёрдамга муҳтож қисмини қўллаб-қувватлаш, оилавий бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш дастурларини ишлаб чиқиш, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш, ўтказиш бўйича ишчи гуруҳларни шакллантириш тизимини такомиллаштириш каби таклифлар кўзда тутилган.
Шунингдек, сайловнинг ташкил этилиши ва ўтказилиши учун масъул бўлган органлар ваколатларини янада аниқроқ белгилаш ва чегаралаб қўйиш ҳам инобатга олинмоқда.
Мухтасар айтганда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қонунчилик асоси бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда янада такомиллаштирилаяпти. Бундан кўзланган мақсад маҳаллани ҳақиқий демократия дарсхонаси ва энг халқчил маскан сифатида шакллантиришдан иборат. Зеро, ана шунда, Юртбошимиз таъкидлаганидек, маҳаллада сиёсий, иқтисодий ва бошқа масалаларга доир жамоатчилик фикри шаклланади.

Эркин РЎЗМЕТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Сенати аъзоси.

"Xalq so'zi" gazetasi, 10.03.2012

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati