O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Маҳаллий кенгашларда       

ТАШАББУСКОРЛИК ВА ФАОЛЛИК — САМАРАДОРЛИК ОМИЛИ

Қонун устуворлигини таъминлаш, ислоҳотларнинг бориши, хусусан, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга хизмат қилувчи муҳим дастурларнинг ҳаётга татбиқ этилиши устидан депутатлик назоратини амалга оширишда ҳокимият вакиллик органлари зиммасига катта масъулият юкланган. Бу, табиийки, ҳар бир депутатдан фаоллик ва ташаббускорликни, шунингдек, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари ҳамда улар ҳузуридаги доимий комиссиялар фаолиятини самарали йўлга қўйишни тақозо этади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият  вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси томонидан Тошкент вилояти ҳокимлигида ўтказилган ўқув-семинарнинг асосий мақсади мазкур масалага қаратилди. Унда сенаторлар, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги доимий комиссиялар раислари, ҳокимликларнинг  ташкилий-назорат  гуруҳлари раҳбарлари, сиёсий партияларнинг вилоят бўлимлари етакчилари, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари қатнашдилар.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда маҳаллий Кенгашлар ва улардаги доимий комиссиялар фаолияти сезиларли даражада жонланди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг сессияларида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларидан тортиб, қонунлар, давлат  дастурлари ва ҳудудий дастурлар ижросини таъминлаш, шу билан бирга, Президентимиз томонидан тақдим қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифаларни  рўёбга чиқаришнинг долзарб масалалари изчил муҳокама қилинмоқда. Жойларда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг сессиялари ва доимий комиссияларининг мажлисларига тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш борасида ижобий тажрибалар мавжуд.
— Ишни самарали ташкил этишимизда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ва унинг доимий комиссиялари билан олиб бораётган ўзаро ҳамкорлигимиз яхши натижалар бераяпти, — дейди халқ депутатлари Ўрта Чирчиқ тумани Кенгашининг Саноат, транспорт, қурилиш, коммунал хўжалиги, алоқа ва аҳолига хизматлар кўрсатиш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Эгамберди Эрназаров. — Бу борада, айниқса, Олий Мажлис Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясининг амалий кўмаги ва тавсиялари муҳим дастуриламал бўлаяпти. Натижада фаолиятимиз тобора кўлам ва салмоқ касб этиб бормоқда. Буни кейинги пайтларда туманимизда ўтказилаётган сессиялар кун тартибига олиб чиқилаётган масалаларнинг долзарблиги ва муҳокама якунлари юзасидан қабул қилинаётган қарорлар сифати ва таъсирчанлиги бирмунча ошганида ҳам кўриш мумкин.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати комиссия ва қўмиталари халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, уларнинг доимий комиссиялари ишини янада яхшилаш мақсадида фаол ҳамкорлик қилмоқда. Чунончи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2010 йил 30 декабрдаги қарори билан Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг намунавий регламенти ва Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг доимий комиссияси тўғрисида намунавий низом тасдиқланди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига Сенатнинг маҳаллий вакиллик органлари билан амалий ҳамкорлигини таъминлашнинг ташкилий-ҳуқуқий  асослари, шунингдек, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятини ташкил этиш бўйича қатор услубий қўлланмалар тарқатилди.
Шу билан бирга, амалиёт халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва улар доимий комиссияларининг ишини янада такомиллаштириб бориш зарурлигини кўрсатмоқда.
Ишчан ҳамда амалий руҳда ўтган ўқув-семинарда сенаторлар, маҳаллий Кенгашлардаги доимий комиссиялар раислари, ҳокимликлар ташкилий назорат гуруҳлари раҳбарлари томонидан мазкур йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар хусусида фикр ва мулоҳазалар ўртага ташланди.

Fайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Халқ сўзи газетаси, 10.02.2012

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati