O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Senator maqolalari         

БОШ МАҚСАД — ФУҚАРОЛАР ҲУҚУҚЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШ

Мамлакатимизда босқичма-босқич амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий мақсади инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилгандир. Зеро, давлатимиз раҳбари Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида таъкидлаганидек, жиноий-ҳуқуқий соҳадаги сиёсатни такомиллаштиришда жиноят ҳамда жиноят-процессуал қонунчилигини янада либераллаштириш ва инсонпарварлик тамойилларига уйғунлаштириш энг муҳим йўналишга айланди.

Олий Мажлис Сенатида маъқулланган ҳамда Президентимиз томонидан имзоланиб, яқинда матбуотда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ушбу йўналишдаги ишларнинг амалий ифодаси бўлиб, жиноят-процессуал қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда янада либераллаштириш, жиноят ишлари фақат жабрланувчининг шикоят аризаси асосидагина қўзғатилиши мумкин бўлган жиноятлар рўйхатини кенгайтиришга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.
Маълумки, Жиноят кодексида айнан шахснинг ҳуқуқларига тажовуз қилувчи яна бир қатор ижтимоий хавфи катта бўлмаган ҳамда унча оғир бўлмаган жиноятлар мавжуд. Қоида тариқасида, улар оилавий турмуш келишмовчиликлари замирида содир этилиб, амалиётда кўп ҳолларда тарафларнинг ярашуви асосида тугатилмоқда. Шу сабабли мазкур турдаги жиноят ишини фақат жабрланувчининг шикоят аризаси асосида қўзғатиш мақсадга мувофиқдир.
Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 325-моддаси янги таҳрирда баён этилиб, унда ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган, Жиноят кодексининг 11 моддасида кўзда тутилган жиноятлар бўйича жиноят ишлари айбдорни жавобгарликка тортишни сўраб жабрланувчи берган шикоят аризаси асосидагина қўзғатилиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.
Шу билан бирга, жабрланувчи айрим сабабларга кўра, яъни ночор аҳволда, айбланувчига қарам бўлганлиги ёки бошқа сабабларга кўра ўз ҳуқуқини ва қонуний манфаатларини шахсан ўзи ҳимоя қила олмайдиган алоҳида ҳолларда, прокурор жабрланувчининг шикоятисиз ҳам жиноят ишини қўзғатиши шартлиги тўғрисидаги амалдаги норма сақлаб қолинди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Жиноят-процессуал кодексига киритилган мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судларнинг ғоят мураккаб жиноятларни тергов қилиш ва очишга қаратилган ишларни кучайтиришига, умуман, жиноят ишлари бўйича иш юритишнинг сифатини янада яхшилашга шароит яратади. Бундан ташқари, шахслар ўртасидаги муносабатларни ҳал қилувчи муҳим фуқаролик институти бўлмиш маҳалла яраштирув комиссияларининг ўрни ва мавқеининг кўтарилишига ҳам ёрдам беради.
Маълумки, “Божхона хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида божхона органлари ўз ваколатлари доирасида тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган. Шу боис Жиноят-процессуал кодексининг тегишли моддасидаги тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар қаторига божхона органлари ҳам киритилди. Бу эса жиноятлар содир этилишининг дастлабки босқичларидаёқ уларнинг олдини олиш ва ўз вақтида тўхтатиш бўйича чораларнинг самарадорлигини оширади ҳамда қонунийликка риоя қилиш ва қонун устуворлигини таъминлашда божхона органларининг ролини янада кучайтиради.
Мухтасар айтганда, мазкур Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши жиноят-процессуал қонунчиликни янада либераллаштиришга, уни халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига мослаштиришга хизмат қилади.

Эркин РЎЗМЕТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 10.01.2012

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati