O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Парламент ҳаёти       

ҚУЛАЙ ИНВЕСТИЦИЯ МУҲИТИНИ ЯРАТИШ — ДОЛЗАРБ ВАЗИФА

Маълумки, мамлакатда инвестиция муҳитини янада такомиллаштириш, бу борада ҳуқуқий ва институционал  муаммоларни ҳал қилиш юқори технологияга асосланган рақобатбардош товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш, шунингдек, уларнинг халқаро бозорларга чиқишида муҳим омилдир.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2011 йилнинг асосий якунлари ва 2012 йилда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида жорий йилда хорижий инвестициялар ва жалб қилинадиган кредитлар  ҳажми 16 фоизга  кўпайиши алоҳида таъкидлаб ўтилди. Бунда инвестициялар миқдори 3,3 миллиард доллардан кўпроқни, шу жумладан, тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари  2,3 миллиард долларни ташкил этади. Давлатимиз раҳбари алоҳида қайд этиб ўтганидек, бу хорижий инвесторларнинг  иқтисодиётимизнинг  мустаҳкамлиги ва барқарорлигига, энг муҳими, Ўзбекистон тараққиётининг  истиқболига  бўлган қизиқиши ва ишончи тобора ортиб бораётганидан яққол далолат беради.
Сенатнинг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган “Мамлакат минтақаларига чет эл инвестицияларини жалб этишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг роли” мавзуидаги давра суҳбати бу соҳада миллий қонунчиликни такомиллаштириш ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг роли масалалари муҳокамасига бағишланди.
Тадбирда айтиб ўтилганидек, Ўзбекистонда инвестиция борасида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш ҳамда хорижий инвесторлар учун ҳуқуқий кафолатлар, тегишли имтиёзлар ва преференциялар тизими яратилган. Чет эл инвестицияларини барқарор жалб қилишда бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, иқтисодиётни эркинлаштириш ҳамда мулк ҳуқуқи ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича кўрилган чора-тадбирлар қўл келди. Мустақиллик йилларида Ўзбекистон иқтисодиётига 33 миллиард доллардан зиёд миқдорда чет эл инвестицияси жалб этилгани, кўплаб қўшма корхоналар фаолият кўрсатаётгани ҳам фикримизни тасдиқлаб турибди.
Тадбирда  мамлакатимиз Президенти томонидан  белгилаб берилган стратегик вазифа — Ўзбекистон иқтисодиётининг  келгусида  ривожланган демократик давлатлар даражасига чиқиб олишини таъминлаш иқтисодиётнинг изчил ислоҳ қилинишини,  уни таркибий ўзгартириш ва диверсификациялашни, юқори  технологияларга асосланган янги корхоналарни жадал ривожлантиришни, ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш ва техник  янгилаш жараёнларини  жадаллаштиришни талаб қилиши таъкидланди. Бу эса, кўп жиҳатдан, мамлакат иқтисодиётига жалб қилинаётган чет эл инвестициялари кўпайиши билан бевосита боғлиқ.
Шу боис давра суҳбатида хорижий инвестицияларни жалб этишда мамлакатимиз минтақаларининг ролини ошириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Маҳаллий ҳокимият органлари экспортчи корхоналарни  қўллаб-қувватлашни кучайтириши, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқарадиган корхоналарнинг экспорт ярмаркаларини ўтказиши, маҳсулотни реализация қилишнинг замонавий усулларидан кенг фойдаланиши айни муддао эканлиги ҳам йиғилиш қатнашчилари томонидан қайд этиб ўтилди.
Давра суҳбатида сенаторлар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, тегишли вазирлик ва идораларнинг вакиллари, олимлар ва мутахассислар мазкур соҳанинг  ҳуқуқий ва институционал асосларини такомиллаштиришга, қулай инвестиция муҳитини яратишга  қаратилган бир қатор таклиф ва тавсиялар бердилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Сенатининг Матбуот хизмати.

Халқ сўзи газетаси, 09.02.2012

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati