O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИДА

 

2012 йил 6 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. 

Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлисини шу йил 30 — 31 август кунлари Тошкент шаҳрида чақириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Сенат ялпи мажлисининг  кун тартибига  мамлакат сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг барча соҳаларини изчил ислоҳ қилиш ва либераллаштиришга, демократик янгилаш ҳамда фуқаролик жамиятини  ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг  қатор қонунлари киритилмоқда. Давлат ташқи сиёсатининг фундаментал принциплари ва  стратегик устувор йўналишларини, халқаро майдондаги мақсад ҳамда вазифаларини, ўрта ва узоқ истиқболда Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини илгари суриш механизмларини белгилаб берадиган қарашлар яхлит тизимининг ҳуқуқий асосини тартибга соладиган «Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни, хусусий мулк ҳуқуқини ва уни ҳимоя қилишни янада мустаҳкамлашга, дахлсизлигининг ишончли кафолатлари тизимини яратишга қаратилган «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни, суднинг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишда ҳамда жиноят ишларини судга қадар юритиш босқичида қонунийлик таъминланиши устидан назоратни амалга оширишда суднинг ролини кучайтириш мақсадида ишлаб чиқилган «Суд-ҳуқуқ  тизимини янада ислоҳ қилиш муносабати билан  Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни, кичик бизнес субъектлари барқарор ишлаши учун қулай шарт-шароитларни таъминлаб беришни, давлат бошқаруви органларининг мансабдор шахслари уларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиши ҳолларининг олдини олишни назарда тутадиган «Хўжалик юритувчи субъектларнинг  фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарлик жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ва бошқа бир қатор қонунлар шулар жумласидандир.

Сенаторлар Фарғона вилоятининг Фарғона шаҳри ва Фарғона тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масалани, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини ҳам кўриб чиқадилар.

Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатларига тааллуқли бошқа  масалалар ҳам муҳокама қилинади.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати.

O'zA, Xalq so'zi gazetasi

07.08.2012

Tilni o'zgartirmoq:

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati