O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўнинчи ялпи мажлиси тўғрисида

2012 йил 6 декабрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўнинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.

Сенаторлар ялпи мажлиснинг иккинчи кунини Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги Давлат бюджетини кўриб чиқишдан бошладилар. Мамлакатнинг бош молиявий ҳужжати макроиқтисодий мувозанатни ҳамда мамлакат иқтисодиёти юқори суръатларда ўсишини таъминлашга, диверсификация қилинган ва рақобатбардош иқтисодиётни шакллантиришга, мамлакат аҳолисининг фаровонлигини ва турмуш даражасини янада оширишга қаратилганлиги қайд этилди. Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги Давлат бюджети Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида қўйилган вазифаларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан мамлакат ҳукуматининг 2012 йил 19 январдаги мажлисида белгилаб берилган мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг асосий устувор йўналишлари амалга оширилишини ҳисобга олиб ишлаб чиқилган.

Сенаторлар ўтган йиллардаги каби, 2013 йилда ҳам солиқ сиёсати хўжалик юритувчи субъектларга ва аҳоли даромадларига тушадиган солиқ юкини янада камайтиришга, солиқ солиш тизимини соддалаштириш, солиқ маъмуриятчилиги чораларини кучайтириш, солиқ солиш объектларини камайтириб кўрсатиш ва яшириш ҳолларига чек қўйиш йўли билан мамлакат иқтисодиётини янада модернизациялаш ва янгилаш учун қулай шароитлар яратишга йўналтирилишини кўрсатиб ўтдилар.

Аҳолининг реал даромадларини кўпайтириш мақсадида келгуси йилда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг энг кам ставкаси бир фоиз бандига камайтирилади, бу эса солиқ тўловчиларнинг ҳар қайси гуруҳидан олинадиган солиқнинг қисқаришини таъминлайди. Натижада жисмоний шахслар ихтиёрида қўшимча равишда 186 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ қолади.

Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган жисмоний шахсларга тушадиган солиқ юкини камайтириш учун йил бошидаги энг кам иш ҳақидан (энг кам иш ҳақи йил давомида ўзгаришидан қатъи назар) келиб чиққан ҳолда энг кам иш ҳақининг каррали миқдорларида ҳисобланадиган қатъий солиқ ставкаси белгиланмоқда.

2013 йилда бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва ижтимоий нафақалар миқдорларини босқичма-босқич ошириш чораларини рўёбга чиқариш бўйича ишлар давом эттирилади, бу эса ўз навбатида аҳоли турмушининг сифати ва даромадлари ошиши учун шароитлар яратади. Умуман олганда, 2013 йилда ижтимоий соҳани молиялашга бюджет харажатларининг 59,2 фоизини ажратиш мўлжалланмоқда. Келгуси йилда соғлиқни сақлаш эҳтиёжларига барча бюджет маблағларининг 14,5 фоизи ажратилмоқда. Шу билан бир қаторда, Бюджетдан ташқари таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан келгуси йилда жами 204 миллиард сўмга 217 та умумтаълим мактабини реконструкция қилиш ҳамда 164 та умумтаълим мактабини мукаммал таъмирлаш назарда тутилмоқда, 159 та академик лицейни ва касб-ҳунар коллежини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашга 2013 йилда 129 миллиард сўм ажратилади.

Соғлиқни сақлаш муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш дастурини амалга оширишга, шунингдек, соғлиқни сақлаш муассасаларини энг янги лаборатория, диагностика ва даволаш ускуналари, компьютер техникаси ва бошқа тиббиёт аппаратлари, ихтисослаштирилган мебель ва инвентарь билан таъминлаш ҳамда доимий равишда тизимли қайта жиҳозлашга 2013 йилда Жамғарма маблағлари ҳисобидан 312 миллиард сўм ажратиш таклиф қилинмоқда. Хусусан, келгуси йилда ушбу жамғарма маблағлари ҳисобидан 7 600 ўринга эга бўлган ҳамда 5 800 нафар беморни қабул қилишга мўлжалланган 54 та туман тиббиёт бирлашмасини, 1500 ўринга эга бўлган ҳамда 300 нафар беморни қабул қилишга мўлжалланган вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларини, 400 ўринга эга бўлган 5 та сил касаллигига қарши диспансерни, 2 000 нафар беморни қабул қилишга мўлжалланган 32 та қишлоқ врачлик пунктини қуриш ва реконструкция қилиш назарда тутилмоқда.

Бюджет сиёсатида бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, аҳолига кўрсатиладиган ижтимоий ёрдамнинг манзиллилигини кучайтириш, шунингдек, бюджетлараро муносабатлар тизимини янада ислоҳ қилиш бўйича маҳаллий ҳокимият органларининг мустақиллигини ҳамда даромадлар базасини кенгайтиришдан ва ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини оширишдан манфаатдорлигини кучайтиришга қаратилган чоралар назарда тутилган.

Сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги бюджет ва солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари, шунингдек, Давлат бюджетининг параметрлари, умуман олганда, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига, жамият ҳаётининг ҳамма соҳаларида ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, халқ фаровонлигини изчил ошириб боришнинг стратегик дастурига мослигини алоҳида таъкидладилар. Муҳокама якунлари бўйича сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги Давлат бюджетини тасдиқладилар ва тегишли қарор қабул қилдилар.

Сенаторлар “Cолиқ ва бюджет сиёсатининг 2013 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги, шунингдек, солиқ ҳисоботини тақдим этиш даврийлиги қисқартирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини ҳам кўриб чиқдилар. Қонун 2013 йилга мўлжалланган солиқ сиёсатининг концепциясига мувофиқ, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 16 июлдаги “Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2012 йил 18 июлдаги “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонларини ижро этиш юзасидан тайёрланган.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонуннинг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларининг фаолияти учун, жумладан, ҳисоботларни қисқартириш ҳамда ҳисобот ва уни тақдим этиш тартибини соддалаштириш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва хўжалик юритувчи субъектларга тушадиган солиқ юкини янада камайтириш йўли билан, ғоят қулай шароитлар яратади.

Шундан кейин сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг қатор хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари бошлиқларини тайинлаш тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги масалаларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқдилар.

Кўриб чиқилган барча масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати тегишли қарорлар қабул қилди.

Сенатнинг икки кунлик мажлиси давомида 20 та масала, шу жумладан демократик ислоҳотларни босқичма-босқич ва изчил чуқурлаштиришга ҳамда фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган 8 та қонун кўриб чиқилди. Уларнинг рўёбга чиқарилиши аҳолининг турмуш даражасини, мамлакатимизда барқарорлик ва фаровонликни янада оширишнинг қудратли омили бўлади.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўнинчи ялпи мажлиси ўз ишини тамомлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг матбуот хизмати

Для содержимого этой страницы требуется более новая версия Adobe Flash Player.

Получить проигрыватель Adobe Flash Player


Чоп этилган сана: 06.12.2012 20:21:11
Сўнгги янгиланган сана:


O'zbekcha | Русский| English | Arabian

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati