O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Қонун кучга кирди

Сенатор Абдурашид АЛТИЕВ: ХУСУСИЙ МУЛК
демократик қадрият ва жамият тараққиётининг муҳим омилидир

Сенатор Абдурашид АЛТИЕВ: ХУСУСИЙ МУЛКМаълумки, Президентимиз томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида хусусий мулк ҳимоясини таъминлаш соҳасидаги навбатдаги устувор вазифалар белгилаб берилганди.

Бунда хусусий мулкнинг ҳуқуқ ва ҳимоясини мустаҳкамлаш, ҳар қайси хусусий мулкдор қонуний йўл билан қўлга киритган ёки яратган ўз мулкининг дахлсизлигига асло шубҳа қилмаслигини таъминлайдиган ишончли кафолатлар тизимини яратиш, давлат ҳар бир хусусий мулкдор ҳуқуқларининг ҳимоячиси бўлиши, шунинг учун ҳам тадбиркорлар ўз бизнесига инвестиция киритиши, ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтириши, маҳсулот ҳажми ва олаётган даромадини кўпайтириши, ўз мулкига ўзи эгалик қилиши, фойдаланиши, тасарруф этиши учун хусусий мулкка нисбатан давлат томонидан берилаётган асосий кафолатларни мустаҳкамлашга қаратилган “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарурлиги алоҳида таъкидланган эди.
Яқинда парламент палаталарида қабул қилинган ҳамда Президентимиз томонидан имзоланиб, матбуотда чоп этилган “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни айни шу масалалар ечимини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. 
Таъкидлаш керакки, халқимиз ҳаётида хусусий мулк, тадбиркорлик қадим замонлардан буён ўзига хос ўрин тутиб келган. Шу билан бирга, аҳолининг ўз ери, мулки, касби ва ҳунарига эга бўлиши ҳамда ишбилармонлик билан иш юритиш хислатлари ҳам чексиз қадрланган. 
Демократия ва бозор иқтисодиёти тамойиллари асосида ўз ижтимоий ҳаётини ташкил қилаётган ривожланган мамлакатларда  хусусий мулк фундаментал ҳуқуқий институтлардан бири ҳисобланади. Зотан, хусусий мулк ҳуқуқи инсон ҳуқуқларининг ажралмас қисми ва уни амалга оширишнинг моддий асосидир. 
Мустақиллигимизнинг илк йиллариданоқ мамлакатимизда хусусий мулкнинг кафолатларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган давр мобайнида олиб борилган ислоҳотлар, давлат мулкини хусусийлаштириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган кенг кўламдаги ишлар натижасида бугунги кунда иқтисодиётнинг нодавлат сектори деярли барча соҳаларда устувор аҳамиятга эга бўлди. Ҳозиргача 85 мингдан ортиқ давлат мулки объектлари хусусийлаштирилди ва уларнинг негизида турли ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги хўжалик юритиш субъектлари ташкил этилди. Бугунги кунда мамлакатимизда рўйхатга олинган корхоналарнинг 92 фоизи нодавлат мулк шаклидаги акциядорлик жамиятлари, масъулияти чекланган жамиятлар, хусусий корхоналар, агрофирмалар, фермер ва деҳқон хўжаликларидан иборатдир. Экспертларнинг баҳолашича, мулкдорларнинг сони 6,5 млн. кишини ёки мамлакатимиз аҳолисининг 22 фоизини ташкил қилмоқда.  
Юртимиздаги барқарорликнинг таъминланишида, халқимиз турмуш фаровонлигининг юксалишида, иқтисодиётнинг жадал суръатлар билан ўсишида хусусий мулк эгаларининг алоҳида ўрни бор. Айни пайтда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг 82,5 фоизи нодавлат сектори улушига тўғри келмоқда ва ташкил қилинаётган иш ўринларининг салмоқли қисми ҳам ушбу сектор томонидан амалга оширилмоқда. Бундай ютуқлар замирида республикамизда хусусий мулк ҳимоясига ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий база шакллантирилганлиги мужассамдир. Қолаверса, Конституциямизнинг 53-моддасида хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида эканлиги ҳам қатъий белгилаб қўйилган. 
Шу билан бир қаторда, ҳозир миллий қонунчилигимизда хусусий мулк ва мулкдорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини белгиловчи бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар амал қилмоқда. 
Ҳуқуқни қўллаш амалиёти шуни кўрсатдики, мулк ҳуқуқини амалга ошириш кафолатларини янада мустаҳкамлаш, аниқлаштиришга зарурат мавжуд эди. Давлатимиз раҳбари алоҳида қайд этганидек, бозор муносабатларини қарор топтириш учун тадбиркорларга фақат ҳуқуқий кафолатлар етарли эмас. Биз тадбиркорга республикамизнинг иқтисодий ривожланишини таъминлаётган омил сифатида ёндашмоғимиз зарур ва қонунчилик фаолияти айнан шунга қаратилган бўлиши лозим.
Қонунга кўра, хусусий мулк ҳуқуқи шахснинг қонун ҳужжатларига мувофиқ қўлга киритган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқидир. Бундай мол-мулкнинг миқдори ва қиймати чекланмайди. У дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир.
Хусусий мулк ҳуқуқи муддати масаласи ҳам қонунчилик билан мустаҳкамлаб қўйилгани эътиборга моликдир. Қонун нормаларига мувофиқ, хусусий мулк ҳуқуқи муддатсиздир ва мулкдор ўзининг мол-мулкига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш бўйича муддат ўрнатилишига йўл қўйилмайди. 
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, мулкдорнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида мулкдор ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилади. Унга мувофиқ, қонун ҳужжатларидаги хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар мулкдорнинг фойдасига талқин этилади. Бу мамлакатимизда олиб борилаётган демократик ислоҳотларнинг муҳим талабларидан биридир. 
Шу билан бирга, давлат органлари ва бошқа органлар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ёки улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), шу жумладан, давлат органи ва бошқа орган ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳужжат чиқарилиши натижасида мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни давлат ва бошқа орган ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан қопланиши кўзда тутилди. Бундай органлар мансабдор шахслари айби билан етказилган зарар ўрнини қоплаш суд қарори билан шу мансабдор шахслар зиммасига юкланиши мумкин. 
Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, унда давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнида вужудга келган хусусий мулк дахлсизлиги, хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмаслиги ва бекор қилинмаслиги белгилаб қўйилди. Қонун кучга кирганидан кейин хусусийлаштирилган мол-мулк бўйича хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш масалалари юзасидан давлат органлари, шу жумладан, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек, суд томонидан ташаббус билан чиқишга йўл қўйилмайди. Буларнинг барчаси мамлакатимизнинг демократик бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш борасидаги мақсадлари қатъий эканлигидан далолатдир. 
Қонунда хусусий мулк ҳуқуқини бекор қилиш ва мол-мулкни давлат ва жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши асослари белгилаб берилган. Хусусий мулкни олиб қўйишга фақат жамият манфаатлари тақозо этган ҳолларда ва бундай олиб қўйишдан кўзланган мақсадга бошқа ҳар қандай йўл билан эришиш мумкин бўлмаган тақдирдагина йўл қўйилади.  
Мухтасар айтганда, юртимизнинг ривожланган демократик давлатлар қаторидан муносиб жой олиши, демократик бозор ислоҳотлари ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштириш, пировардида ҳалқимиз ҳаётининг сифати ва даражасини янада оширишдек юксак мақсадларга эришишимизнинг энг муҳим шарти ва устувор йўналиши, албатта, мамлакатимизда хусусий мулкни ҳимоя қилиш, мулкдорларимизни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқларини ишончли ва мустаҳкам кафолатлаш ҳисобланади. Айни шу маънода мазкур Қонун Концепцияда белгилаб берилган социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий вазифаларни амалга ошириш учун муҳим ҳуқуқий замин бўлиб хизмат қилади.

Абдурашид АЛТИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси.

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati