O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда комиссия аъзолари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирда жамиятда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик институтлари ролини кучайтиришга берилаётган эътибор ижтимоий ривожланиш дастурларини амалга ошириш, бунда давлат органлари билан тенг ҳуқуқли ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш, гуманитар муаммоларни ҳал этиш, аҳоли кенг қатламлари ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда катта аҳамият касб этаётгани таъкидланди. Унда юртимизда мазкур соҳанинг кўп қиррали фаолиятини ташкилий-ҳуқуқий, моддий-техник ва иқтисодий қўллаб-қувватлашнинг яхлит самарали механизми яратилгани айтиб ўтилди.
— Истиқлол йилларида республикамизда “учинчи сектор” вакилларининг кенг кўламли фаолият юритишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилди, — дейди сенатор, парламент комиссияси аъзоси Ф. Абдураҳимова. — Президентимизнинг Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясида белгилаб берилган ғоя ҳамда таклифлар рўёби бу борадаги тараққиётни янги босқичга олиб чиқиши, шубҳасиз.
Йиғилишда Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан жорий йил апрель — июнь ойларида ўтказилган грант танловлари якунлари муҳокама этилди. Ушбу танловлар фуқаролик жамияти институтларини ва мустақил оммавий ахборот воситаларининг “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастури, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга оширишда фаол иштирокини қўллаб-қувватлашга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир, албатта.
Бу борада самарадорликка эришишда тегишли ташкилот ва идоралар, ННТлар ҳамкорлигида кенг кўламли ахборот-тушунтириш ишлари олиб борилгани, уларга малакали мутахассис-экспертлар жалб этилгани муҳим роль ўйнади.
Тадбирда белгиланган муддатда эълон қилинган учта танловга қарийб 400 дан ортиқ ННТдан 500 га яқин грант лойиҳаси келиб тушгани маълум қилинди.
Хусусан, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган муҳим давлат ва ҳудудий дастурларни амалга ошириш, ёш оилаларни, ёшларни ва аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш, республикамизнинг узоқ қишлоқ ҳудудларида оилавий бизнес, касаначиликка, хусусий тадбиркорликнинг бошқа турларига кенг жалб қилишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг иштироки йўналишида 210 дан ортиқ “учинчи сектор” вакили 252 дан зиёд грант аризаси билан иштирок этди. Улардан ғолиб, деб топилган 54 тасини жами 770,7 млн. сўмга молиялаштириш бўйича қарор қабул қилинди.
Шу билан бирга, мустақил оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш, журналистларнинг касбий кўникмаларини такомиллаштириш, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг ошкоралиги ва очиқлигини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва билимларини оширишга қаратилган иккинчи йўналишда 152 тадан ортиқ мустақил ОАВ субъектидан 166 та грант аризаси келиб тушди. Шулар орасидан 34 та лойиҳа ғолиб деб топилиб, уларга 486 млн. сўмлик молиявий кўмак ажратилди.
Йиғилишда учинчи республика грант танлови хусусида ҳам тўхталиб ўтилди. У “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси, Ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси, БМТ Тараққиёт дастури лойиҳаси ва Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда ўтказилди. Мазкур танлов манзилли ижтимоий ҳимояни кучайтиришга кўмаклашиш, кам таъминланган оилаларнинг яшаш сифати ҳамда даражасини кўтариш, уларга бепул тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш, шунингдек, фуқаролик жамияти институтларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида уюштирилди.
Ушбу йўналишда 78 та “учинчи сектор” вакилидан келиб тушган 80 дан ортиқ лойиҳа орасидан Парламент комиссияси томонидан 19 таси танлаб олинди. Мазкур лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш учун 280,0 млн. сўм йўналтириш бўйича қарор қабул қилинди.
— Шу ўринда Савдо-саноат палатасининг “Бир тадбиркор — учта ҳамкор” ижтимоий аҳамиятли лойиҳаси хусусида алоҳида тўхталиб ўтиш лозим, — дейди Жамоат фонди директори А. Тўраев. — Боиси, у ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчилари, кам таъминланган оилалар аъзоларини оилавий бизнес ва тадбиркорликка жалб қилишга қаратилган. Бинобарин, ушбу лойиҳа молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватланди.
Айтиш жоизки, Парламент комиссияси томонидан ижтимоий лойиҳаларнинг аҳамияти ва аниқ муаммони ҳал этишга йўналтирилгани, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳудуддаги мавқеи ва салоҳияти, ижтимоий ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда ривожлантириш имконияти, лойиҳа бюджетининг шаффофлиги, холислиги ва очиқлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Булар фуқаролик жамияти институтлари ижтимоий фаоллигини оширишда салмоқли ўрин тутмоқда.
Йиғилишда кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

"Xalq so'zi" gazetasi
06.07.2012

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati