O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Олий мажлис сенатининг саккизинчи ялпи мажлиси олдидан       

ИЗЧИЛЛИК ВА ТАШАББУСКОРЛИК — МАҲАЛЛИЙ КЕНГАШЛАР ФАОЛИЯТИНИНГ БОШ МЕЗОНИ

Маълумки, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан ҳамкорликни изчил кучайтириш Сенат олдига қўйилган асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Бунда, аввало, маҳаллий Кенгашларнинг Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгилаб берилган вазифаларни амалга оширишда парламент ҳамда депутатлик назоратини тўлақонли рўёбга чиқариш ниҳоятда муҳимдир.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси томонидан жойларда ташкил этилган семинар-тренингларда ана шу масалалар алоҳида муҳокама қилинди. Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари, уларнинг доимий комиссиялари ҳамда маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари депутатларининг фаолиятини ташкил этиш масалалари кўриб чиқилган мазкур тадбирларда сенаторлар, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари масъул ходимлари қатнашди.
Чунончи, Андижон вилоятида ўтказилган тадбирда алоҳида қайд этилганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати маҳаллий Кенгашлар депутатлар корпуси билан узвий алоқаларни таъминлаш, улар билан ҳамкорликда ишлашни жой-жойига қўйиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирларни амалга оширди. Ўтган давр мобайнида бу борадаги Сенат қўмиталари билан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ўзаро ҳамкорлиги мазмун-моҳияти тубдан ўзгарди.
— Президентимиз томонидан тақдим қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгилаб берилган вазифаларнинг рўёбга чиқарилишида маҳаллий Кенгашларнинг ҳам муҳим ўрни бор, — деди халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши ижтимоий-маданий ривожлантириш масалалари доимий комиссияси раиси Муҳиддин Мирзаев. — Шунинг учун Кенгашимиз томонидан Концепциянинг асосий йўналишларидан келиб чиқадиган вазифалар ижроси бўйича тегишли дастурлар тасдиқланди. Айни пайтда мазкур дастуриламал ҳужжат мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Бунда, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг фаоллигини кучайтиришга эътибор қаратилмоқда. Ҳудудий дастурларда белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли ижро этилишини таъминлаш мақсадида маҳаллий Кенгашлар ҳамда доимий комиссиялар томонидан таъсирчан назорат ўрнатилгани ўз самарасини бермоқда. Натижада мавжуд дастурлар янада такомиллаштирилиб, зарур ҳолларда, уларга тегишли ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиб борилмоқда. Сенат комиссияси томонидан фаолиятимизни кучайтириш бўйича кўрсатилаётган амалий кўмак, шубҳасиз, бу борадаги ишларимиз самарадорлигини оширишда айни муддао бўлади.
Йиғилишда маҳаллий Кенгашлар, уларнинг доимий комиссиялари иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ҳудудий дастури, айниқса, касб-хунар коллежлари битирувчиларининг ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлашишини мунтазам назорат қилиб бориши зарурлиги таъкидланди. Бундан ташқари, “Мустаҳкам оила йили” муносабати билан қабул қилинган давлат ҳамда ҳудудий дастурларнинг жойлардаги ижроси доимий эътиборда бўлиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
— Депутат жойлардаги масалаларни ҳал этишда фаоллик кўрсатиши, аҳолининг турли муаммоларини ечишда ташаббускор бўлиши давр талабидир, — деди халқ депутатлари Олтинкўл тумани Кенгашининг саноат, транспорт, қурилиш, коммунал хўжалик, алоқа ва аҳолига хизматлар кўрсатиш масалалари доимий комиссияси раиси Позилбек Ҳайитов. — Шундагина сайловчиларнинг ишончи ортади, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш жараёнлари жадаллашади. Шу боис доимий комиссиямиз қишлоқларда, айниқса, чекка ва олис маҳаллаларда аҳолига сифатли алоқа ҳамда сервис хизмати кўрсатишнинг бугунги аҳволига мунтазам эътибор қаратиб келади. Ечимини кутаётган долзарб масалалар туман Кенгаши сессияларида бир неча бор муҳокама этилди. Натижада қишлоқларимизда янги технологияларга асосланган тезкор алоқа тизими, рақамли телекўрсатувлар узатиш йўлга қўйилди. Сенат комиссияси ташаббуси билан ташкил этилган мазкур семинар-тренинглар фаолиятимизни янада кенгайтиришга хизмат қилади, албатта.
Наманган вилоятида ўтказилган семинар-тренингда ҳам халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг доимий комиссиялари, депутатларга фуқаролар мурожаати юзасидан назоратни кучайтириш, бунда депутатлик сўровидан кенг фойдаланиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини иқтисодий-маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда вояга етмаганлар билан ишлашни янада такомиллаштириш, бандлик дастури ижросида фаол қатнашиш зарурлиги айтиб ўтилди.
Семинар-тренингда маҳаллий Кенгашлар ва уларнинг доимий комиссиялари, депутатлар олдида турган вазифалар хусусида атрофлича фикр-мулоҳаза алмашилди. Хусусан, ҳудудий дастурлар ижроси устидан депутатлик назоратини мустаҳкамлаш, бунда, айниқса, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликни кучайтириш, ижтимоий шериклик ва бошқа қонунчилик механизмларидан самарали фойдаланиш зарурлиги тавсия қилинди.

О. ШОДМОНАЛИЕВ,
Қ. НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

"Xalq so'zi" gazetasi, 06.03.2012

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati