O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўнинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот

2012 йил 5 декабрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўнинчи ялпи мажлиси очилди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, бошқа ташкилотлар, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ҳозир бўлдилар. Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси И.Собиров олиб борди.

Сенаторлар ўз ишларини Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан парламент юқори палатасига киритилган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги масалани кўриб чиқишдан бошладилар. Ушбу масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Масалани кўриб чиқиш вақтида сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма йиллиги арафасида амнистия тўғрисидаги ҳужжатнинг қабул қилиниши инсон ҳуқуқлари ва унинг манфаатлари олий қадрият бўлган, олиб борилаётган демократик, ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ташкил этган давлатимиз инсонпарварлигининг яна бир ёрқин кўриниши эканлигини қайд этдилар.
Олий Мажлис Сенатининг Қарорида жазога ҳукм қилинган аёлларни, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахсларни, 60 ёшдан ошган эркакларни, чет давлатларнинг фуқароларини жазодан озод қилиш (назарда тутилган чеклашларни ҳисобга олган ҳолда) назарда тутилган. Шунинг билан бир қаторда Сенат Қарорида яна бир неча тоифадаги шахсларни жазодан озод қилиш назарда тутилган, шунингдек, амнистия тўғрисидаги қарорнинг амал қилиши таъсир этмайдиган шахслар доираси белгиланган.
Сенат ўзининг қарори билан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қарорини қўлланиш тартибини белгилаган бўлиб, унда амнистия бўйича жазодан озод қилиниши керак бўлган шахсларга доир ишлар ва материалларни суд томонидан кўриб чиқиш тартиб-таомили белгиланган. Шу билан бирга сенаторлар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг минтақавий вакиллари амнистия тўғрисидаги ҳужжатнинг қўлланилиши, шунингдек, уни қўлланиш тартиб-таомилларининг очиқ-ойдинлиги таъминланиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда фаол иштирок этиши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, жазодан озод қилинаётган шахсларнинг ижтимоий мослашуви ва ҳимоясига қаратилган комплекс чора-тадбирларни рўёбга чиқариш, улар тўлиқ ҳисобга олиниши ва ишга жойлаштирилишини таъминлашга, ёлғиз, ёрдамга муҳтож шахсларни ногиронлар ва қариялар уйларига жойлаштиришга, вояга етмаганларни ота-оналар, ҳомийлик ва васийлик органлари назоратига топшириш, зарур ҳолларда уларни тегишли таълим муассасаларига юборишга қаратилган комплекс тадбирларни амалга ошириш ҳам назарда тутилмоқда.

Сўнгра сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларининг салоҳиятини ишга солиш, нуфус омилларини ҳамда иқтисодиётдаги тузилмавий ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш, иш билан бандликнинг самарали шаклларини ривожлантиришга ҳар томонлама кўмаклашиш, фуқароларнинг тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш йўли билан аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича комплекс ва ўзаро бир-бири билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилган 2013 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини кўриб чиқдилар ҳамда маъқулладилар.
Дастур Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини, 2009-2012 йилларга мўлжалланган Инқирозга қарши чоралар дастурини, меҳнат бозорининг жорий ҳамда истиқболдаги эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилганлиги таъкидланди. Дастурнинг ўзига хос хусусиятларидан бири шуки, у ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, аҳолининг кам таъминланган қатламларини ишга жойлаштириш, уларни касбга қайта тайёрлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш борасида фаол ва аниқ мақсадга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишга доир тармоқ дастурларини ҳисобга олган ҳолда вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар бўйича алоҳида-алоҳида ишлаб чиқилган.
Дастурда 2013 йилда 972,7 мингта иш ўрни ташкил этиш назарда тутилмоқда. Бу иш ўринлари янги йирик саноат объектларини ишга тушириш, ишлаб турган корхоналарни реконструкция қилиш ва кенгайтириш, кичик бизнес, хусусий ва оилавий тадбиркорликни, хизмат кўрсатиш ҳамда сервис соҳаларини ривожлантиришни бундан буён ҳам рағбатлантириш, касаначилик меҳнатини кучайтириш ҳисобига ташкил этилади. Касаначилик соҳасида иш ўринларининг катта қисми миллий ҳунармандчиликнинг анъанавий марказлари – Наманган, Фарғона, Андижон, Самарқанд, Бухоро вилоятларида ташкил этилади.
Дастурда олисда жойлашган, шунингдек, ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳа етарли даражада ривожланмаган, ишсизлик даражаси нисбатан юқори бўлган тоғли, чегарага яқин 28 та ҳудудда иш ўринлари ташкил этишга алоҳида эътибор берилади. 2013 йилда бу ҳудудларда камида 126 мингта ёки 2012 йилдагидан беш фоиз кўп иш ўрни ташкил этиш назарда тутилмоқда. Дастурнинг яна бир устувор жиҳати фуқароларнинг ижтимоий жиҳатдан кам таъминланган тоифаларини ишга жойлаштиришдан иборат. Ногиронлар ҳамда меҳнат бозорида қийинчиликка дуч келаётган бошқа шахслар учун камида 100 мингта иш ўрнини захиралаш (квоталаш) белгиланган.

Дастурда таълим муассасаларининг битирувчиларини ишга жойлаштиришга муҳим ўрин ажратилган. Бўш ва захираланадиган иш ўринлари ҳисобига касб-ҳунар коллежларининг 500 мингдан зиёд битирувчисини ишга жойлаштириш мўлжалланган. Шу мақсадда “коллеж – корхона” тизими бўйича касб-ҳунар коллежларига иқтисодиётнинг турли тармоқларидаги 90 мингдан зиёд корхона ва ташкилот бириктириб қўйилади, битирувчиларнинг иш қидиришга сарфлайдиган вақтини қисқартириш учун эса барча йирик шаҳарлар ва туманларда камида 900 та бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилади. Бундан ташқари, тижорат банклари томонидан касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртларининг битирувчиларига ўз тадбиркорлик ишини ташкил этиши ҳамда йўлга қўйиши учун имтиёзли микрокредитлар ажратишни давом эттириш назарда тутилмоқда.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини кредит билан салмоқли равишда қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан 5,1 триллион сўм миқдорида кредитлар ажратиш кўзда тутилмоқда. Бу кредит маблағлари, асосан, олис қишлоқ туманларида ва меҳнат бозорида вазият кескин бўлган ҳудудларда иш ўринлари ташкил этишни назарда тутувчи лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилади.
Сенаторларнинг фикрича, кўриб чиқилаётган Дастур фуқароларнинг ишбилармонлик фаоллигини бундан буён ҳам рағбатлантиришни, паррандачилик, балиқчилик, асаларичиликка, қишлоқ хўжалиги ва мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда сақлашга, иссиқхона хўжаликларини ташкил этишга ихтисослашган фермер ва деҳқон хўжаликларини, шунингдек, ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва кенгайтиришни ҳамда бошқаларни назарда тутади.
Шундан сўнг сенаторлар Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш доирасида тайёрланган бир қатор қонунларни кўриб чиқдилар ва маъқулладилар.
Шу жумладан, рухсат бериш тизимининг ягона норматив-ҳуқуқий базасини яратиш, ваколатли давлат органларида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш шартлари ва тартибини бирхиллаштириш, тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга оширишдаги ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бошқарув ҳаракатларининг батамом очиқ-ойдинлигини таъминлаш мақсадида тайёрланган “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди. Хусусан, ушбу Қонуннинг асосий янгиликларидан бири рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларнинг “бир дарча” орқали берилиши принципини жорий этишдан иборат эканлиги кўрсатиб ўтилди. Ушбу принципга мувофиқ ваколатли орган тадбиркорлик субъектига рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатни бериши учун бошқа ваколатли органлар томонидан бериладиган рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни олиши талаб қилинган ҳолларда ҳужжатларни бериш соддалаштирилган тартибда амалга оширилади, бунда ваколатли орган ҳужжатларни тадбиркорлик субъектининг иштирокисиз мустақил равишда олади.
Сенаторларнинг фикрича, ушбу Қонунда рухсат бериш тартиб-таомилларини ўтишнинг асосий унсурларини белгилаб қўйиш тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини анча такомиллаштиришга, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун қулай шароитлар яратишга, шунингдек, рухсат бериш тартиб-таомиллари билан боғлиқ масалаларни ҳуқуқий тартибга солишнинг изчиллигини ва яхлитлигини таъминлашга имкон беради.
Шундан кейин сенаторлар янги таҳрирдаги “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунни кўриб чиқдилар. Ушбу ҳужжат қонун ижодкорлиги жараёнини янада такомиллаштириш, халқаро ва миллий қонун ижодкорлиги амалиётини ҳисобга олган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишнинг янада самарали механизмларини яратиш ҳамда сифатини ошириш мақсадида тайёрланган. Қайд этилганидек, янги таҳрирдаги Қонун олдинги таҳрирдаги Қонундан ҳажм жиҳатидан ҳам, мазмун жиҳатидан ҳам анча фарқ қилади. Қонун янги моддаларни ўз ичига олибгина қолмасдан, шу билан бирга ҳозирги куннинг реал воқеликларини ҳисобга олган ҳолда унинг кўплаб амалдаги қоидалари мазмунига жиддий тузатишлар киритади.
Сенаторларнинг фикрича, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг сифатини, уларнинг лойиҳаларини тайёрлашда қатнашадиган органларнинг масъулиятини оширишга, қабул қилинган қонун ҳужжатлари ижро этилишини самарали ташкил этишга ёрдам беради.
Сенаторлар хусусий мулкчиликка асосланган хусусий банк ва молия институтларини ташкил қилишнинг қонунчилик асосларини шакллантиришга, банк ва бошқа молиявий хизматлар бозорида рақобатни кенгайтиришга ҳамда мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини оширишга, замонавий бозор инфратузилмаси ривожланиши учун шароитлар яратишга қаратилган “Хусусий банк ва молия институтлари ҳамда улар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ҳам кўриб чиқдилар.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши хусусий банк ва молия институтлари учун тенг шароитлар яратишга, улар фаолиятининг давлат кафолатлари тизимини кучайтиришга, халқаро нормалар ва стандартларга мувофиқ молия-банк тизими фаолиятининг барқарорлигини ва самарадорлигини таъминлашга, шунингдек, бу соҳада рақобатни ривожлантиришга ёрдам беради.
Сўнгра сенаторлар “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Муҳокама жараёнида қайд этилганидек, Қонуннинг асосий мақсади ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тезкор-қидирув фаолиятининг қонунчилик ва ҳуқуқий асосларини, шунингдек, тезкор-қидирув хусусиятига эга бўлган тадбирларни амалга ошириш вақтида қонунийликка риоя этилиши, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари таъминланишининг реал ҳуқуқий кафолатларини яратишдан иборат.
Сенаторлар кўрсатиб ўтганларидек, ушбу Қонун тезкор-қидирув фаолиятини тартибга соладиган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамлаб қўйилган амалдаги нормаларни мунтазам ҳолга келтириш, суриштирув ва дастлабки тергов сифатини, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда уларга ўз вақтида чек қўйиш чораларининг самарадорлигини ошириш имконини беради, шунингдек, суд-ҳуқуқ тизиминин янада демократлаштириш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини либераллаштиришга ёрдам беради.
“Сайлов эркинлиги янада таъминланиши ва сайлов қонунчилиги янада ривожлантирилиши муносабати билан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги ҳамда “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама қилиш жараёнида сенаторлар киритилаётган нормалар сайлов кампаниясини ўтказиш вақтида депутатликка номзодлар ва сиёсий партияларга тенг шароитларни таъминлаш механизмларининг самарадорлигини оширишга қаратилганлигини кўрсатиб ўтдилар.
Парламент юқори палатасининг аъзолари ушбу Қонуннинг рўёбга чиқарилиши сайлов эркинлиги принципини янада тўла амалга оширишга, мамлакат сайлов тизимини янада демократлаштиришга, шунингдек, сайловни тайёрлаш ва ўтказиш жараёнида ошкоралик ва очиқ-ойдинлик принциплари мустаҳкамланишига ёрдам беради, деган фикрни билдирдилар.
Шундан кейин сенаторлар ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, шунингдек, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш мақсадида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар.
Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал, Фуқаролик, Солиқ ва Божхона кодексларига, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, “Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида”ги, “Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) тўғрисида”ги, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги, “Рақобат тўғрисида”ги, “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги, “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги, “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги, “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги, “Микромолиялаш тўғрисида”ги, “Микрокредит ташкилотлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Муҳокама давомида сенаторлар таклиф қилинаётган ўзгартиш ва қўшимчалар тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишининг ҳуқуқий кафолатларини, уларнинг фаолиятини назорат қилувчи органлар томонидан текширишларни янада яхшилашга, микромолиялаш бозори сифат жиҳатидан ривожланишини, солиқ солиш тизимини бирхиллаштиришни, жиноят ва жиноят-процессуал қонун ҳужжатлари либераллаштирилишини, йўл ҳаракати хавфсизлиги такомиллаштирилишини таъминлашга қаратилган бир қатор янгиликларни назарда тутади.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўнинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни тугади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг матбуот хизмати

Для содержимого этой страницы требуется более новая версия Adobe Flash Player.

Получить проигрыватель Adobe Flash Player


Чоп этилган сана: 05.12.2012 20:09:11
Сўнгги янгиланган сана:


O'zbekcha | Русский | English | Français | Español | Arabian

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati