O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Парламент ҳаёти

ХУСУСИЙЛАШТИРИШ ЖАРАЁНЛАРИ ВА ҚОНУНЧИЛИК

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонуннинг Тошкент шаҳридаги ижросини ўрганишга бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Унда сенаторлар, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари, манфаатдор вазирлик, идоралар вакиллари, маҳаллий вакиллик ва бошқарув органлари ҳамда тижорат банклари, тадбиркорлик субъектларининг раҳбарлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, олимлар, экспертлар иштирок этди.

Мажлисда қайд этилганидек, мамлакатимизда демократик бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш, иқтисодиётни модернизация қилиш, хусусий мулк ва мулкдорлар ҳуқуқларини ҳимоялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда, шубҳасиз, давлат мулки бўлган корхоналар ва объектларни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришнинг аҳамияти ниҳоятда каттадир. 
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда хусусийлаштириш жараёнининг изчил ва босқичма-босқич амалга оширилиши натижасида ҳақиқий мулкдорлар синфи шаклланиб, кўп тармоқли иқтисодиёт барпо этилмоқда. Энг муҳими, бу саъй-ҳаракатлар боис хусусий сектор иқтисодиётнинг деярли барча тармоқларида етакчи ўринларга кўтарилиб олди. Чунончи, бугун ялпи ички маҳсулотнинг 80 фоизидан кўпроғи нодавлат сектор улушига тўғри келаётгани ҳам бунинг яққол далилидир.
Айни чоғда бугунги ютуқ ва натижаларимизни холисона таҳлил, ислоҳотларимизнинг мантиқи ва изчиллиги, уларнинг энг замонавий бозор нормаларига мувофиқлигини баҳолаш иқтисодиётни бошқариш тизимини янада чуқурлаштириш, такомиллаштириш ва либераллаштириш бўйича жиддий эҳтиёж мавжудлигини кўрсатмоқда. Хусусан, нодавлат секторининг улушини янада кенгайтириш ва хусусий инвесторларни иқтисодиётнинг етакчи муҳим тармоқларига жалб этиш учун тенг имкониятлар яратилиши зарур. Шу муносабат билан Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонун ўтган давр мобайнида 80 дан ортиқ қонуности ҳужжати унга уйғунлаштирилганига қарамасдан, бугун қайта кўриб чиқишни ва янги таҳрирда қабул қилишни талаб этаётгани кўрсатиб ўтилди.
Тадбирда амалдаги Қонун ижросини таъминлаш бўйича Тошкент шаҳрида муайян ишлар амалга оширилгани таъкидланди. Чунончи, 2010-2011 йилларда ва 2012 йил биринчи ярим йиллигида давлатнинг 65 та активи хусусийлаштирилган, шулардан 49 таси очиқ кимошди савдоларида, 16 таси потенциал харидорлар билан бевосита шартнома тузиш асосида сотилган. Бундан ташқари, 21 хусусийлаштирилган объект бўйича тузилган шартномалар асосида корхоналарни ривожлантириш ҳамда объектларни реконструкция қилиш учун 46,1 миллиард сўмлик инвестиция киритилган. 
Бу борада кўрилган аниқ чора-тадбирлар натижасида нодавлат секторининг  шаҳар иқтисодиётидаги улуши сезиларли даражада кўпайди. Хусусан, саноат маҳсулотининг 97,4 фоизи, қурилиш ишларининг 93,6, чакана савдо товар айланмасининг 99,4, аҳолига кўрсатилаётган пулли хизматнинг 80,4, ташқи савдо айланмасининг 91,2 фоизи давлатга тегишли бўлмаган корхоналар улушига тўғри келмоқда. Ҳудудий ялпи маҳсулотдаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 57,1 фоизни ташкил қилаётир. 
Йиғилишда “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди. Хусусан, бунда хусусийлаштириш жараёни очиқ ва оммавий кечишини, харидорлар ҳуқуқларининг тенглигини таъминловчи янги шартлар ва хусусийлаштириш усуллари киритилишини назарда тутиш зарурлиги таъкидлаб ўтилди. 
Мажлисда ушбу масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати.

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati