O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Парламент ҳаёти

Истеъмол бозори: ҚОНУНЧИЛИК ВА АМАЛИЁТ

Зарафшон шаҳрида Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан “Истеъмол бозорини ривожлантириш ва оиланинг реал даромадларини ошириш: қонунчилик, амалиёт ва муаммолар” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.
Унда сенаторлар, Навоий вилояти халқ депутатлари вилоят, туман ҳамда шаҳар Кенгашларининг депутатлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият ва бошқарув органлари, манфаатдор вазирликлар, идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, олимлар ҳамда экспертлар қатнашди.

Тадбирда таъкидланганидек, мустақиллик йилларида мамлакатимизда истеъмол бозорини шакллантириш ва тартибга солиш, рақобатбардош товарлар ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада зарур чора-тадбирлар кўрилди. Жумладан, истеъмол маҳсулотлари билан ички бозорни янада тўлдириш, шу йўналишда янги корхоналар барпо этиш ҳамда мавжудларини модернизация қилишга қаратилган мустаҳкам ҳуқуқий-меъёрий асос яратилди. Пировардида соҳа изчил ривожланиб, аҳоли бандлиги таъминланди. Шунга мос равишда ҳар бир оиланинг даромади ва фаровонлик даражаси ортиб бормоқда.
— Бугунги кунда юртимизда истеъмол бозори чакана товар айланмаси барқарор ўсиб бормоқда, — дейди Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси раиси ўринбосари А. Қамбаров. — Деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва чорва молларни сотиш 33 фоизга ошгани бунинг ёрқин тасдиғидир.
Тадбирда аҳолининг ноозиқ-овқат истеъмол товарларига бўлган эҳтиёжини қондириш бўйича ҳаётга татбиқ этилаётган чора-тадбирлар хусусида ҳам сўз борди. Чунончи, “Ўзбекенгилсаноат” ДАК корхоналарида ишлаб чиқариш ҳажми 2010 йилдагига нисбатан 1,5 баравар ошиб, умумий қиймати 92,1 млн. долларлик 28 та инвестиция лойиҳаси рўёбга чиқарилди ва 3507 та иш ўрни яратилди.
“Ўзэлтехсаноат” бирлашмаси томонидан эса 2011 йилда баҳоси 85,2 млн. АҚШ долларини ташкил этадиган 14 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилди. Натижада энергия тежовчи лампалар, кондиционерлар, микротўлқинли печлар, газ плиталари, электр чангюткичлар каби истеъмол товарлари ишлаб чиқарадиган 6 та янги корхона барпо этилди. Бунинг самарасида электротехника маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 2010 йилдагига қараганда 1,7 бараварга ортди.
Шубҳасиз, мазкур соҳадаги ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти учун янада қулай шароитлар яратиш, уларга зарур преференцияларни бериш истеъмол бозорини изчил ривожлантириш, аҳоли эҳтиёжларини кенг қондиришга хизмат қилади. Муҳокамаларда мамлакатимизда бу борада олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлик омили бўлаётганига алоҳида урғу берилди. Унда айрим корхоналарни техник ва технологик янгилаш мақсадида тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар ажратиш, малакали мутахассислар билан таъминлаш механизмларини янада такомиллаштириш долзарб эканлиги қайд этилди.
Давра суҳбатида кўриб чиқилган мавзу, шу жумладан, соҳанинг қонунчилик пойдеворини янада ривожлантиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар билдирилди.

"Xalq so'zi" gazetasi
04.07.2012

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati