O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ МАҲАЛЛИЙ КЕНГАШЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ МАСАЛАЛАРИ

Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари – Кенгашлар фаолиятини кучайтириш зарурлиги Давлат раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 27 январдаги қўшма мажлисидаги маърузасида таъкидланган эди.

ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ МАҲАЛЛИЙ КЕНГАШЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ МАСАЛАЛАРИҲозир халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари давлат дастурлари ва ҳудудий дастурларни рўёбга чиқариш борасидаги ўз фаолиятларининг самарадорлигини оширишга қаратилган қонун ҳужжатлари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари ижро этилишини таъминлашда, минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг конкрет вазифаларини ҳал қилишда, шунингдек фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришда муҳим роль ўйнашлари керак.

2012 йил 1 майда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида бўлиб ўтган Сенатнинг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясининг мажлисида минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чораларини рўёбга чиқариш бўйича халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятининг самарадорлигини оширишга қаратилган қатор масалалар, шунингдек уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш билан боғлиқ бўлган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Мажлисда қайд этилганидек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, бошқа қонун ҳужжатларига амал қилиб, ўз фаолиятларини Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисларида 2010 йил 27 январда қилган «Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш – устувор мақсадимиздир» номли ҳамда 2010 йил 12 ноябрда қилган «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси» номли маърузаларида белгилаб берилган устувор вазифалар рўёбга чиқарилишини таъминлашга қаратмоқдалар.

Мажлис қатнашчилари томонидан Сенат комиссиясининг 2011 йил 14 декабрдаги «Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари веб-саҳифалари ҳолати юзасидан мониторинг натижалари тўғрисида»ги 09–II сонли қарорида белгиланган вазифаларнинг ижро этилиши масаласи муҳокама қилинди. Бу йўналишда олиб борилаётган иш қайд этилиб, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг веб-саҳифаларида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва улар доимий комиссияларининг минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ижро этувчи ҳокимият фаолияти устидан депутатлик назоратини кучайтириш, қонун ҳужжатлари, давлат дастурлари ва минтақавий дастурлар ижросини таъминлаш масалаларини муҳокама қилишни жорий этиш борасидаги фаолияти тўла-тўкис ёритилмаганлиги таъкидланди. Шу муносабат билан «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш тобора долзарб бўлиб бормоқда. Давлат раҳбарининг «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси» номли маърузасида таъкидланганидек, “Ушбу қонун давлат ҳокимияти органлари фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиб бориш тартибларини аниқ белгилаб бериши, аҳолининг, жамоат бирлашмаларининг давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинаётган қарорлар, авваламбор фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари билан боғлиқ қарорлар ҳақидаги ахборотлардан кенг хабардор бўлиб боришини таъминлаши лозим”.

Мажлисда Сенат Комиссиясининг 2012 йил 18 февралдаги «Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги намунавий халқ депутатлари туманлар Кенгашларини белгилаш ҳамда уларга амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги 04–II сонли Қарори ижросининг самарадорлигини ошириш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Тадбир қатнашчилари кўрсатиб ўтганларидек, Сенат комиссияси фаолиятига ёрдам берувчи ишчи гуруҳлар раҳбарларини Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги намунавий халқ депутатлари туман Кенгашларига ҳамда уларнинг доимий комиссияларига амалий ва услубий ёрдам беришга янада кенгроқ жалб этиш керак.

Сенат комиссияси Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги халқ депутатлари Кенгашлари ҳузуридаги Сенат комиссиясига ёрдам берувчи ишчи гуруҳлар раҳбарларининг 2012 йил январь–апрель ойларида амалга оширган ишлари тўғрисидаги ҳисоботларини ҳам тинглади.

Муҳокама жараёнида Сенат комиссиясининг аъзолари халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятини янада такомиллаштириш, ижтимоий-иқтисодий масалаларни фаол муҳокама қилиш, шунингдек халқ депутатлари Кенгашларининг сессияларини ҳамда улар доимий комиссияларининг мажлисларини тайёрлаш ва ўтказиш чоғида халқ депутатлари Кенгашининг Регламенти ва доимий комиссиялар тўғрисидаги Низом талабларига риоя қилган ҳолда иш юритиш зарурлигини кўрсатиб ўтдилар.

Муҳокама якунлари бўйича Сенат комиссиясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг комиссияси томонидан унинг ваколатига киритилган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Мажлисда Сенат комиссиясининг аъзолари, вилоят ҳокимликлари ташкилий-назорат гуруҳларининг айрим раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар намунавий туманлари ҳокимликлари ташкилий-назорат гуруҳларининг раҳбарлари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари қатнашдилар.

O‘zbekiston Respublikasi
Oliy Majlisi Senatining
Matbuot xizmati

Tilni o'zgartirmoq: Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati