O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Senator maqolalari         

Телекоммуникация қонунчилиги янада такомиллашади

Президентимиз томонидан тақдим этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида Ўзбекистонда кейинги йилларда сунъий йўлдош алоқа тармоғи орқали телерадиодастурларни тарқатиш йўлга қўйилгани алоҳида таъкидланган эди.

Бугунги кунда мамлакатимиз телекоммуникациялар тизими дунёнинг 180 та мамлакатига 28 та йўналиш бўйича тўғридан-тўғри чиқадиган халқаро каналларга эга. Юртимиздаги телерадиоканаллар томонидан тайёрланаётган кўрсатув ва эшиттиришлар Интернет глобал тармоғи орқали реал вақт режимида жаҳонга узатилмоқда.
Дарҳақиқат, бугун замонавий ҳаётни ахборот-коммуникация технологияларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ахборот-коммуникация технологиялари ахборот олиш, узатиш ва тарқатиш эркинлигини бериш билан бирга, одамларга ўз интеллектуал салоҳиятидан янада тўлиқ фойдаланиш имкониятини яратиб, барқарор иқтисодий ўсиш, фаровонлик даражасини оширишга кўмаклашади. Ахборот-коммуникация технологиялари саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш каби замонавий тармоқлар тараққиётида, хизмат кўрсатиш, хавфсизликни таъминлаш, ижтимоий соҳалар, илм-фан ва техникани ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Бугун жамиятни юқори технологияларсиз, компьютерларсиз, ахборот ресурсларидан фойдаланмасдан туриб ривожлантириб бўлмайди. Улар ижтимоий ҳаётнинг ажралмас қисми ва мамлакат тараққиётининг мезонига айланган.
Шу боис юртимизда ахборот-коммуникация технологияларининг ҳозирги ҳолати ва уларни ривожлантириш истиқболлари масалаларига алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Айтиш жоизки, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янада ривожлантиришда замонавий талаб ва стандартлар ҳамда конституциявий тамойиллар асосида қабул қилинган ўнга яқин қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қатор фармонлари, қарорлари, қонуности ҳужжатлари, бир қанча миллий дастурларнинг роли катта.
Шу ўринда Ўзбекистон МДҲ мамлакатлари ичида биринчилардан бўлиб алоқа тармоғининг тўртинчи авлодини ишга солганлигини қайд этиш зарур. Мазкур технология маълумотларни 100 Мб/секундгача тезликда узатиш имкониятига эга. Шу билан бир қаторда, мамлакатимизда рақамли телевидениега ўтиш 2007 йилдан босқичма-босқич жорий қилиниб келинмоқда. Ҳозир Тошкент, Бухоро, Самарқанд Хоразм, Андижон, Наманган, Фарғона, Қашқадарё вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида рақамли телевизион узатгичлар ўрнатилиб, теледастурлар сонини 40 тагача етказиш устида иш олиб борилмоқда. Рақамли телевидениега ўтиш натижасида радиочастоталар танқислиги муаммоси ҳал этилди. Радиочастоталарни олиш учун танловлар демократик ва ошкора ўтказилиши эса тенг рақобат шароитини яратди. Юртимизда рақамли телевидениенинг жаҳонда тан олинган ва энг замонавий стандартларидан бири қабул қилинган.
Қисқача айтганда, сўнгги йилларда телекоммуникация ва ахборот-коммуникация технологияларининг жадал суръатлар билан ривожланиши фойдаланувчиларга кўп миқдордаги янги хизмат турларини кўрсатиш, истеъмолчилар, шу жумладан, давлат бошқаруви эҳтиёжлари ҳамда ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш учун хизмат кўрсатишнинг янги моделларини жорий этиш имконини яратди. Бу эса, ўз навбатида, телекоммуникация хизматларини кўрсатишда субъектлар ўртасидаги муносабатларнинг янги тур ва шаклларини юзага келтирди.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунни ишлаб чиқиш зарурлиги кўрсатиб ўтилганининг туб моҳиятида мана шу мақсадлар мужассамдир. Ушбу Қонун Олий Мажлис Сенатининг еттинчи ялпи мажлисида маъқулланиб, Президентимиз томонидан имзоланди ҳамда матбуотда эълон қилинди.
Мазкур Қонун билан телекоммуникация соҳасидаги “охирги (терминал) асбоб-ускуналар” тушунчасига аниқлик, шунингдек, “домен номи” ва “домен номлари тизими” каби янги тушунчалар киритилди.
Қонуннинг 8-моддасига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар телекоммуникация соҳасида махсус ваколатли органнинг ваколатларини янада аниқлаштиришга қаратилгандир. Бу телекоммуникациялар соҳасидаги махсус ваколатли органнинг “UZ” миллий домени зонасида домен номларини маъмурий бошқариш тартибини ва процедураларини ташкил этиш, шунингдек, фойдаланувчилар, қайд этувчилар ҳамда “UZ” доменининг маъмурияти ўртасида уни тартибга солиш бўйича бир қатор чораларни белгилаш имконини яратади.
Қонунда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик ва жисмоний шахсларга ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда интерактив хизматлар кўрсатиш мақсадида умумий фойдаланишдаги телекоммуникациялар тармоқларининг самарали ишлаши ва ривожлантирилиши учун шарт-шароитлар яратиши борасидаги мажбуриятлари белгилаб қўйилди.
Қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар телекоммуникациялар соҳасини ташкил қилишнинг мавжуд ҳуқуқий ва иқтисодий асосларини янада такомиллаштириш, аҳоли, хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда давлат бошқаруви органларининг телекоммуникация хизматларига бўлган эҳтиёжлари қондирилишини таъминлаш имконини беради. Айни пайтда мазкур чора-тадбирларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши сиёсий модернизация жараёнларида тобора долзарб аҳамият касб этиб бораётган замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан давлат ва жамият қурилиши тизимида кенг фойдаланишга, оммавий ахборот воситаларининг фуқаролик жамияти институтлари тизимидаги ўрни ва ролини янада мустаҳкамлашга, фуқароларнинг сўз эркинлигини таъминлашга қаратилган конституциявий ҳуқуқларини янада тўлиқ рўёбга чиқаришга хизмат қилади.
Рустамали МАЖИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Сенатининг аъзоси.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 04.01.2012

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati