O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Парламент ҳаёти

ЭКОЛОГИК ТАРБИЯ ОИЛАДАН БОШЛАНАДИ

Пойтахтимизда Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан Ўзбекистон Экологик ҳаракати билан ҳамкорликда атроф-муҳитни муҳофаза қилишда оиланинг ролини оширишга бағишланган анжуман ўтказилди.

Фуқароларнинг экологик маданиятини шакллантиришда оила, маҳалла, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва таълим муассасаларининг роли ҳамда аҳамиятини ошириш масалалари муҳокама қилинган тадбирда сенаторлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, манфаатдор вазирликлар ва идоралар, жамоат бирлашмалари вакиллари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари иштирок этди.
Анжуманда алоҳида таъкидланганидек, жамиятда экологик маданиятни шакллантириш халқ хўжалиги ривожланаётган, табиий ресурслардан фойдаланиш мунтазам ўсаётган бир шароитда ўта муҳимдир. Зотан, атроф-муҳитга бўлган умумий ҳуқуқни амалга оширмай туриб, фуқаролик жамиятини барпо этиб бўлмайди. Бу, ўз навбатида, жамиятнинг ҳар бир аъзосидан табиий муҳитга масъулиятли муносабатда бўлишни талаб қилади.  
Анжуманда мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий асосларини белгилаб берадиган тегишли норматив-ҳуқуқий база яратилгани айтиб ўтилди. 
— Табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш давлатимиз экологик сиёсатининг асосий мақсади бўлиб, у аҳолининг экологик маданияти, билимларини оширишни назарда тутади, — дейди сенатор Х. Каримов. — Бугун мамлакатимизда бу борада изчил чора-тадбирлар рўёбга чиқарилмоқда. Чунончи, экологик таълим концепциясини амалга ошириш бўйича тадбир доирасида фуқароларнинг экологик билимларини, маҳоратлари, қарашлари ва қадриятларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни чоғда 2008 — 2012 йилларда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишлари дастурида экологик таълимни ривожлантириш масалалари ҳам тўлиқ қамраб олинган. Олий Мажлис Сенати томонидан халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари билан ҳамкорликда бир қатор тадбирлар амалга оширилаётгани, парламент назорати институтидан самарали фойдаланилаётгани бу борада қўл келмоқда. 
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, экологик таълимни изчил олиб боришда давлат ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этаётир. Биргаликда турли форумлар, конференциялар, учрашувлар, семинарлар ва акциялар уюштирилаётгани, уларда экологик хавфсизликни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалалари кенг муҳокама қилинаётгани айни муддао бўлмоқда.
Тадбирда узлуксиз таълим ва экологик маданиятни шакллантиришда, умуман, атроф-муҳитни муҳофаза қилишда оила институти муҳим роль ўйнаши алоҳида таъкидлаб ўтилди. Негаки, инсон феъл-атвори, атроф-муҳитга муносабати, табиат неъматларини авайлаб-асраш ҳисси оилада шаклланади. Бу, айниқса, оила аъзолари хатти-ҳаракатларида, тураржойларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зиён-заҳмат етказмай муносабатда бўлишида акс этади. Шу боис оилада экологик маданият ва таълимни ривожлантириш атроф-муҳитни муҳофаза қилишда фуқароларнинг масъулиятини оширади.
Анжуманда болаларда экологик тушунчани шакллантириш учун оиланинг ролини янада ошириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди. Бундай хайрли ишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, таълим муассасалари ҳамкорлигини кучайтириш зарурлиги қайд этилди. Зеро, табиатга ҳамда атроф-муҳитга онгли ва тежамли муносабатда бўлиш, сувдан, ердан ва табиатнинг бошқа ноёб неъматларидан оқилона фойдаланиш азалдан халқимизга хос фазилатдир.
Анжуманда тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенати 
Матбуот хизмати.

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati