O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

 

Сенатор Эркин РЎЗМЕТОВ: МУКАММАЛ ҚОНУНЛАР — ТАРАҚҚИЁТ ОМИЛИ

Маълумки, жамиятда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришнинг муҳим шартларидан бири қонун ижодкорлиги самарадорлигини юксалтириш, мукаммал қонунларни яратиш ҳисобланади. Шу боис юртимизда мустақиллик йилларида қонун ижодкорлиги тизимли ислоҳ қилиниб, бугунги кунда икки палатали парламент умумэътироф этилган демократик тамойиллар ҳамда миллий давлатчилик тажрибамиз асосида ривожлантириб борилмоқда. Бу эса мукаммал қонунчилик пойдеворини яратишда муҳим омил бўлмоқда.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда ўтган давр мобайнида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш, эълон қилиш, ягона реестрини юритиш, тизимлаштириш ва уларни ҳаётга татбиқ этиш борасида ўзига хос мактаб яратилди. Шунингдек, қонун ижодкорлиги жараёнини тартибга соладиган, қонун ҳужжатларининг сифатини юқори даражага кўтаришга қаратилган тегишли норматив-ҳуқуқий база шаклланди. Буни Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”, “Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида”, “Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар мисолида кўриш мумкин.
Давлатимиз раҳбари томонидан тақдим этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида қонунчиликни янада такомиллаштириш бўйича қандай қонунлар ишлаб чиқиш ва қабул қилиш лозимлиги, уларнинг моҳияти, мақсади аниқ ифодалаб берилган. Хусусан, суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштиришга қаратилган вазифаларни самарали ҳал қилишдаги дастлабки ташкилий-ҳуқуқий чора сифатида “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳририни қабул қилиш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланган. Зеро, шу орқали давлат ва жамият ҳаётида муҳим ўрин тутадиган қонунларни ишлаб чиқиш, уларнинг ҳуқуқни қўллаш амалиётида самарали амалга оширилишини таъминлашга эришиш мумкин бўлади.
Умуман, ўтган даврда қонун ижодкорлиги жараёни кенгайгани ва мураккаблашгани, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг асосланганига ва сифатига нисбатан талаблар сезиларли даражада ошгани бу соҳада қонунийликни таъминлашнинг янги ва янада самарали механизмларини яратишни, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қонунларга, социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар эҳтиёжларига мос бўлишини тақозо этаётгани ушбу Қонуннинг янги таҳририни қабул қилиш заруратини келтириб чиқарди.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни Олий Мажлис Сенатининг ўнинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиши кўзда тутилмоқда. Янги таҳрирда қабул қилинган “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг асосий вазифалари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тушунчасини, турларини, ўзаро нисбатини аниқлашдан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш тартибига ва уларнинг мазмунига қўйилган асосий талабларни белгилашдан, шунингдек, уларнинг ижроси ташкил этилишини таъминлашдан иборат.
Қонунда норматив-ҳуқуқий ҳужжат ушбу Қонунга мувофиқ қабул қилинган, умуммажбурий давлат кўрсатмалари сифатида ҳуқуқий нормаларни белгилашга, ўзгартиришга ёки бекор қилишга қаратилган расмий ҳужжатдир, деб белгилаб қўйилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлар, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Президент фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг буйруқлари ҳамда қарорлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳисобланади ва улар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари мажмуини ташкил этади.
Қонунда вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари ўз ваколати доирасида буйруқлар ҳамда қарорлар тарзида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиши, шунингдек, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан ҳуқуқий ворислик тартибининг назарда тутилганлиги ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Қонуннинг муҳим жиҳатларидан бири, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилувчи органларнинг ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш ёки қонун ҳужжатлари нормаларини такомиллаштириш мақсадида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш бўйича жорий ва истиқболли дастурларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш мумкинлиги, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш тартиби, бунда қонун ҳужжатларининг ҳолатини, қўлланиш амалиётини, жамоатчилик фикрини ва халқаро тажрибани ўрганиш лозимлиги, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг экспертизаси ва ҳуқуқий экспертизаси, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини уни қабул қилувчи органга киритиш тартибларига оид нормаларнинг мустаҳкамлаб қўйилганлигидир.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сифатини ошириш заруратини инобатга олган ҳолда Қонунда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг экспертизасига жиддий аҳамият берилган. Агар амалдаги Қонунда фақат битта модда бу масалага бағишланган бўлса, янги Қонунда ушбу масала иккита моддада кўриб чиқилмоқда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари иқтисодий, молиявий, илмий, экологик ва бошқа турдаги экспертизадан ўтказилиши мумкинлиги белгиланди.
Шунингдек, Қонунда вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг мансабдор шахслари давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалга жорий этганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилиши кераклиги назарда тутилганлиги мансабдор шахсларнинг бу борадаги масъулиятини янада оширишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, Қонунда вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларининг электрон шаклларини уларнинг расмий веб-саҳифаларида эълон қилиниши шартлиги тўғрисидаги янги норма киритилганлиги аҳолининг қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан хабардорлигини оширишда ва уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Қонуннинг эътиборли жиҳатларидан яна бири шундаки, унда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг кучга кириш муддатини аниқлашда юзага келадиган тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, агар ҳужжатларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилган бўлмаса, расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кириши белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз вақтида ва сифатли ижро этиш мақсадида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ташкил этиш ва таъминлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси  Вазирлар Маҳкамасининг, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари аниқ белгилаб берилмоқда.
Қайд этиш ўринлики, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига киритилаётган ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар қонун ижодкорлиги жараёнида қонунийликни таъминлашнинг янги, янада самарали механизмларини яратишда, қонун ижодкорлиги самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, қонун ҳуқуқий демократик давлатнинг пойдеворидир.

Эркин РЎЗМЕТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси.


Chop etilgan sana: 01.12.2012 15:55:11
Yangilangan sana:

Русский

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati