O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

31.05.2011

Кредит ахбороти алмашинувининг қонуний асослари

 

Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози аксарият ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатаётган бир шароитда Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар халқаро миқёсда холис ва юқори баҳога сазовор бўлмоқда. Бу ютуқлар замирида, албатта, мамлакатимизда мустаҳкам банк-молия тизими яратилгани, пухта ўйланган иқтисодий сиёсат юритилаётгани мужассамдир. Чунончи, кредит ахбороти алмашинуви тизимининг ташкил этилганлиги молия-кредит сиёсатини самарали юритишда айни муддао бўлмоқда.
Бугунги кунда Президентимизнинг Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида масъул вазирлик ва муассасалар томонидан “Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тайёрланмоқда.
Маълумки, қарз олувчиларнинг молиявий ҳолати ва тақдим этилган лойиҳаларни таҳлил қилишдан ташқари, кредитнинг қайтмаслик хатарини камайтиришнинг муҳим омилларидан бири қарз олувчилар тўғрисида ахборотга эга бўлишдир. Бу эса кўп вақт ва маблағ талаб этади. Зеро, “Кредит ахбороти” деганда, қарздорнинг қарзни қандай қайтарганлиги, агар у бошқа шахсларнинг кредитлари учун кафиллик берган бўлса, уларни қандай бажарганлиги тўғрисидаги маълумотлар тушунилади. Кредит ахбороти алмашинуви тизими эса кредит ахборотини йиғиш, умумлаштириш ва тақдим этишга ихтисослаштирилган махсус ташкилотлар, қарз берувчи, қарздорлар, ахборот-коммуникация воситалари ҳамда тегишли меъёрий ҳужжатларни ўз ичига олади.
Банклар, кредит ташкилотлари, нотариат идоралари, кадастр, лизинг ва суғурта компаниялари ҳамда бошқа корхоналарнинг маълумотлари ахборот олиш манбаи ҳисобланади. Қарздорлар тўғрисидаги ахборотдан фойдаланувчилар сирасига банклар, бошқа молия-кредит ташкилотлари (кредит уюшмалари, микрокредит ташкилотлари, суғурта ва лизинг компаниялари) киради.
Қарздорлар тўғрисидаги маълумотни ихтисослаштирилган ташкилотларга юбориш ёки улардан олиш орқали кредит ахбороти алмашинилади. Кредит ахбороти алмашинуви баъзи давлатларда кредит бюроси, бошқаларида Марказий банкнинг махсус бўлими орқали амалга оширилади. Жаҳоннинг 76 давлатида кредит бюролари, 72 тасида кредит ахбороти давлат реестри ишламоқда, улардан аксариятида ҳар иккаласи, яъни кредит бюролари ва давлат кредит ахбороти реестри баравар фаолият кўрсатмоқда. Айримларида эса фақат биттаси, масалан, 40 та мамлакатда фақат кредит ахбороти давлат реестри, 44 тасида биргина хусусий кредит бюроси иш юритмоқда.
Кредит бюролари кредит ахборотини йиғиш, қайта ишлаш, сақлаш ва тақдим этиш билан шуғулланувчи юридик шахс бўлиб, қарздорлар тўғрисидаги ахборотни тўлов эвазига тақдим этади. Марказий банкнинг бундай фаолият билан шуғулланадиган махсус бўлинмаси “кредит ахбороти давлат реестри” деб юритилади. Кредит ахбороти алмашинуви тизимини ташкил этишга турли мамлакатларда турлича ёндашилган, баъзи давлатларда хорижий кредит ахбороти компанияларининг шўъба корхоналари тузилган.
Ўзбекистонда банк тизимининг барқарорлигини ошириш, банкларни қарздорлар тўғрисидаги ахборот билан таъминлаш орқали кредитнинг қайтмаслиги хавфини камайтириш, молия-кредит интизомини мустаҳкамлаш ҳамда мамлакатимизнинг ўз миллий кредит ахбороти алмашинуви тизимини барпо этиш учун Марказий банкда 2004 йили Кредит ахбороти миллий институти яратилди. Республикамизда кредит ахбороти алмашинуви тизими ва қарздорларнинг кредит ахбороти ягона реестри Марказий банкнинг ўз кучи билан ташкил этилди, дастурий таъминот, тегишли меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Эндиликда тижорат банкларига қарздорлар тўғрисидаги ахборот уларнинг сўровларига жавобан бепул тақдим этилмоқда.
Шундай қилиб, “Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши ва шу асосда мустаҳкам кредит ахбороти алмашинуви тизими яратилиши кредиторларни қарздорлар тўғрисидаги ахборот билан таъминлаб, уларнинг кредит таваккалчилиги хавфини камайтирса, тадбиркорлик доирасида ўз обрўси учун курашишга ундайди. Шу ўринда қонун билан Марказий банкда кредит ахбороти давлат реестри ташкил этилиши ҳақида гапирадиган бўлсак, у бир қатор афзалликларга эга. Хусусан, тижорат ва банк сирини сақлаш муаммолари ҳуқуқий жиҳатдан ҳал қилинади. Чунки кредит ахборотини олишга қарздорларнинг розилиги талаб қилинмайди. Қолаверса, Марказий банкда маълумотларнинг тўла, аниқ ва тўғри юборилишини назорат қилиш ваколатининг мавжудлиги ахборот сифатини оширади. Бу, ўз навбатида, банк назоратининг самарали олиб борилишига хизмат қилади. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, бундай тизим Ҳамдўстлик мамлакатларида ҳали тўлиқ йўлга қўйилмаган.
Республикамизда тадбиркорлик субъектларининг кредит олишларини тезлаштириш, кредит ташкилотларини қарздорлар тўғрисидаги ахборот билан таъминлаш орқали уларнинг кредит қайтмаслиги хатарини камайтириш, мамлакат рейтингини ошириш ҳамда ахборот алмашинуви тизимини янада такомиллаштириш мақсадида кредит ахбороти алмашинувини тартибга солувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб ҳукуматга тақдим этилди. Мазкур лойиҳани тайёрлашда Халқаро молия корпорацияси ходимлари билан яқин ҳамкорликда иш олиб борилиб, бу борадаги хорижий тажрибанинг ижобий томонлари ҳам ҳисобга олинди. Шуни таъкидлаш жоизки, жаҳоннинг 57 мамлакатида кредит ахбороти алмашинуви ҳамда шахсий ахборотни ҳимоя қилишни тартибга солувчи қонун мавжуд.
“Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида”ги қонун лойиҳасида кредит ахбороти алмашинуви тизимини ривожлантиришда ҳозирги натижалар, айни пайтда дунёдаги илғор тажрибаларни жорий этиш кўзда тутилмоқда. Жумладан, фуқароларнинг шахсий кодларини аниқлаш тартиби ишлаб чиқилган. Фуқароларнинг идентификацион рақамларини ва паспорт маълумотларини олишнинг йўлга қўйилиши қарз олган ҳамда кафиллик берган, гаровга мулк қўйган шахсларнинг паспорт маълумотлари тўғрилигини таққослаш имконини беради. Йўқотилган, ўғирланган ёки қалбаки паспортлар билан кредит олиш хавфини камайтиради.
Бундан ташқари, қонун лойиҳасида гаровга қўйилган мулклар ва уларнинг эгалари тўғрисидаги маълумотлар реестрини ташкил этиш лозим. Кадастр хизмати ва нотариал идоралардан гаровга қўйилган мулклар, уларнинг эгалари, гаров шартномалари, қўйилган тақиқлар тўғрисида қўшимча маълумотлар олиш амалиёти мулкнинг бир неча бор гаровга қўйилишини олдини олиш имкониятини яратади. Тўланмаган кредитор қарзи, жумладан, кредит ташкилотидан олган кредити, коммунал тўловлар бўйича қарзлари бўлган шахсларга мамлакатдан чиқиб кетишга рухсат этилмаслиги амалиёти ҳам кўпгина давлатларда қўлланилмоқда. Бу эса яширин иқтисодий фаолият, яъни маҳсулотларни сотиш ёки контрабанда товарларини олиб кириб сотиш каби ноқонуний ҳаракатларнинг олдини олишга шароит туғдиради.
Шу билан бирга, кредит ахбороти алмашинуви тизими иштирокчилари сафини кенгайтириш, жумладан, унга бошқа ташкилотларни жалб этиш масаласи ҳам қонун лойиҳасида қамраб олиниши лозим. Бу чоралар кредит ташкилотларига ўзларининг мижозлари тўғрисидаги ахборотларга эга бўлиш, хатарнинг олдини олиш имконини беради, кредит тизимининг халқаро рейтингини янада оширишга хизмат қилади, тадбиркорлик субъектларини қонуний ишлашга, ўз ишбилармонлик обрўси учун курашишга ундайди.
Хулоса ўрнида айтганда, “Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши соҳадаги ҳуқуқий муносабатларни янада такомиллаштириб, банк-молия тизимининг барқарор иш юритишига замин яратади.

Х. БОЗОРОВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati