O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

25.03.2011

Сенатда маъқулланган

 

Демократик қадрият ва тамойиллар устуворлигининг муҳим асоси

Олий Мажлис Сенатининг бешинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилган ҳамда маъқулланган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига)”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни жамият ҳаёти учун янги институт ва механизмларни жорий этишга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.

Шу ўринда Президентимиз Ислом Каримов томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрда бўлиб ўтган қўшма мажлисида эълон қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Негаки, мазкур стратегик ҳужжатда катта илмий, ғоявий таъсирга ва айни пайтда амалий аҳамиятга эга бўлган туб ўзгаришларни амалга ошириш дастури ва унинг назарий асослари илгари сурилди. Сенаторлар томонидан маъқулланган ушбу Қонун Юртбошимиз Концепциясини ҳаётга татбиқ этиш борасида амалга оширилаётган муҳим қадамлардан биридир.
Барчамизга маълумки, Концепцияда мамлакатни изчил тараққий эттириш ва жамиятни янгилаш учун чуқур сиёсий модернизация зарурлиги асослаб берилди. Сиёсий модернизация тушунчаси жамиятда юз бераётган узлуксиз ижтимоий ва иқтисодий тараққиёт жараёнини англатади. Яъни анъанавий жамиятларга аксарият ҳолда турғунлик, тарихан сингиб қолган удум ва одатларга таяниш хос бўлса, замонавийлашган, модернизациялашган жамиятлар, аксинча, доимий, тўхтовсиз ривож, янги мақсадларни ўз олдига қўйиш ва уларга эришиш йўлида турли усул ва воситалардан фойдаланиши билан ажралиб турадилар.
Модернизация, ўз маъно-мазмунига кўра, умумбашарий жараён бўлиб, муайян белгиларга, ўзига хосликларга эгадир. Биринчи навбатда, бундай жамиятда кучли фуқаролик маданияти, аҳолининг юксак сиёсий фаоллиги кўзга яққол ташланади. Модернизациялашган жамият доимий иқтисодий ўсиш, жадал ривожланиш ва инновацион қайта ишлаб чиқаришни таъминловчи, субъектив омилларга боғлиқ бўлмаган ички механизмларга эга. Мазкур механизмлар ичида энг муҳимларидан бири, бу ҳокимиятнинг уч тармоғи — ижро этувчи, қонун чиқарувчи ва суд ҳокимиятлари ўртасида бир-бирини тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатини сақлашнинг самарали тизимидир.
Бу борада мустақиллик йилларида мамлакатимизда салмоқли ишлар амалга оширилди ва энг муҳими, бундай ўзгаришлар ҳамда янгиланишлар изчил давом эттирилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар айнан шу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Жумладан, Олий Мажлис Сенатининг бешинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига)”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, давлатимиз тарихида илк бор парламентга Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотумини билдириш ҳуқуқи берилмоқда. Унда қайд этилганидек, Бош вазир ва Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ўртасида зиддиятлар доимий тус олган ҳолда, Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида учдан бир қисми томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти номига расман киритилган таклиф бўйича Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлиси муҳокамасига Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш ҳақидаги масала киритилади.
Барча ривожланган демократик давлатларнинг миллий қонунчилигида у ёки бу шаклда парламент томонидан ҳукуматга ишончсизлик вотумини билдириш механизми кўзда тутилган. Сенаторлар томонидан маъқулланган Қонун билан Конституциямизга киритилаётган тузатишларда бу борадаги энг тараққий этган давлатларнинг тажрибасини ўрганиш ҳам ўз аксини топган. Масалан, Германия, Франция, Япония, Испания ва бошқа қатор давлатларнинг конституцияларида “ҳукуматнинг парламент олдида жавобгарлиги ва парламентда ҳукуматни истеъфога чиқариш ваколати” мавжудлиги аниқ қайд этилган. Шундан келиб чиқиб, айтиш жоизки, ушбу Қонун ички ислоҳотлар ва умумэътироф этилган демократик тамойилларнинг чуқур таҳлили асосида ишлаб чиқилган бўлиб, унинг ғоялари умуминсоний тараққиёт тамойилларига тўлиқ мос келади.
Шу билан бир қаторда, Қонун, унда кўзда тутилган қоидалар айрим ривожланган давлатларда бу борадаги ўрнатилган меъёрлар ва тартибларга нисбатан демократик андозаларини татбиқ этиш нуқтаи назаридан ижобий жиҳатларга ҳам эга. Масалан, Буюк Британия, Германия, Франция, Испания, Польшада ҳукумат парламентнинг фақат қуйи палатаси олдида жавобгардир. Минтақаларнинг вакиллари бўлмиш юқори палата аъзоларида эса бундай ваколат мавжуд эмас. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 98-моддасига киритилаётган ўзгартишлар эса Вазирлар Маҳкамаси ўз фаолиятида мамлакат Президенти ва Олий Мажлиси олдида жавобгардир, Вазирлар Маҳкамаси янги сайланган Олий Мажлис олдида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилади, деган қоидаларга эга. Бу икки палатанинг ҳам тенг иштирокини таъминлайди.
Қолаверса, қатор мамлакатларда ишончсизлик вотуми механизми сунъий, ўта мураккабликларга эга. Дейлик, Германия Конституциясига биноан, ҳукуматга нисбатан ишончсизлик вотуми парламент томонидан фақатгина айни вақтда истеъфога чиқарилаётган ҳукумат ўрнини босувчи янги ҳукумат таркиби таклиф қилинган ҳолдагина кучга киради. Тушунарлики, бундай ҳолатда ишончсизлик вотумини амалга ошириш ниҳоятда мураккаблашади ва парламентнинг бу ҳуқуқдан фойдаланиш имкониятлари тораяди.
“Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига)”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида эса Ўзбекистонда парламент томонидан Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотумини билдиришнинг аниқ, лўнда, янада демократик механизми кўзда тутилган. Унга кўра, Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми овоз берган тақдирда қабул қилинган ҳисобланади. Бундай ҳолатда Президент Бош вазирни лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилади ва Вазирлар Маҳкамасининг бутун таркиби Бош вазир билан бирга истеъфога чиқади.
Шу билан бир қаторда, Конституциямизнинг айрим моддаларига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳокимият тармоқлари ўртасида бир-бирини тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатини сақлаш тизимининг янада демократик принципларини ифодалаб, мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқарувини ислоҳ этишнинг янги босқичини бошлаб беради.
Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган ва илгари сурилган Концепцияда белгилаб берилган қонунчилик ташаббусларини ҳаётга татбиқ этиш, аввало, мамлакатимизни замонавий ривожланган демократик давлатлар қаторига киритиш, Ўзбекистон миллий манфаатларини ҳамда иқтисодиётимизнинг барқарор ўсишини таъминлаш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга хизмат қилади.

С. САФОЕВ,
Олий Мажлис Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари
қўмитаси раиси

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati