O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Олий Мажлис Сенати

Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш — давр талаби

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида Конституциямизга киритилган тузатишлар бугунги кунда миллий парламентимизнинг давлат ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Зеро, ушбу ўзгаришлар талабидан келиб чиқиб, Сенат, хусусан, унинг қўмиталари томонидан олиб бориладиган назорат фаолиятини янада такомиллаштириш, бунда, энг аввало, таъсирчанлик ва самарадорликни оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кунда Сенат ва унинг қўмиталари ўз фаолиятида парламент назоратининг турли шаклларини изчил татбиқ этиб келаяпти. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан юборилган “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан ижро этилишини таъминлаш ҳақидаги парламент сўровига Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З. Рўзиевнинг жавоби дастлабки тарзда эшитилганлиги фикримиз тасдиғидир.

Қўмита мажлисида “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижро этилишини таъминлаш бўйича Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан муайян ишлар амалга оширилаётгани таъкидлаб ўтилди. Айни чоғда сув ресурслари ифлосланиши, булғаниши ва қуриб қолишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда потенциал экологик хавфли объектларни дарёларнинг ҳамда бошқа сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналаридан ташқарига чиқариш бўйича ҳам бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мажлисда Қонун ижросини таъминлаш мақсадида жойларда сув ресурсларидан самарали ва тежаб-тергаб фойдаланиш, шунингдек, сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш бўйича олиб борилаётган ишларни янада кучайтириш зарурлиги айтиб ўтилди. Хусусан, томчилатиб суғориш тизимини республиканинг барча ҳудудларида оммалаштириш, суғориладиган сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадга мувофиқлиги кўрсатиб ўтилди.

Муҳокама жараёнида вазирлик томонидан сув ресурсларини ифлосланиш ва қуриб қолишдан сақлаш, сув истеъмолчилари уюшмалари фаолиятини янада кучайтиришга доир тадбирларнинг самарадорлигини ошириш зарурлиги ҳам айтиб ўтилди.

Парламент сўровини эшитиш якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг қарори қабул қилинди.

Қобил ХИДИРОВ

"Халқ сўзи" газетаси, 30.11.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati