O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

қўшма мажлис        

Фидойилик ва ташаббускорлик — фаолият мезони

Олий Мажлис Сенатида парламент юқори палатасининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси ҳамда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастурини сўзсиз бажариш борасида маҳаллий ҳокимият органларининг роли ва масъуллигига оид қарорларининг ижросини ўрганиш якунлари муҳокама қилинди.

Қўшма мажлисда Сенат аъзолари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари тегишли доимий комиссияларининг раислари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари вакиллари қатнашдилар.

Дарҳақиқат, бугун умумдавлат ва ҳудудий дастурлар ижросини рўёбга чиқаришда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг аҳамияти ниҳоятда катта бўлиб, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг амалдаги қонунларда белгиланган ваколатлардан самарали фойдаланиши айни заруратдир. Зеро, давлатимиз раҳбари қайд этганидек, ижро этувчи ҳокимиятнинг қонунларни бажариш, минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг аниқ вазифаларини ҳал қилиш борасидаги иши устидан парламент, депутатлик назоратини амалга оширишда маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари — Кенгашлар фаолиятини кучайтириш зарур.

Мажлисда таъкидланганидек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда, мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотларнинг жойлардаги самарадорлигини таъминлашда фаол иштирок этмоқда.

Хусусан, ҳудудий вакиллик органлари Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастури бажарилишини таъминлашда депутатлик корпуси имкониятларидан самарали фойдаланиб келмоқда.

Ташкилотлар ва корхоналар мансабдор шахслари ҳамда раҳбарларининг Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастурида назарда тутилган вазифаларни бажариш масалалари юзасидан ҳисоботлари тингланмоқда, минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш муаммоларини ҳал қилиш юзасидан депутатлик назорати самарадорлигини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, иш ўринлари ташкил этиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш ва бошқа масалалар кўриб чиқилмоқда. Шунингдек, тармоқлар ҳамда минтақавий дастурларни рўёбга чиқариш бўйича депутатлик назоратининг ролини кучайтириш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

Мажлисда минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларини ҳар томонлама, чуқур муҳокама қилиш ва танқидий таҳлил этишни амалиётга жорий қилиш, ижро этувчи ҳокимият фаолияти устидан депутатлик назоратини кучайтириш, қонун ҳужжатлари, давлат дастурлари ва минтақавий дастурлар бажарилишини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

Муҳокама якунлари бўйича Сенатнинг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси ҳамда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг қўшма қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Матбуот хизмати.

O'zA, Xalq so'zi gazetasi, 29.12.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati