O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Senator maqolalari         

СОҒЛОМ РАҚОБАТ
бозор ислоҳотларининг муҳим талабидир

Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида таъкидланганидек, бозор муносабатларининг асоси бўлган рақобатни ривожлантиришда монополияга қарши қонун ҳужжатлари катта роль ўйнайди. Аммо амалдаги “Товар бозорларида монополистик фаолиятни чеклаш ва рақобат тўғрисида”ги Қонун бугунги кунда маънан эскирди ва замон талабларига жавоб бермай қолди. Шуни эътиборга олган ҳолда, Концепцияда “Рақобат тўғрисида”ги янги қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мустақиллик йилларида давлат томонидан самарали рақобат сиёсати амалга оширилиши натижасида товар ва хизматлар бозорларининг монополлашиш даражаси сезиларли равишда пасайди. Хусусан, сўнгги ўн йил мобайнида монопол корхоналар сони 75,2 фоизга, шу жумладан, 2004 — 2010 йилларнинг ўзида монопол товарларнинг мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажмидаги улуши 26 фоиздан 19,2 фоизга камайди. Бу эса рақобатни янада ривожлантиришга кенг имконият яратиб берилганлиги ҳамда товар ва хизматлар бозорларида устун мавқени эгаллаб турган корхоналар сони сезиларли даражада қисқарганлигидан далолатдир.

Ўз навбатида, республикамиз иқтисодиётида юз бераётган ижобий ўзгаришлар монополияга қарши қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Чунки 1996 йилда қабул қилинган “Товар бозорларида монополистик фаолиятни чеклаш ва рақобат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни молиявий хизматлар бозорларидаги рақобатни тартибга солиш масалаларини ўз ичига олмаган. Бу эса мазкур соҳада рақобатга қарши ва рақобатни чекловчи ҳаракатларга йўл қўймаслик юзасидан чораларни амалга оширишга имкон бермасди. Айнан шундай ҳолатлар савдоларни (тендерларни) тартибга солиш ва биржа савдолари соҳасида ҳам кузатилмоқда. Шу боис бу жараёнларда монополияга қарши органга тегишли ваколатларни бериш айни муддаодир.

Айни чоғда рақобатга оид қонун ҳужжатларида “бозор”, “бир-бирининг ўрнини босувчи товарлар”, “инсофсиз рақобат”, “камситувчи шартлар”, “нотўғри таққослаш”, “товарнинг монопол юқори нархи”, “товарнинг монопол паст нархи”, “шахслар гуруҳи”, “устун мавқе” каби асосий тушунчаларни бир-биридан аниқ ажратиш ва таърифлашга катта эҳтиёж бор эди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлисида муҳокама қилиши кутилаётган “Рақобат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ана шу жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилди.

Шу маънода, ушбу Қонун рақобат муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштиришда катта аҳамиятга эга. Қолаверса, мазкур Қонун соҳадаги давлат сиёсатининг ҳуқуқий асосларини аниқлаштириш, товар ва молия бозорларида монополистик фаолиятнинг олдини олиш ҳамда тўхтатиш бўйича ҳуқуқий воситаларни янгилашга йўналтирилган.

Қонуннинг асосий жиҳатларидан бири монополияга қарши тартибга солишнинг молиявий хизматлар бозорига нисбатан ҳам татбиқ этилиши ҳамда ушбу бозорлар субъектлари фаолиятини тартибга солиш мезонларини белгилашдир. Айни пайтда танлов (тендер) савдоларида монополияга қарши тартибга солишнинг самарадорлигини ошириш, савдо жараёнларида ошкоралик, очиқлик, соғлом рақобат шартларини таъминлаш мақсадида савдолар (тендерлар) ва биржа савдоларига оид монополияга қарши талабларни тартибга солиш белгиланмоқда.

Шунингдек, юқори ликвидли, жумладан, товар бозорида устун мавқега эга корхона томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг биржа савдолари ривожланиши билан монопол юқори нарх тавсифига ёндашув ҳам ўзгарди. Қонунда биржа савдолари натижасида вужудга келган нарх монопол юқори нарх ҳисобланмаслиги назарда тутилган.

Қонунда шахс ёки шахслар гуруҳининг устунлик даражасини ошишига олиб келувчи юридик шахс бўлган хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш, бирлаштириш, акцияларни, мулкий ҳуқуқларни сотиб олиш ва бошқа битимларни (ҳаракатларни) тартибга солиш белгиланган. Айни чоғда инвестициявий воситачилар сифатидаги қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари томонидан амалга ошириладиган акцияларни сотиб олиш бўйича битимлар тузилиши ҳамда акция ва улушларни ишончли бошқарувга топшириш юзасидан назоратни олиб бориш мақсадга мувофиқ эмас, деб топилди. Чунки мазкур бозор қатнашчилари рақобат ривожланишига таъсир кўрсатмайди.

Хулоса ўрнида айтганда, “Рақобат тўғрисида”ги Қонун соҳадаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг очиқ-ошкоралигини, самарадорлигини оширади, тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун тенг шарт-шароитларни, товарларнинг эркин айланишини, иқтисодий фаолиятнинг мустақиллигини таъминлаб беради. Зотан, бу рақобат ривожланишининг энг асосий жиҳатларидан биридир.

Қ. ЭРГАШЕВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 29.11.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati