O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Senator maqolalari

Концепция: устувор вазифалар тараққиёт мезони

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси барча соҳалар қатори оммавий ахборот воситалари фаолиятида ҳам ёрқин намоён бўлаяпти. Бугунги кунга келиб, оммавий ахборот воситалари юртимизнинг ривожланиш стратегиясини шакллантириш ва уни бевосита ҳаётга татбиқ этишнинг таъсирчан омилига айланди.

Давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш устувор вазифалардан бири сифатида белгилангани ҳам бунинг яққол тасдиғидир.

Юртбошимиз мамлакатимизда фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида шу даврга қадар амалга оширилган ишларни танқидий баҳолар экан, оммавий ахборот воситалари ва давлат ҳокимияти органлари ўртасидаги муносабатларнинг устувор жиҳатларини тўғри белгилаш, жумладан, оммавий ахборот воситалари фаолияти устидан назорат қилишнинг иқтисодий механизмларини, ахборот манбаларининг ёпиқлигини, шунингдек, таҳририятларга ҳокимият органлари ва маъмурий тузилмалар томонидан бўлаётган маълум даражадаги босимларни бартараф этиш билан боғлиқ муаммоли масалаларни ҳал қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратдилар. Зеро, ҳозирги кунда оммавий ахборот воситалари фаолиятида сезиларли даражада юксалиш кузатилмоқда. Бугун у юртимизда шаклланаётган ҳуқуқий фуқаролик жамиятининг мустақил тузилмасига айланиб улгурди.

Концепцияда таклиф этилган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши, ҳеч шубҳасиз, фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтиради, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари қарорларининг ижро сифати ҳамда самарадорлиги ошишини кафолатлайди.

Зеро, аҳолининг Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис, Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий ҳокимликлар томонидан қабул қилинаётган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар, шу ҳисобда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланишига дахлдор бўлган қарорлардан ўз вақтида хабардор бўлиши тўғрисидаги нормаларнинг акс этиши янги қонуннинг муҳим жиҳатларидандир. Бу, ўз навбатида, аҳолининг ҳуқуқий савияси юксалишига, жамият равнақига сабаб бўлади, ҳуқуқий-демократик давлат пойдеворини мустаҳкамлайди.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг ошкоралигини таъминлаш мақсадида ОАВ вакилларини аккредитация қилиш ҳамда давлат органларининг веб-сайтда ахборотни жойлаштириш тартиби, ахборотга қўйилган талаблар ҳақидаги қоидаларнинг қонун лойиҳасига киритилиши алоҳида аҳамиятга эгадир. Шунингдек, ахборотни тақдим этиш юзасидан мутасадди ташкилотларнинг мажбуриятлари ва ахборотдан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари аниқ белгиланиши ҳам соҳа ривожида муҳим ўрин тутади.

Ушбу қонуннинг қабул қилиниши ОАВ ходимлари ҳамда давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди, журналистларнинг ахборот олиши, тўплаши ва тарқатишига оид ҳуқуқий механизмларнинг такомиллашувига кўмаклашади. Фуқароларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида холис, тезкор ҳамда тўла-тўкис маълумотга эга бўлишини таъминлайди. Шунингдек, ахборот хизматлари ҳамда медиатузилмалари ишининг таъсирчанлигини оширади, фуқароларнинг давлат ва жамият қурилиши жараёнларидаги иштироки фаоллашуви, бу органлар фаолияти устидан жамоатчилик назорати учун барча зарур шароитларни яратиб беради. Қолаверса, ОАВ билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўртасидаги алоқаларнинг ҳар жиҳатдан мустаҳкамланиши медиамаконни тезкор ҳамда мукаммал ахборот билан тўлдириш имкониятларини янада кенгайтиради, ушбу маълумотдан барча матбуот воситаларининг эркин фойдалана олиш ҳуқуқини кафолатлайди.

Умуман, Концепциядаги қонунчилик ташаббусларини ҳаётга татбиқ этиш миллий ОАВнинг сифати ва таъсирчанлигини кучайтириш имконини беради. Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда аҳолининг фаол иштирокини таъминлаш орқали фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш ишига муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.

Хулоса ўрнида айтганда, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ҳамда ошкоралигини таъминлаш, аҳолини мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотлар натижаларидан мунтазам хабардор қилиб бориш ҳаётий эҳтиёждир. Концепцияда бу борада билдирилган қонунчилик ташаббуслари ҳамда уларни амалга ошириш бўйича бошланган кенг қамровли тадбирлар мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим кафолатидир.

Ғафуржон МУҲАМЕДОВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 29.10.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati