O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

29.04.2011

ФАОЛЛИК ВА ТАЖРИБА УЙFУНЛИГИ

Бухоро вилояти ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясининг халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг иш услубини ўрганишга бағишланган сайёр мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги Сенат комиссиясига ёрдам берувчи ишчи гуруҳлари ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ташкилий-назорат гуруҳлари раҳбарлари иштирок этдилар.
Мажлис қатнашчилари халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг ва унинг доимий комиссияларининг амалий тажрибаси ҳамда ишни режалаштириши билан ҳар томонлама танишдилар, шунингдек, таклиф этилганлар сифатида вилоят Кенгаши сессияси ишида қатнашдилар. Бундай тартиб, яъни таклиф этилганлар халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ва унинг доимий комиссияларининг иши халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг регламенти ҳамда доимий комиссиялар тўғрисидаги низомда кўзда тутилганлигини таъкидладилар.
Сессиялар кун тартибига киритиладиган масалалар бўйича қарор лойиҳаларини тайёрлаш ва масалаларни муҳокама қилиш услублари мажлис иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши томонидан сессияларга ҳар томонлама ва пухта тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, вилоят Кенгаши сессияларида қонунларнинг ижро этилишини таъминлаш, Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган, 2010 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, шунингдек, бошқа давлат ва ҳудудий дастурларни амалга ошириш сингари муҳим масалалар бўйича тегишли қарорлар муҳокама этилди ва қабул қилинди. Минтақани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ ҳамда бошқа ғоят муҳим ва долзарб масалалар доимий комиссиялар томонидан дастлабки тарзда ўрганилиб, Бухоро вилояти Кенгаши сессияси муҳокамасига киритилмоқда.
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиялари кун тартибига киритилган масалалар бўйича қарорлар лойиҳаларини тайёрлаш ва масалаларни муҳокама қилиш жараёнида депутатлар, сиёсий партияларнинг гуруҳлари фаол иштирок этаётганликлари, улар ўзларининг аниқ таклифлари, тавсияларини бераётганликлари, ўз нуқтаи назарлари ва фикрларини билдираётганликлари кўрсатиб ўтилди. Ўрганиш шуни кўрсатдики, ҳар ойда чақириладиган Кенгаш сессияларида депутатлар томонидан вилоят Кенгаши депутатларининг ҳисоботлари ҳам мунтазам муҳокама қилинади. Ҳар чоракда вилоятда барча даражадаги халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг қўшма мажлисларини ўтказиш амалиёти татбиқ қилинмоқда. Бундан ташқари, вилоят Кенгашининг ташаббуси билан мунтазам равишда қўшма мажлислар ташкил этилмоқда. Уларда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан биргаликда у ёки бу ҳудуднинг долзарб масалалари муҳокама қилинади ва ҳал этилади. Шундай амалиёт халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тегишли доимий комиссиялари фаолиятига ҳам жорий қилинган бўлиб, улар ўз мажлисларини, қоида тариқасида, ойда икки марта ўтказадилар.
Шуни қайд этиш лозимки, халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг аксарият депутатлари давлат ва ҳудудий дастурларнинг ўз сайлов округларида ижро этилиши устидан назоратни амалга оширишда фаол иштирок этмоқдалар, ўз электоратлари билан мунтазам равишда учрашувлар ўтказмоқдалар, қилинган ишлар тўғрисида ҳисобот бермоқдалар.
Вилоят Кенгаши фаолиятида депутатлар малакасини ошириш ва уларнинг иш тажрибасини бойитиш, шунингдек, фаолиятини кучайтириш масалаларига катта аҳамият берилмоқда. Чунончи, ҳар чоракда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари учун долзарб мавзулар бўйича ўқув машғулотлари ўтказилаётир. Депутатлар белгиланган намуна асосида ҳар ойда тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгашининг раисига ўз фаолиятлари тўғрисида ҳисобот тақдим этиб келишаяпти.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан маъқулланган қонунлар ва кўриб чиқилган масалаларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли кенг қатламларига етказиш мақсадида халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши томонидан турли даражаларда аниқ мақсадга йўналтирилган тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Жойларда депутатлар ва сенаторлар билан ўтказилган учрашувлар вақтида аҳоли томонидан билдирилган барча таклиф ва тавсиялар умумлаштирилиб ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига тақдим этилаяпти.
Сайёр мажлис иштирокчилари қонунлар, давлат ва ҳудудий дастурларнинг ижро этилиши устидан халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши томонидан депутатлик назоратини амалга ошириш, депутатлар корпусининг мунтазам ўқувини, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари билан биргаликда ишни ташкил этиш, долзарб масалаларни ҳал қилиш бўйича қўллаётган усулларини ҳам ўргандилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг Матбуот хизмати.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati