O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

29.03.2011

Ватан тараққиёти, эл фаровонлиги
Сенатда маъқулланган қонунлар ана шу эзгу мақсадга йўналтирилгандир

 

Пойтахтимизда мамлакатимиз парламенти юқори палатасининг бешинчи ялпи мажлиси ўзгача бир шукуҳ, қизғин муҳокама, жонли мулоқот тарзида ўтди. Зеро, ушбу анжуманда Ўзбекистонда давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришнинг янги босқичини бошлаб берадиган, давлат ва жамият ҳаётида парламентнинг, айниқса, сиёсий партияларнинг ролини, таъсирини кучайтиришга қаратилган долзарб масалалар муҳокама этилди, тегишли қонунлар маъқулланди.
Сенаторлар ана шундай муҳим ҳужжатлардан бири — “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига)”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ҳам маъқуллаб овоз беришди.
Ялпи мажлисда таъкидланганидек, мамлакатимизда истиқлол йилларида Юртбошимиз раҳнамолигида давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Ҳокимиятлар бўлиниши принципининг жорий этилиши, улар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали тизими шакллантирилгани, марказда қонун чиқарувчи ва жойларда вакиллик органларининг ваколатлари ҳамда назорат вазифалари кенгайтирилгани ана шулар жумласидандир. “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига)”ги Қонун бу борадаги ислоҳотлар изчиллигини таъминлашга йўналтирилганлиги билан муҳимдир.
Мухбиримиз билан суҳбатда бўлган айрим сенаторлар Конституцияга киритилаётган тузатишлар жамият ҳаётини янгилаш ва мамлакатни сиёсий жиҳатдан модернизация қилишда янги ўзгаришларга асос бўлишини алоҳида қайд этдилар.
С. ОРТИҚОВА, Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси:
— Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган мазкур Қонун мамлакатни модернизация қилишда парламентнинг роли ва масъуллигини оширишда янги даврни бошлаб бериши, шубҳасиз. Негаки, Конституцияга киритилаётган тузатишларга биноан, қонун чиқарувчи орган ваколатлари янада кенгайтирилмоқда. Хусусан, Конституциянинг 78-моддаси 15-бандига киритилаётган қўшимчага кўра, Қонунчилик палатаси ва Сенати биргаликда мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг долзарб масалалари юзасидан Бош вазирнинг ҳисоботларини эшитиш ва муҳокама қилиш ваколатларига эга бўлмоқда. Қонун чиқарувчи ва ижро ҳокимияти ўртасидаги муносабатларда янгилик бўлган ушбу қоида ҳукумат фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш механизмини аниқлаб беради.
Яъни парламент палаталари у ёки бу масалада ҳукумат раҳбари ҳисоботини ҳар қандай вақтда эшитиши мумкин. Бу Олий Мажлиснинг ижроия ҳокимиятга таъсирини янада оширади, ҳукумат фаолиятида шаффофликни таъминлашда қўл келади. Конституциямизнинг 93-моддасига киритилаётган қўшимчага биноан эса, Бош вазирга вилоятлар ҳокимлари ва Тошкент шаҳар ҳокимини тайинлаш учун Президентга тақдимнома киритиш ҳуқуқи берилаётир. Ҳокимлар ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ва маданий ривожлантиришга масъул экани, айни чоғда ҳукумат фаолияти учун Бош вазирнинг жавобгар бўлиши сабабли бундай қоида ҳам мантиқий, ҳам ҳуқуқий жиҳатдан тўғридир.
Қ. ЭРГАШЕВ, Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзоси:
— Бугун мамлакатимизда кўп партиявийлик, сиёсий плюрализмни мустаҳкамлашга, партияларнинг ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотлардаги аҳамиятини оширишга, фуқароларнинг сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти даражаси, мамлакат тақдири учун масъуллигини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу маънода айтганда, сенаторларимиз томонидан маъқулланган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига)”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бу борада янги бир сиёсий ўзгаришларни бошлаб беради. Зеро, унга кўра, Бош вазир номзодининг Ўзбекистон Республикаси Президентига Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партиялар томонидан таклиф этилиши белгилаб қўйилмоқда. Бу, табиийки, фуқаролик жамиятининг муҳим институтларидан бири бўлган ва аҳолининг маълум бир қатламлари манфаатларини илгари сурадиган сиёсий партиялар ролини, нуфузини оширишга ҳамда Қонунчилик палатаси ва ҳукумат ўртасидаги ўзаро мувозанатни таъминлашга шарт-шароит яратади.
Н. ТОFАЕВА, Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси:
— Президентимиз парламент палаталарининг ўтган йили 12 ноябрда бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” номли маърузасида ижтимоий-сиёсий ҳаётимизга мутлақо янги бўлган институтларни жорий этиш бўйича бир қатор қонунчилик ташаббусларини илгари сурган эди. Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ҳамда сенаторлар томонидан маъқулланган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига)”ги Қонунида мазкур ташаббуслар ўз рўёбини топди.
Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, Конституцияга киритилаётган тузатишларга мувофиқ, Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш институти татбиқ қилинаётир. Бу мамлакатимизда парламентаризм ривожини янги даражага кўтариб, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида бир-бирини тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатини таъминлаш принципининг амалдаги таъсирини кенгайтириш бўйича аниқ механизмларни яратади. Чунки парламент ишончсизлик вотуми билдириш орқали ҳукуматга нисбатан реал таъсирга эга бўлади. Айни пайтда вакиллик органи — Сенат аъзоларининг Бош вазир номзодини ёки Бош вазирга нисбатан билдирилган ишончсизлик вотумини кўриб чиқиш жараёнида ҳудудий манфаатлар нуқтаи назаридан баҳолаш имконияти ва масъулиятини оширади, албатта.

Қобил ХИДИРОВ ёзиб олди

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati