O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

29.03.2011

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи ялпи мажлиси тўғрисида
АХБОРОТ

 

2011 йил 26 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи ялпи мажлиси ўз ишини тамомлади.

Мажлиснинг иккинчи кунида «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилиб, маъқулланди. Сенаторлар томонидан ушбу Қонуннинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг йўл ҳаракати хавфсизлигини, аҳоли ҳаёти ва саломатлигини таъминлашга қаратилган нормаларини янада такомиллаштиришдан иборат эканлиги қайд этилди.

Қонунга мувофиқ, маст ҳолатда транспортни бошқариш, маст ҳолатдаги ҳайдовчиларнинг ёки транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқаришига йўл қўйиш, йўлларга шикаст етказиш, светофор сигналларига амал қилмаслик, авария ҳолатини келтириб чиқариш ёки қарама-қарши томондан ҳаракатланиш йўлига ўтиш ва бошқа ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чоралари анча кучайтирилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 80-моддасига мувофиқ, сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Р. Қодировнинг Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг 2010 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тингладилар. Ҳисоботни муҳокама қилиш асносида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати шуни қайд этдики, ҳисобот даврида прокуратура органлари томонидан қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси юзасидан муайян ишлар амалга оширилган.
Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ижросини назорат қилишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатларини ҳимоя қилишга, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг 2009 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақидаги Қарорини рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилган.
Прокуратура органлари олдига қўйилган вазифаларни ижро этиш юзасидан қонунларнинг бажарилиши бўйича 28363 та текширув ўтказилиб, уларнинг натижалари бўйича 350 мингдан ортиқ прокурор назорати ҳужжати қабул қилинган, 43247 нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари қайта тикланган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорлари билан тасдиқланган Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастурини, 2010 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини амалга ошириш, жойларда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва вазирликлар, давлат қўмиталари, идораларининг ҳудудий органлари томонидан тегишли соҳалардаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан тизимли назорат амалга оширилмоқда.
Тадбиркорлик субъектлари, деҳқон, фермер хўжаликларини ҳуқуқий ҳимоя қилишга ва уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашиш ҳолларига йўл қўймасликка, ердан фойдаланиш соҳасидаги тартиббузарликларга барҳам беришга алоҳида эътибор қаратилган.
Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар билан ҳамкорликда вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши ва бу соҳада қонунийликнинг мустаҳкамланиши устидан назорат олиб борилган. Мазкур йўналишда амалга оширилган тадбирлар вояга етмаганлар ўртасидаги жиноятчилик даражаси 2009 йилдагига қараганда 3,9 фоизга пасайишига ёрдам берган.
Ҳисоботни муҳокама қилиш якунида Олий Мажлис Сенати Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг мамлакатда қонунийликни таъминлаш борасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича тавсияларни ўз ичига олган тегишли қарорни қабул қилди.
Сенаторлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Н. Умаровнинг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2010 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини ҳам тингладилар. Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ўтган даврдаги иши якунларини кўриб чиқар эканлар, сенаторлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан тизимли назоратни таъминлаш, мамлакатда экологик вазиятни соғломлаштириш ҳамда экологик хавфсизликни таъминлаш юзасидан олиб борилган тадбирларнинг муҳимлигини кўрсатиб ўтдилар. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси органлари 2008 — 2012 йилларда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишлари дастуридан жой олган чора-тадбирларнинг бажарилишини назорат қилмоқдалар.
Вазирликлар, идоралар, ташкилотлар ва корхоналар томонидан мамлакатда экологик вазиятни яхшилаш борасида табиатни муҳофаза қилиш тадбирлари бажарилиши натижасида атмосферага чиқариб ташланаётган ифлослантирувчи моддалар 12,53 минг тоннага қисқарган, 21,6 мингта автотранспорт воситаси газ ёқилғисига ўтказилган, «Навоийазот» ОАЖ, «Фарғонаазот» ОАЖ ва «Максам-Чирчиқ» ОАЖ корхоналарида азот оксидини атмосферага чиқариб ташлашни камайтириш бўйича янги технологиялар ўрнатилган, Навоий ва Самарқанд вилоятларида кон ишларини олиб бориш натижасида бузилган 459,8 гектар экин ерлари фойдаланишга қайтарилган.
Ҳисоботни муҳокама этиш асносида мажлис иштирокчилари табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида фан-техника тараққиёти ютуқларининг имкониятларини янада ривожлантириш ҳамда улардан фойдаланиш, экологик тоза ва ресурсларни тежайдиган технологияларни амалиётга жорий этиш, бу соҳада қабул қилинган давлат дастурларини сўзсиз бажариш зарурлигини таъкидладилар.
Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р. Муҳитдиновнинг 2010 йилда давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва назорат тузилмалари томонидан қонунларнинг ижро этилиши ҳолати тўғрисидаги ахборотини тингладилар. Бунда улар қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсати юритилишини таъминлаш борасида вазирлик томонидан олиб борилаётган ишларнинг муҳимлигини алоҳида таъкидладилар. Вазирлик амалга оширган мониторинглар якунлари бўйича аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан давлат тузилмалари томонидан комплекс ва аниқ мақсадга қаратилган чора-тадбирлар кўрилган. Ҳуқуқ ижодкорлиги жараёнининг қонунчилик асосларини ва услубий таъминланишини такомиллаштиришга, юридик хизматлар ходимларининг касбий тайёргарлик даражасини оширишга ҳамда уларнинг давлат органлари фаолиятини ҳуқуқий таъминлашнинг сифати учун жавобгарлигини кучайтиришга қаратилган комплекс ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар рўёбга чиқарилган.
Замонавий коммуникация воситалари, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, ҳуқуқий ахборотни аҳолига етказиш учун қўшимча шароитлар яратиш чора-тадбирлари кўрилган. 2010 йил 1 январдан бошлаб интернет тармоғи воситасида Миллий қонунчилик маълумотлари базасидан барчанинг кенг фойдаланиши таъминланган.
Ҳисобот даврида вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари қабул қилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қонунийлигини таъминлаш борасида вазирлик томонидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилган. 2010 йилда қонун ҳужжатларининг талабларини бузган ҳолда қабул қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш, бекор қилиш ва ижродан чақириб олиш ҳақида вазирлик томонидан 40 та тақдимнома киритилган. 2008 — 2010 йиллар мобайнида қонун билан белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтмаган 70 дан ортиқ идоравий ҳужжат бекор қилинган.
Сенаторлар давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва назорат тузилмаларининг қонун талаблари сўзсиз бажарилишини таъминлаш борасидаги ишининг самарадорлигини янада оширишга эътиборни кучайтириш зарурлигини, қонун талабларини ижро этиш давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги ислоҳотларни изчил амалга оширишнинг ғоят муҳим шарти эканлигини кўрсатиб ўтдилар.
Сўнгра сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Конституциявий cуди ва Олий суди таркибига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатларига кирадиган бошқа масалаларни кўриб чиқдилар.
Сенатнинг икки кунлик ялпи мажлиси мобайнида 20 дан ортиқ масала, шу жумладан, 11 қонун кўриб чиқилди. Уларнинг амалга оширилиши давлат қурилиши ва бошқарувини демократлаштиришда, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва либераллаштириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва мамлакат ташқи сиёсий фаолиятини ривожлантиришда муҳим омил бўлади.
Шу билан Олий Мажлис Сенатининг бешинчи ялпи мажлиси ўз ишини тамомлади.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг Матбуот хизмати.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati