O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Senator maqolalari         

Қонун кучга кирди

Ер ости бойликларининг ҳуқуқий муҳофазаси

Хабарингиз бор, яқинда Президентимиз томонидан имзоланган “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 26 ва 27-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун матбуотда эълон қилиниб, кучга кирди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, сўнгги йилларда қаттиқ фойдали қазилма конларида ўтказилган тегишли назорат-таҳлил ва бошқа тадбирлар норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан оқилона фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш зарурлигини кўрсатди. Бу мақсадларда жорий йил давлатимиз раҳбарининг қарори билан Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиялар бериш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланганини айтиб ўтиш жоиз. Ушбу қарорнинг зарур даражада бажарилиши ва қонунчилик нормаларини ўзаро мувофиқлаштириш, шунингдек, норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан самарали ва оқилона фойдаланишни таъминлаш учун “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 26 ва 27-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ишлаб чиқилди.

Унга биноан, “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 26-моддасига қўшимча киритилиб, мазкур Қонуннинг 31-моддасида назарда тутилган ҳолларда, шунингдек, фойдали қазилмаларни кавлаб олиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда дарёларнинг ўзанларини, каналлар ва коллекторларни тозалашда лицензия олиш талаб қилинмаслиги белгилаб қўйилди. Маълумки, 31-моддада хўжалик, маиший ва шахсий эҳтиёжлар учун ер қаъридан фойдаланиш тартиби кўзда тутилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, дарёлар ўзанлари, каналлар ва коллекторларда тўпланиб қолган йиғиндилар доимий ҳажмга ва тўпланиш жойига эга эмас. Шу сабабли уларнинг фойдали қазилма сифатидаги захираларини ҳисоблаб чиқиш ва давлат тасарруфига олишнинг имкони йўқ. Шунинг учун ҳам уларни тозалаш учун лицензия бериш мақсадга мувофиқ эмас. Қолаверса, “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва бошқа қонун ҳужжатлари билан дарёларнинг ўзанлари сувни муҳофаза қилиш зоналари сифатида қабул қилинади. Шу боисдан у ерларда табиатни муҳофаза қилиш, сув хўжалиги ташкилотлари ва бошқа органлар рухсати бўйича фақатгина чекланган даражада фаолият юритишга йўл қўйилади.

Қонунга киритилган яна бир ўзгартишнинг аҳамияти шундаки, унга биноан, геологик жиҳатдан ўрганиш, тажриба-саноат йўсинида кавлаб олиш, норуда фойдали қазилмаларни кавлаб олиш, техноген минерал ҳосилалардан фойдаланиш учун норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш бўйича лицензиялар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиялар бериш бўйича комиссияси томонидан берилади.

Умуман, “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланишга оид лицензиялар ва экотизим мувозанатини сақлашга йўналтирилган фаолият турлари учун рухсатномалар беришнинг ҳуқуқий асосини яратади. Айни пайтда норуда фойдали қазилмаларни ноқонуний, нотўғри қазиб олишни бартараф этиш, ер ости бойликларидан фойдаланувчилар ўртасида рақобат муҳитини ривожлантириш имконини беради.

М. ЮЛДАШОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Сенатининг аъзоси.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси, 28.12.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati