O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

Парламент назорати        

Қонун ижроси муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мажлисида “Жамоат фондлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Сурхондарё вилоятидаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ижро этилишини ўрганиш натижалари кўриб чиқилди.

Мажлисда сенаторлар, Сурхондарё вилоятидаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, манфаатдор вазирликлар ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари, олимлар ва экспертлар қатнашди.

Мажлисда қайд этилганидек, нодавлат нотижорат ташкилотлари ролини янада кучайтириш фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашуви борасида қўйилган мақсадларнинг рўёбга чиқарилишини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Шу боис юртимизда мазкур ташкилотлар фаолиятини ташкилий-ҳуқуқий, моддий-техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича муайян ишлар олиб борилаётир. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда ушбу Фонд маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси тузилганлиги бу борада муҳим воқеа бўлди.

Ўрганишлар шуни кўрсатдики, ҳозирги вақтда Сурхондарё вилоятида 36 та жамоат фонди рўйхатдан ўтказилган бўлиб, улар соғлиқни сақлаш, хотин-қизларни, ёшлар, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, спортни ривожлантириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, халқимизнинг маънавий-маданий меросини асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этиш, шунингдек, жамият ҳаётининг бошқа устувор йўналишларида фаолият кўрсатмоқда.

Қўмита йиғилишида вилоятдаги фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини янада мустаҳкамлаш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Сенаторлар томонидан жамоат фондларини янада ривожлантиришга ҳамда улар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар ва тавсиялар берилиб, муҳокама якунлари бўйича қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Матбуот хизмати.

O'zA, Xalq so'zi gazetasi, 28.12.2011

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati