O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlis Senati

<< YANGILIKLAR |                                                       

28.04.2011

Парламент назорати

Фуқаролар муҳофазаси ва қонун ижроси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ҳамда халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг қўшма мажлисида “Қутқарув хизмати ва қутқарувчи мақоми тўғрисида”ги Қонуннинг Самарқанд вилоятидаги ижросини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Мажлисда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, мамлакатда тинчлик ва осойишталикни сақлаш учун зарур шароитларни яратиш Президентимиз Ислом Каримов томонидан олиб борилаётган инсонпарвар сиёсатнинг муҳим йўналиши эканлиги таъкидланди. Мамлакатда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида фавқулодда вазиятларда огоҳлантириш ва ҳаракат қилиш давлат тизими, шунингдек, қутқарув хизматлари ҳамда қутқарув тузилмалари ташкил этилган.
“Қутқарув хизмати ва қутқарувчи мақоми тўғрисида”ги, “Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Фуқаро муҳофазаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қутқарув хизматларини тузиш ва улар фаолиятини ташкил қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади, фавқулодда вазиятларни бартараф этишда қатнашаётган қутқарувчиларни ва бошқа фуқароларни, шунингдек, уларнинг оила аъзоларини ҳуқуқий ҳамда ижтимоий муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосларини белгилайди.
Фавқулодда вазиятларда самарали ҳаракат қила оладиган малакали мутахассислар тайёрлаш ҳамда яхши жиҳозланган қутқарув тузилмаларини ташкил этиш мақсадида замонавий авария-қутқарув асбоб-ускуналари, махсус транспорт ва техникалардан фойдаланган ҳолда ўқув машғулотлари ўтказилмоқда.
Мажлисда қайд этиб ўтилганидек, “Қутқарув хизмати ва қутқарувчи мақоми тўғрисида”ги Қонун ва уни амалга ошириш бўйича Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган тадбирлар режасини ижро этиш борасида Самарқанд вилоятида қутқарув хизматлари ҳамда қутқарув тузилмалари ташкил этилган ва самарали иш олиб бормоқда. Уларнинг фаолияти вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан мувофиқлаштирилмоқда. Идоравий-норматив ҳужжатлар асосида қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларининг шахсий таркибини тўлдириш, уларни касбий тайёргарликдан ва аттестациядан ўтказиш, шунингдек, қутқарувчиларни ижтимоий муҳофаза қилиш чоралари амалга оширилмоқда.
Самарқанд вилоятида профессионал асосда ишлаётган қутқарувчиларнинг умумий сони 439 нафарни ташкил этади. Бундан ташқари, вилоятнинг барча иқтисодиёт объектларида жамоатчилик асосида фаолият юритадиган қутқарув тузилмалари ташкил этилган.
2010 йилда вилоят қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари томонидан фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш бўйича амалий ишлар қилиниб, бунда 30 кишининг ҳаёти сақлаб қолинган. Қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари, шунингдек, вилоят аҳолиси шахсий таркибини тайёрлаш мақсадида иккита команда-штаб ташкил этилган ва 38 та махсус-тактик ўқув-машғулотлари ўтказилган.
Шу билан бирга, мажлис иштирокчилари муҳокама давомида “Қутқарув хизмати ва қутқарувчи мақоми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Самарқанд вилоятида ижро этилишида камчиликлар мавжудлигига ҳам эътиборни қаратдилар. Хусусан, туманларда ташкил этилган йиғма механизациялаштирилган тузилмаларнинг фаолияти замонавий талабларга жавоб бермайди, улар аҳоли ва шахсий таркибни муҳофаза қилиш, қутқарув ишларини олиб бориш учун зарур бўлган махсус асбоб-ускуналар, транспорт-техник воситалар билан тўлиқ таъминланмаган. Нуробод туманида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича режалар етарли даражада ишлаб чиқилмаган.
Мажлисда сўзга чиққан сенаторлар мазкур Қонун талабларининг Самарқанд вилоятида ижро этилишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, қутқарув хизматлари ва тузилмаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги билимларни тарғиб қилишни кучайтириш зарурлигини таъкидладилар.
Муҳокама якунлари бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг Матбуот хизмати.

ЎзА, Халқ сўзи газетаси

Copyright © 2005 O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati